Жамиятимиз ривожида хотин-қизларнинг ҳам ўз ўрни бўлади

07.03.2022 11:03:45

Аёлни баҳор фаслига ўҳшатамиз. Бу бежиз эмас. Кўклам ўз таровати билан табиатни яшнатса, аёл латофати, меҳр-муҳаббати, садоқати билан ҳаётга зеб беради. Шу боис, аёлга эҳтиром кўрсатиш, опа-сингилларимизни улуғлаш ва эъзозлаш эзгу қадрият саналади. Бугунги кунда бундай эзгу анъаналарни нафақат давом эттириш, балки янгича маъно-мазмун билан билан бойитишга улкан эътибор қаратилаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида бу борада амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, ечимини кутаётган масалалар бўйича аниқ кўрсатмалар берилгани биз, аёлларни беҳад қувонтирди.

Йиғилишда сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорларда, қолаверса Тараққиёт стратегиясида уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганига алоҳида урғу берилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади” деган гапини эшитиб, юртимизнинг барча оналари сингари фахрландим. Ўзбекистондек аёлини эъзозлаган юртда яшаётганимдан, меҳнат қилаётганимдан ғурурландим.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз салоҳият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида яқин ўтмишда ҳатто тасаввуримизга сиғдиролмаган кўлам ва даражадаги ишлар амалга оширилмоқда.

Бир неча йиллар аввал, аниқроғи 5-6 йил илгари Қорақалпоғистонда ижро тизимида масъул лавозимда, хусусан айнан хотин-қизлар қўмитасида меҳнат қилган инсон сифатида яхши эслайман: оилавий шароити оғир бўлгани учун қўлида на ҳунари, на дипломи бўлган, турмуш ташвишларига кўмилиб, яшашга уй-жойи ҳам бўлмаган ишсиз хотин-қизлар қабулимизга ёрдам сўраб келарди. Уларнинг айримларига касб-ҳунар ўрганиш бўйича тавсиялар берсак, яна бошқаларига бўш иш ўринларидан иш топишга ҳаракат қилардик. Лекин ҳар қанча истасак ҳам, уларни кредит ёки субсидиялар ажратиш орқали уй-жой билан таъминланишига эриша олмасдик. Бунинг учун маблағ топишнинг иложи бўлмаган. Ҳеч бўлмаса, бир йилда бир нафар аёлга ёрдам бера олмаганимиздан ўзимизни койирдик, кўнглимиз ранжирди. Аммо қўлимиздан ҳеч нарса келмасди.

Буни қарангки, орадан бир неча йил ўтиб Президентимизнинг сиёсий иродаси билан ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш ҳамда хотин-қизлар ўртасида бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиладиган бўлди.

Натижада, бир йилнинг ўзида аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 200 мингдан зиёд лойиҳаларга 2 триллион сўм кредит ва субсидиялар ажратилди. 4 мингдан зиёд хотин-қизларга уй-жой тўловининг бошланғич бадалига маблағ йўналтирилди. Эътиборлиси, 2022 йилда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга cафарбар этилиб, уй-жойга муҳтож 14 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара тўловлари учун 500 минг сўмгача компенсация берилади.

Буюк давлат арбоби Индира Ганди ўз вақтида “Биз қизни ўқитсангиз, бутун миллатни, бутун жамиятни, бутун оилани ўқитган бўлар эдингиз” деганида қанчалик ҳақ эди. Орамизда ўқимишли, зиёли, фаҳм-фаросатли, зукко қизларимиз қанчалик кўп бўлса, келажакда улар вояга етказадиган зурриётлар ҳам билимли, кенг дунёқарашга эга ва юксак салоҳиятли шахс бўлиб етишади. Шу боис ўтган йили олий таълим олиш ниятида бўлган қизларга енгилликлар яратилиб, 2 минг нафар қиз алоҳида грант асосида олий таълимга қабул қилингани, олий ўқув юртларига кирган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этганидан қувонмасликнинг иложи йўқ.

Шу билан бирга, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш борасида олдимизда қиладиган ишларимиз кўплиги ҳам айни ҳақиқат.

