Қалби  эзгуликка  лиммо-лим аёллар

17.01.2022 12:01:04

     Аёл дунё бешигини  тебратувчи, қалби эса эзгуликка лиммо-лим.

      Бу эзгу ҳис-туйғулар “Адолат” СДП вилоят Кенгаши  томонидан Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” маҳалласида бўлиб ўтган “Хотин қизларни  зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари” мавзуидаги тадбирда яна бир бор изҳор қилинди. Маҳалла хотин-қизлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Муҳаббат Шаропова  маъруза қилди. У муҳтарам Президентимизнинг “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган  тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси юзасидан тўпланганларга тушунча берди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари бошчилигида хотин-қизларни зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилиш, қонунчиликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиёт масалаларини ҳал қилишга хотин-қизларни кенг жалб этиш, уларнинг давлат ва жамиятни бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, хотин-қизларнинг кундалик  турмуши билан боғлиқ муаммоларини ҳал этиш, маънан ва жисмонан  соғлом ёш авлодни вояга етказишда алоҳида ўрин тутишга даъват этилган аёлларимиз тўғрисида ҳар томонлама ғамхўрликлар кўрсатилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

     -Мамлакатимизда адолатли жамиятни, ҳуқуқий, демократик, инсонпарвар давлатни барпо этишда, шунингдек, “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари ва ғояларини ҳаётга тадбиқ қилишда биз аёлларнинг ўрни беқиёс,-деди Аёллар Кенгаши раиси Азима Зайнуддинова.-Воҳамизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасидаги саъи ҳаракатлар туфайли ўз жонига қасд қилиш ва бир қатор жиноятлар камайди. Хотин-қизларга зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш ҳам қонун билан жазо муқаррарлиги белгилангани эвазига деярли учрамаяпти.

     Тадбирда сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориева, МФЙда яшовчи меҳнат фахрийси Муҳаббат Рустамова ва бошқалар она дуосини ололган, уни бошига кўтарган инсон баркамол эканлигини эътироф этдилар. Дарвоқе, хотин-қизлари латофатга талпиниб яшаган юрт гўзалдир. Аёллари уйғоқ, янги Ўзбекистон тамал тошини барпо этишга чанқоқ жамият ҳурликка ва озодликка муносибдир. Ҳаракатлар стратегиясидан  тараққиёт стратегияси сари дадил одимлаётган ватанимизда мунис опа-сингилларимизга нисбатан зўравонлик тазйиқлар ҳеч қачон бўлмайди. Тадбирда бундай хунук ҳолатнинг олдини олиш юзасидан келишиб олинди.

                                                                        Гулноза Раджабова,

                                                   “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси

                                                     ўринбосари

                                             

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+