Депутатлар халқ ишончини оқлай олаяптими?  

25.11.2021 11:11:27

 

Депутат бу халқ вакили, халқ номидан, халқ манфаати учун фаолият юритади. Депутатлик мансаб ёки лавозим эмас, балки халқнинг ишончидир. Хўш бугун “Адолат” СДПдан Самарқанд вилоятига сайланган депутатлар халқнинг ишончини қай даражада оқлашмоқда? Бугун шу саволга жавоб излаб халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган депутатлар фаолиятига назар ташладик.

Депутат ҳамма вақт халқнинг бугуни ва эртасини ўйлаши, фидойилар сафининг олдинги қаторида бориши зарурлигини Тозагул Холиқова яхши англайди, 2014-2019 йилларда ҳам шундай фаоллиги сабабли вилоят депутатлигига сайланган эди. Т.Холиқова сайловчиларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал этиш мақсадида мутасадди идораларга қонун талаби доирасида депутатлик сўрови чиқариш, ўз сайлов округидаги учрашувлар ўтказиш билангина чекланиб қолмай, бошқа имкониятлардан ҳам фойдаланган тарзда жамоатчилик орасига кириб бораётгани ва бунинг натижасида фуқароларнинг ишончи янада ортаётгани қувонарли ҳол.

Хусусан, депутат ташаббуси билан Иштихон туманида тиббиёт бирлашмаси ва халқ таълими бўлими билан ҳамкорликдаги умумтаълим мактабларида “Ёшлар саломатлиги-партия нигоҳида” шиори остида ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишдан кўзланган асосий мақсад ўқувчилар ўртасида учрайдиган сколиоз, яссиоёқлилик ҳамда стомотологик касалликларни аниқлаш, олдини олиш ва ташкил қилинган “Тиббиёт хоналари” ҳолатлари билан яқиндан танишишдан иборат. Халқимизда бежизга “Касалликни даволашдан кўра олдини олган афзал” деб айтилмайди. Ўрганишлар жараёнида тиббиёт ходимлари, умумтаълим мактаблари, МТМлар ва маҳаллала фуқаролар йиғинлари ҳамкорлигида аҳоли ўртасида ушбу касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари ва даволаш усуллари ҳақида кенг тарғибот ишларини кўпроқ олиб бориш зарурлигига ишонч ҳосил қилган депутат Тозагул Холиқова ўрганиш жараёнида учраган камчиликлар бўйича мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди. Бундан ташқари ўқувчилар билан соғлом турмуш тарзи, саломатликни асраш юзасидан қисқа семинар-тренинглар ҳам ташкил этди.

Шунингдек, партиямизнинг “Бир адолатчи - юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида туман кенгаши ҳамкорлигида Жомбой тумандаги  кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар”да рўйхатга киритилган хотин-қизлар орасидан тиббий ёрдамга муҳтожлари белгилаб олиниб, ўрганишлар ўтказилмоқда. Ушбу рўйхатга киритилган хотин-қизлар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга саломатлигини асраш, соғлом турмуш тарзи ҳақида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бориш йўлга қўйилган.

Навбатдаги шундай ўрганиш жараёнига туман ҳокими Қ.Собиров ҳамда сектор раҳбарлари ҳам таклиф этилди. “Сарой”, “Деҳқонобод”, “Қўнғирот”, “Қанғли” маҳалларидаги хотин-қизлар ҳолидан хабар олинди. Ўрганиш билан бир қаторда фуқароларнинг мурожаати тингланиб, амалий ёрдам кўрсатилаётгани эса партия ҳамда депутат фаолиятининг натижадорлигини оширмоқда. Хусусан, биринчи гуруҳ ногирони 15 ёшли Г.Ҳасанова ҳам тиббий текширувлардан ўтказилиб, зарур бўлган нервопотолог хизматни олганидан оила аъзолари хурсанд. Иккинчи гуруҳ ногирони Барчиной Мардонова эса мурожаати дарров ечим топганидан мамнун.

Бундан ташқари, биринчи гуруҳ ногирони Жуман Қаҳрамоновга ногиронлик аравачаси, Муножаат Абдуазимовага ногиронлик нафақасига чиқиш учун амалий ёрдам, М.Гулямовани оғир формадаги миопия хасталигини даволашда, кийим-кечак, озиқ овқат маҳсулотлари билан таъминлашда ўзининг ёрдамини аямади. Шунингдек, қаерда кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ёки ота-она қарамоғисиз қолган етим ҳақида хабар топса бирор яхшилик қилишга, озгина бўлсада уксик дилини кўтаришга ҳаракат қиладиган фидойилардан.

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши 9-Ватанпарвар сайлов округидан сайланган депутат Илҳом Тухтасиновга фуқаролар қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ва ҳал этилмай келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам сўраб тез-тез мурожаат қиладилар. Биргина 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида депутат томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида, давлат органлари, муассасалар ва жамоат ташкилотларига 30 дан ортиқ депутатлик сўровномалари юборилган.

