Сафдошимиз  «Мўътабар аёл» нишони билан тақдирланди

11.03.2021 21:03:23

Маълумки, «Мўътабар аёл» кўкрак нишони  жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларни муносиб тақдирлаш мақсадида таъсис этилган.  Бу йил ана шундай мукофотга сазовор бўлганлар орасида тўрақўрғонлик шифокор Фароғатхон Абдуллаева ҳам бор. У айни пайтда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий поликлиникада врач-офтальмолог бўлиб ишлайди.

– Жамоамиздаги энг яхши шифокорлар ҳақида гап кетганда, Фароғат опанинг номи биринчилар қатори тилга олинади, - дейди тиббиёт бирлашмаси раҳбари Дилмурод Исмоилов. – Чунки у кўп йиллик иш тажрибасига эга. Шунга қарамай доимо изланишда, билимларини ошириш ҳақида қайғуради. Ҳар бир беморнинг дарддан фориғ бўлиши учун курашади. Фақат дори-дармон билангина эмас, балки ширин сўзи билан ҳам даволайди. Яъни руҳий жиҳатдан ҳам инсонга ёрдам беришга интиладики, пировард натижада бу касалликни енгиб ўтишда озмунча аҳамият касб этмайди.

Албатта, Фароғатхонни биринчи навбатда мукофот билан жамоадош шифокорлари қутлашди. Ҳамма жонкуяр врач, фаол жамоатчи, камтар инсон, соғлом турмуш тарғиботчисининг кўп йиллик меҳнатлари эътироф этилганидан мамнун эди. Табриклаш асносида эзгу тилаклар ҳам янгради.

Эътиборли жиҳати шундаки, “Мўътабар аёл” нишонининг соҳибаси бир неча йилдан бери “Адолат” СДП аъзоси ҳисобланади. Тиббиёт бирлашмасида тузилган БПТ ишида доим фаоллик кўрсатиб келади. Партиямизнинг ғоя ва дастурларини жамоа ўртасида тарғиб қилиш учун ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланади. Натижада бирлашмадаги сафдошларимиз сони тобора кўпайиб бормоқда. Мазкур БПТ тумандаги етакчи бошланғич ташкилотлардан бирига айланганида ҳам унинг муносиб ҳиссаси бор, албатта.

– Мен Фароғат опани аввалдан тажрибали шифокор сифатида яхши билардим, - дейди “Адолат” СДП Тўрақўрғон  туман кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова. – Кейинчалик эса партиядош сифатида ҳам унинг ажойиб қирраларини кашф этдим. Менга ёққани – у ишда қанчалик жонкуяр ва изланувчан, ўта масъулиятли бўлса, партиявий фаолиятда ҳам ана шу фазилатлар унга хос. Масалан, ўтган йили ҳаммамиз оғир шароитда меҳнат қилдик. Ҳатто пандемия пайтида ҳам тарғибот, маҳаллани ўрганиш, сиёсий ўқиш, партиявий лойиҳалар тўхтаб қолгани йўқ. Опа кенгашда тузилган ишчи гуруҳ аъзоси сифатида бирон марта ўзига топширилган вазифани рад этгани йўқ. Аксинча, уни қойилмақом қилиб бажариб қўйиб, фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ҳам бериб турди.

Дарвоқе, Ф. Абдуллаеванинг зиммасида бошқа жамоатчилик ишлари ҳам бисёр. У бир неча йилдан бери бирлашмадаги хотин-қизлар  қўмитаси раиси. Аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари яратиш, илғорларни рағбатлантириш каби масалаларни ҳал этиш учун  кўп куч-қувват ва вақт сарфлайди. Маънавий-маърифий ишлар бўйича туман тарғибот гуруҳининг раҳбари сифатидаги фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиш зарур.  У тез-тез корхона ва ташкилотларда, маҳаллаларда бўлиб туришни тақозо қилади. Бунинг устига оила ташвишлари дегандай... Лекин у ҳеч қачон иш кўпайиб кетганлигидан нолиганлигини эшитмайсиз.

Фароғатхон Абдуллаевани мукофот билан  табриклар эканмиз, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва инсон маънавиятини юксалтириш, партиямиз нуфузини юксалтириш йўлидаги эзгу ишларни давом эттиришда асло чарчамасликларини тилаймиз.

                                                                                     Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+