Наманганда “Аёллар қаноти”га янги етакчи сайланди

28.08.2020 14:08:26

 

Кейинги йилларда Ўзбекистон “Адолат” СЛП Наманган вилоят Кенгашининг “Аёллар қаноти” аъзолари ўз фаолиятларини анча такомиллаштиришга эришдилар. Айни пайтда 462 та БПТга бирлашган 31 минг нафардан зиёд сафдошларимизнинг ярмидан кўпи хотин-қизлардан иборат. Улар партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни  бажаришда қатор яхши натижаларга эришдилар.

- Опа-сингилларимиз  ва дугоналаримиз орасида партиядошларимизга ибрат кўрсатаётганлар кўпчиликни ташкил этади, - дейди “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. - Бугунги кунда туманларнинг тўрттасида маҳаллий кенгашларига аёллар раҳбарлик қилиб келмоқдалар. Шуниси эътиборга лойиқки, улар етакчи бўлган Косонсой, Мингбулоқ, Тўрақўрғон ва Чортоқ туманларида ўтган йил охирида ўтказилган сайловларда катта муваффақиятларга эришилди ва халқ депутатлари  туман кенгашларида партиядошларимиздан иборат депутатлик гуруҳлари тузилди. Улар ҳозир давр талаби асосида ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар.

Сайловчилар юксак ишонч билдирган “Адолат” СДП вакиллари орасида ўз вазифасига ва бурчига сидқидилдан ёндошиб, кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлаётган депутатларимиз талайгина. Айниқса, янгиқўрғонлик Гулчеҳра Усмонова ва учқўрғонлик Феруза Абдуллаева олиб бораётган фаолият ҳаммага  маъқул тушмоқда. Ўтган даврда наманганлик “Аёллар қаноти” аъзолари “Адолат” СДП томонидан ўтказилган кўрик-танловларда ҳам фаол қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаганликлари диққатга сазовордир.

Албатта, эришилаётган ютуқлар қатори ҳали фойдаланилмаган имкониятлар оз эмас. Уларни ишга солиш орқали фаолият самарадорлигини янада ошириш мумкин. Бунинг учун пухта тузилган режа асосида  иш олиб бориш талаб этилади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилоти “Аёллар қаноти” кенгашининг куни кеча бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов конференциясида ана шулар ҳақида фикр юритилди. “Аёллар қаноти” кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Ёрқиной Ҳожиматова, “Адолат” СДП Тўрақўрғон, Чортоқ туман кенгашларининг раислари Заҳрохон Аҳмедова, Хабибахон Мирабдуллаева, халқ депутатлари Янгиқўрғон туман кенгаши депутати Гулчеҳра Усмонова ва бошқалар ҳисобот даврида амалга оширилган ишларга батафсил тўхталиб, истиқболдаги вазифаларни муваффақиятли бажариш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирдилар. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Конференция ташкилий  масалани ҳам кўриб чиқди. Вилоят партия ташкилоти “Аёллар қаноти” кенгашининг раиси этиб Гулчеҳра Нишонова сайланди.

Шу ўринда Г. Нишонова “Адолат” СДП Наманган шаҳар кенгашининг фаолларидан бири эканлигини қайд этиш лозим. У айни пайтда “Порлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси ҳисобланади. Мазкур МФЙда тузилган БПТга ҳам раҳбарлик қилади. Ушбу бошланғич ташкилот сафлари тобора кенгайиб бораётганлиги эътиборга молик. Бу ердаги сафдошларимиз партиямизнинг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Анжуманда Ўзбекистон “Адолат” СДП  “Аёллар қаноти” кенгашининг навбатдаги конференциясига  делегатлар сайланди.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+