Кейинги вақтларда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда айрим оилаларда ҳам руҳан, ҳам жисмонан жабрланаётган ёки янги туғилган чақалоғини кўча-кўйга ташлаб кетаётган хотин-қизлар ҳақидаги хабарлар қулоғимизга тез-тез чалиниб қолаяпти. Ёки турмушда учраб турадиган тўсиқлар, муаммоларни бартараф қилишга ўзида куч, ирода топа олмаганидан оила аталмиш муқаддас қўрғонни мустаҳкамлай олмаётган, осонликча ажрашишга шошилаётганлар, боласини йиртқич ҳайвонга ташлаётганлар ҳам бизга бегона эмас, ўзимизнинг опа-сингилларимиз.

Бундай нохуш ҳолатлар, қолаверса оила, хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш заруратини юзага келтирди. Шу боис, ҳам жорий йилнинг 1 март куни “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонига биноан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилгани бу борадаги ишларни сифат ва сон жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишини эътироф этиш жоиз.

Янги ташкил этилган қўмита раиси айни пайтда Бош вазир ўринбосари ва Сенат аъзоси сифатида фаолият юритади. Қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар бошқармалари раҳбарлари эса, ҳоким ўринбосари ҳисобланади.

Республикада айни пайтдаги 9 309 та маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинади. Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ҳам ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари қандай конкурс билан танланган бўлса, шундай очиқ конкурс асосида, тажрибали, обрў-эътиборли, тадбиркор аёллар орасидан лавозимга қўйилади.

Кези келганда айтиш керак, йиғилишда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Дастурий ғояларида ҳамиша устувор аҳамият қаратилган масала бўйича ҳам вазифалар илгари сурилди. Яъни, Президент томонидан яқин истиқболда давлат бошқарувида аёллар фаоллигини ошириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди. Ушбу дастур асосида давлат идораларида ишлаётган раҳбар аёллар улуши белгиланади, ҳар бир вазирлик, давлат компанияси, банк ва бошқа идоралар бир-икки йил ичида ўз тизимидаги аёлларни раҳбарликка ўқитиб, камида 1 нафар ўринбосарини ҳам аёллардан тайинланади.

Кези келганда айтиш керак, бугунги кунда парламент қуйи палатаси депутатларининг таркибида аёл депутатлар сони 48 нафарни ташкил этади. Парламентда доимий асосда Оила ва аёллар муаммолари комиссияси фаолият юритади.

2021 йилда комиссия томонидан аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш, соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги дастурларни ҳаётга изчил татбиқ этиш каби йўналишларда изчил ишлар олиб борилди.

Ўтган йили Комиссия аъзолари ҳудудларга чиққан ҳолда фуқаролар билан турли учрашувлар ўтказиб, мазкур жараёнда хотин-қизларни қийнаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ҳамда уларнинг ечими юзасидан зарур чораларни кўришга алоҳида эътибор қаратишди. Хусусан, комиссия аъзолари томонидан ҳудудларда жами 6 марта назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Бу тадбирлар доирасида 432 та учрашув ўтказилиб, 843 та оиланинг яшаш шароити яқиндан ўрганилди. Мазкур ўрганишлар ҳамда юзма-юз мулоқотлар чоғида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида жойлардаги мутасадди ташкилотлар билан биргаликда тегишли чоралар кўрилди.

Комиссия томонидан 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда болалар ва аёлларга нисбатан зўравонликнинг барча турларини тугатиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг ахборотлари эшитилди.

Булардан ташқари, ҳисобот даврида мазкур комиссия парламентнинг қонун ижодкорлиги жараёнида ҳам фаол иштирок этди.

Масалан, 2021 йилда комиссия аъзолари Қонунчилик палатасида кенг муҳокама этилган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари”ги, “Таълим тўғрисидаги”ги, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳалари бўйича муҳокамаларда фаол иштирок этдилар ва уларни маромига етказиш ишларида асосли таклифлар билан қатнашдилар.

Муҳими, бундан кейин комиссия Оила ва ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Ҳамкорликда гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтириш борасида тизимли таклифлар ишлаб чиқиш, мазкур йўналишдаги халқаро ташкилотлар билан ўзаро яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу борадаги хорижий тажрибани чуқур ўрганиш борасидаги ишлар доимий равишда олиб борилади.

        

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон“Адолат” СДП раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+