БПТ ҳудуддаги муаммоларни ҳал қилмоқда

14.09.2020 16:09:42

Партия дастурий мақсадлари ижроси учун курашувчи, электорат манфаатларига фидойилик билан хизмат қилувчи қуйи бўғин — БПТларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга эришиш сиёсий куч фаолиятида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши таркибида партиявий ишларда ибрат кўрсатаётган бошланғич партия ташкилотларининг борлиги шаҳар ва туманларда партиямизга бўлган ишончни янада оширмоқда.

Самарқанд шаҳридаги “Қуйи Хўжа Саҳат” маҳалла фуқаролари йиғини қошидаги Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг бошланғич партия ташкилоти ана шундай фаол тузилмалардан бири саналади. Депутат Ахмаджон Маматов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу қуйи бўғин вакилллари ҳар бир ишда ташаббускор, “Бошланғич партия ташкилотининг вазифаси шу ҳудудда мавжуд муаммолар ҳал этилишига ўз ҳиссасини қўшиш” деган фикрни ўзларига шиор қилиб олган. Бу фикр уларнинг амалий ишларида ҳам акс этмоқда.

Ҳудудда кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, маҳаллаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш масалалари БПТ аъзоларининг диққат марказида. Партиянинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида бошланғич ташкилот фаолларининг ташаббуси билан доимий равишда тиббий кўриклар ташкил этиш йўлга қўйилган. Бундан ташқари БПТ қошидаги “Адолат” қабулхонаси ташкил этилган бўлиб, ҳар бир мурожаат эътиборда. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлганлар, иш излаб юрганлар, соғлигини тиклаб олиш мақсадида ёки бошқа ижтимоий соҳаларда қилинган мурожаатларнинг барчасига ижобий ечим топиш йўлида депутат билан ҳамкорликда иш олиб боради.

Хусусан, фуқароларнинг ижтимоий масалаларга доир мурожаати БПТ ёрдамида мутасадди ташкилотлар ва мансабдор шахслар, партия депутатига етказилди. Депутат Аҳмаджон Маматовнинг бу йўлдаги ҳокимият органларига қилган мурожаатлари қаноатлантирилиб, пандемия даврига қарамасдан, ҳукуматимиз раҳбарияти ва вилоят ҳокимлигининг ғамхўрликлари билан мактаб қурилиши учун пул маблағлари ажратилиб, Самарқанд шаҳар 71-мактабда жами 770 ўринли мактабни барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, партия тизимида “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни маҳаллаларда ўтказилаётган “Муаммо билан юзма-юз” кунлари БПТ ишида ҳам яхши самара бермоқда. Хусусан, “Қуйи Хўжа Саҳат” маҳалласида яшовчи Шаҳло Каримова ва Дилрабо Ғаниеваларга  тикувчилик фаолиятини йўлга қўйишлари учун тикув машиналари билан таъминланишида БПТ аъзоларининг ҳиссаси бор.

-Ушбу пандемия даври бизни янада жипслаштирди. Биргаликда ҳаракат қилишга ундади. Маҳаллада кимдир моддий ёрдамга муҳтожми, кимгадир кўмак керакми барча бир ёқадан бош чиқариб, кўмак қўлини узатиш одатга айланди – дейди БПТ раиси, тадбиркор Рустам Якубов. – Сафимиздаги кўнгиллилар 40 га яқин оилани пандемия даврида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишига ҳисса қўшишди. Зуҳра Ғуломмирзаева каби фаол сафдошларимиз ташаббуси билан маҳалла қошида тикув тўгараги ташкил этилиб, устоз шогирд анъанасига кўра 6 та қизнинг бандлигини таъминлашга эришдик.

Албатта, халқимизда “Бирлашган ўзар” деган ибратли мақол бежиз айтилмаган. Аниқ ва эзгу мақсадлари сари дадил қадам ташлаётган ушбу бошланғич партия ташкилоти сиёсий кучнинг муҳим тузилмаси сифатида электорат ишончига сазовор бўлишга астойдил интилаётганлиги албатта қувонарли. Бу эса уларнинг фаолиятда ўз самарасини беришига амин бўлдик.

 

Зилола ДУСАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд шаҳар кенгаши раиси

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+