“Аёллар дафтари”дагиларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган

01.02.2022 17:02:28

 Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг сайлов округларида сайловчилар билан ўтказилилиши режалаштирилган учрашувига биноан Тошкент шаҳри ҳудудидан сайланган ОМҚП депутати Елена Михайловна Борисова Яккасарой туман “Абдулла Қаххор” МФЙ даги муаммоли ҳолатларни ўрганди.

Аниқланишича, 10 қаватга мўлжаллаб барпо этилаётган “Royal towers” кўп қаватли уй мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ишлари шовқин-суронлиги билан тинч аҳолига ҳалал бермоқда экан. Депутатга ушбу масалани келишув йўли билан ҳал қилиб беришда амалий ёрдам сўралди. Депутат масалани ўрганган ҳолда ечим топишга ҳаракат қилишини маълум қилди.

Шунингдек, депутатга маҳаллада олиб борилаётган ишларнинг хисоботи тақдим этилди. Унга кўра, шу маҳаллада истиқомат қилувчи П-гуруҳ ногирони (эшитмайди, сўзлашолмайди) бўлган ва ҳали вояга етмаган фарзанди бор ёлғиз она яшайди. Унга моддий ёрдам кўрсатиш зарурлиги айтилди. Шунингдек, шу маҳаллада яшовчи Ибрагимова Айше, Хуснитдинова Камилалар ҳам ёлғиз она бўлиб яшаб келаётганлиги, моддий ёрдамга эхтиёжи мавжудлигини баён этишди. Эътиборли жиҳати, маҳаллада бу каби аёллар сони жуда кўплиги ва шу кунга қадар эътиборсиз қолдирилиб келинаётганлиги маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан имзоланган 05.03.2021й. даги ПҚ-5020-сонли, “Хотин-қизларнинг ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, уларга давлат томонидан манзилли тарзда кўмаклашиш тизимини жорий қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан, “Аёллар дафтарига” киритилган Яккасарой тумани “А.Қаҳҳор” МФЙ ҳудудида яшовчи хотин-қизларга 2020-2021 йиллар давомида ҳеч қандай ижтимоий-иқтисодий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмаганлиги ойдинлашди. Депутат бу бўйича барча масалаларни ўз назоратига оладиган бўлди.

 

Афзал РАҲИМОВ,

ОМҚП депутати ёрдамчиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+