Тавсиянома ва ҳужжатларни қабул қилиш муддати адолат мезонлари асосида бўлаяпти(ми?)

25.05.2022 18:05:28

Бугун жамиятимизда аёллар нуфузини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг амалий натижасини кўрсатмоқда. Жумладан, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни олий маълумотли қилиш ёки бирор-бир касб-ҳунарга йўналтириш давлат сиёсати даражасидаги масалага айланган. Буни биз қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг ижросини оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари ёки ён-атрофимизда бўлаётган ўзгаришлар асносида гувоҳи бўлмоқдамиз.

Бугун юртимизда оила ва жамият ривожи учун хисса қўша оладиган олий маълумотли хотин-қизларимиз сонини кўпайтириш муҳим вазифага айланган.

 Президентимиз ташаббуси билан олий маълумотга эга бўлишни истаган аммо, ўқишга имконияти етмаётган хотин-қизларга имконият яратиб бериш мақсадида “Хотин қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 5 мартдаги ПҚ-5020 сон қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 3 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июнь куни имзоланган “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига ўзгартириш киритилиши натижасида  эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун қўшимча давлат гранти асосида ОТМларига қабул қилиш бўйича танловда иштирок этиб, тавсиянома бериш тизими йўлга қўйилганлиги барчани қувонтирди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан:

  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
  • турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
  • ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
  • икки ёки ундан ортиқ фарзандларини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандларига ҳамда ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тавсиянома бериш тизими йўлга қўйилди.

Аммо, бугунги кунда ушбу қарорни амалиётга жорий этиш жараёнида баъзи бир муаммоли ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Масалан, Вазирлар Маҳкамаси қарорида ҳужжат қабул қилиш муддати 30-майдан 8-июнгача этиб белгиланган. Бироқ, ўтган 2021 йилда олий ўқув юртига талаба бўлиш учун тавсиянома олиш истагида бўлган хотин-қизларимиз ўз хужжатларини AZIZ-AYOL.UZ веб-сайти орқали  юборишлари мумкинлиги 4 июнь куни эълон қилинди. Бу ҳолат бир қанча ноқулайликларни келтириб чиқарди.

Масалан, ўқиш истагида бўлган хотин-қизларимизни хужжат топширишлари учун атиги 4 кунлик муддат қолганлиги, эълон тўғрисида эса кўпчиликнинг бехабарлиги, баъзи олис қишлоқ ва овулларда истиқомат қилувчи хотин-қизларда онлайн хужжат топшириш бўйича муаммолар юзага келганлиги шулар жумласидандир.

Жорий йилдан бошлаб бундай муаммоли ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида, қарор ижросини таъминлашга масъуллар томонидан зарурий чора-тадбирларни олдиндан белгилаш ва амалга ошириш лозим деб ҳисоблайман.

 Аввало, тавсиянома олиш учун хужжат қабул қилиш вақтини 10-15 кун аввал оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилиш муҳимдир.

Бундан ташқари, қарорда кўрсатилган тавсияномага ҳужжат қабул қилиш муддати мактаб битирувчиларининг давлат имтихонлари топшириш даврига тўғри келганлиги сабабли ҳужжат топширмоқчи бўлган қизларимиз учун ноқулайликларни келтириб чиқариши табиий. Хужжатлар қабул қилиш муддати қайта кўриб чиқилса, хотин-қизларимизга берилаётган имкониятдан тўлақонли фойдаланишга замин бўлади.

Асосий мақсадимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарор ва фармонлар халқимизнинг манфаатларига адолатли тарзда хизмат қилишини таъминлашдан иборатдир.

 

Гулнисо САИДОВА,

Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини

ошириш бошқармаси бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+