Ёшлар Навоийни ёд этганда

10.02.2021 10:02:07

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тойлоқ туман Кенгаши ва Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратларининг 580 йиллик таваллуд топган кунига бағишлаб тумандаги мактабгача таълим ташкилоти болажонлари ўртасида “Адолатнинг жажжи ғазалхони” ва “Адолатнинг ёш мақомчиси” танлови ўтказилди.

Ёш авлодда улуғ аждодларимизнинг бой тарихи ҳақида тушунча уйғотиш, уларга муносиб ворис бўлиши учун буюк мутафаккурларимизнинг ҳаёт йўли билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган ушбу танловда тумандаги 42 та мактабгача таълим ташкилотларидан 100 дан ортиқ болажонлар иштирок этишди.

Жажжи болажонлар саҳна кўринишлари, ғазал ва рубоийларни ёддан ўқиб беришлари орқали ўз маҳоратларини намоён этдилар. Партиянинг Тайлоқ туман Кенгаши раиси Нилуфар Акрамова сўзга чиқиб улуғ мутафаккир А.Навоийнинг илмга бўлган иштиёқи эрта уйғониб, 4 ёшида мактабда таълим ола бошлагани, 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут-тайр” асари, буюк муҳаддисимиз Бухорий ҳазратларининг олти мингдан зиёд ҳадиси шарифларини ёд билгани хусусида сўз юритар экан. шу тадбир иштирокчилари ичида қанчадан-қанча Алишер Навоий, Амир Темур, Увайси ва Нодирабегимлар борлигини, уларни келажакда буюк ишлар кутаётганини таъкидлади.

Тадбирда иштирок этган Самарқанд давлат университетининг профессор ўқитувчилари, тарбиячилар, ҳамкор ташкилотлар ва ота-оналар жажжи болажонларнинг ҳар бир чиқишини ҳаяжон ва завқ билан кузатишди. Танловда энг яхши натижага эришган болажонларга партия туман Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, “Нон иси” ривояти асосида саҳналаштирилган бадиий чиқишлари барчанинг олқишига сазавор бўлди.


 

Жамшид Норбобоев,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят

Кенгаши ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+