Илҳом Тухтасинов сайлов округи ҳудудидаги “Янги ҳаёт”, “Бекхо”, “Дукчиён”, “Ташаббускорлар” (Кўл), “Қуйи Хўжа соат”, “Навбоғчиён”, “Ўрта Хўжа соат”, “Юқори Хўжа соат”, “Бирдамлик”, “Боғи Мирзо”, “Боғи Сафед”, “Қавола”, “Мўлиён”, “Мўлиён поён”, “Ватанпарвар”, “Дўстлик”, “Ҳазора”, “Ҳунармандлар” каби 18 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳар ойда бир маротаба учрашувлар ташкил этиб, маҳалла фаоллари мурожатлари асосида ҳудудларидаги муаммо ва камчиликлар ўрганиб, мутасаддилар эътиборини қаратган ҳолда ижобий ечим топишга ҳисса қўшиб келмоқда.

Жумладан, “Навбоғчиён” МФЙда яшовчи фуқаро Зайниева Зарифа фарзандини МТТга жойлаштириш масаласида амалий ёрдам сўраб депутатга мурожаат қилган. Натижада Самарқанд вилоят Кенгаши 9-Ватанпарвар сайлов округи депутати Тухтасинов Илҳомжон Мадаминовичнинг саъйи ҳаракатлари билан фуқаронинг фарзанди МТТга жойлаштирилди.

“Кўл” МФЙ фуқароларининг пиёдалар йўлакчаси қуриш масаласида қилган мурожаатлари асосида депутат бир неча давлат ҳокимияти органларига сўровномалар билан мурожаат қилиши натижасида ушбу муаммо ҳам ижобий ҳал этилган. “Навбоғчиён” МФЙдаги 73 умумтаълим мактаби депутат саъйи ҳаракати билан капитал таъмирлаш дастурига киритилган.

Бундан ташқари, сайлов округи ҳудудида жойлашган умумтаълим мактабларида “кам таъминланган”, “боқувчисини йўқотган” ва “чин етим” ўқувчилар учун умумтаълим мактаблари маъмурияти ҳамда Самарқанд давлат чет тиллар институти профессор-ўқитувчилари ҳамкорлигида турли фанлардан тўгараклар ташкил этиш йўлга қўйилган, ўқувчиларга беғараз ёрдам бериш мақсадида пандемия шаротилари ҳам эътиборга олиниб ҳафтанинг белгиланган кунларида масофавий “онлайн” машғулотлар ўтказилиб келинмоқда.

Вилоят Кенгаши депутати Гулбека Қўчқорова сайловчилари билан ҳар гал учрашувда эҳтиёжманд оилаларга бориб, яшаш шароитини ўрганади. Биринчи галда “Қандай ёрдам кўрсатилса, камбағалликдан чиқариб, доимий даромад манбаини яратиш мумкин?” деган саволга жавоб излайди. Шу туфайли 10-15 та оилага бир сўз билан айтганда, “қармоқ” тутқазиб улгурди.

Депутат ташаббуси билан Р.Кенжаевага “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўрт бош совлиқ олиб берилди.   

Гулбека Қучқоровага Пастдарғом туманидаги “Истиқбол”, “Дўрмон”, “Болдир” ва “Фурқат” маҳалла фуқаролари фаоллари мазкур ҳудудларни замонавий технология асосида интернет тармоғи билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаат асосида тегишли идораларга депутатлик сўровлари билан мурожаат қилинди. Натижада бугунги кунда мазкур ҳудудларда жойлашган умумтаълим мактаблари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва мактабгача таълим ташкилотларини замонавий технология асосида Интернет хизматларига уланганлиги ҳақида маълумот берилди.

Депутат хотин-қизлар бандлигини таъминлашга ҳамиша эътибор қаратиб келмоқда. Жумладан, Пастдарғом туманидаги “Янги Обод” маҳалласи ҳудудида истиқомат қилувчи Муножот Жумановага олиб берилган тикув машинаси ҳам фуқарога катта қувонч бағишлади. Айниқса депутатнинг ташаббусини қўллаб – қувватлаб, партия туман раиси ҳамда маҳалла фаоллари ҳамкорлигида тайёрланган кичкина байрам дастури Муножотга катта қувонч бағишлади.

Энди имкониятим чекланган бўлишига қарамай яқин атрофимдагиларга, жамиятга нафим тегади. Раҳмат, депутат опамиз мурожаатимни эътиборсиз қолдирмай тезда ечим топиб берди - дейди Муножот ўз сўзида миннатдорчилик билан.

Албатта, мамлакатимизда ҳар бир соҳада салмоқли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жойларда ислоҳатлар изчиллигини таъминлаш, Ватан равнақи ва халқ фаровонлигини ошириш йўлида ташаббус ва фидоийлик кўрсатиш ҳар бир депутатнинг масъулиятли бурчи эканлигини унутмаган фаолларнинг сафимизда кўплиги қувонарли ҳол.

Лола Сайидова,

"Адолат" СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+