Депутатлар ташаббуси билан ички кўчалар фаровонлашмоқда

03.02.2022 09:02:16

Халқимизда  “Йўл созлаш — савоб” деган пурмаъно нақл бор. Негаки, кичик бир йўл ёки кўприк бунёд этилиши туфайли қанчадан-қанча одамлар мушкули осонлашиб, манзили яқинлашади. Айни кунда носоз йўлларни созлаш, айниқса, қишлоқлардаги таъмирталаб йўллар, ички йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари жадал суратларга кирганлиги эътирофга лойиқдир. Айниқса, бу борада депутатларимиз томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилаётганлиги эса қувонарли ҳолдир.

Хусусан, Халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгаши депутати Қумриддин Насриддинов ҳам  шундай савобли ишга бош қўшган депутатларимиздан биридир. Унинг ташаббуси билан тумандаги “Шарқ юлдузи” МФЙдаги 2,5 километр узунликдаги ички йўлларга тош ётқизилди.  Депутат Қумриддин Насриддиновнинг  аҳоли ўртасида ўтказилган учрашув ҳамда мулоқотларида ушбу мавзу хусусида фикр юритилиб, аҳолини қийнаётган – қишда лой, ёзда чанг кўчалар нафақат пиёдалар балки автомобиль қатнови учун ҳам жуда ноқулайлик туғдираётганлиги хусусида мурожаатлар бўлган эди.

 

Депутат мазкур мурожаатларни ўрганиб туман “Йўлқурилиш” ДУК корхонаси раҳбариятига депутатлик сўрови юборди. Мутасаддилар томонидан депутат сўровига жавобан тош ётқизиш ишлари тезда ҳал бўлиши билдирилиб, айтилганидек, тез орада муаммо барҳам топди.

        Алламурод Азизов, “Шарқ юлдузи” МФЙ фуқароси:

  • Ҳудудимизда 2 ярим мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ички кўчалардаги ўйдим-чуқур йўллар йўловчию ҳайдовчига бирдек ноқулайлик туғдирарди. Аҳвол қор-ёмғирли кунларда, айниқса, оғирлашарди. Уйдим-чуқур йўллар кишини ҳолдан тойдирар эди.  Мана бугун кўчаларимиз обод бўлди. Маҳалладошларимизнинг қувончи чексиз. Оғиримизни енгил қилиб, йўлларимизни равон бўлишига ҳисса қўшган депутатимизга чексиз миннатдорчилигимизни билдирамиз.  

         Ана шундай савоб ишларга бош қўшаётган халқ ноибларидан яна бири Халқ депутатлари Бандихон туман Кенгаши депутати Эркинжон Жўраевдир. У зиммасидаги масъулиятни яхши англаган ҳолда бир неча йиллардан буён туман аҳолисини қийнаб келаётган бир қанча муаммоларини ўрганиб, савобли ишларни мунтазам бажариб келаётган фаол депутатлардан бири саналади. Депутат фаолияти давомида аҳоли билан учрашувларда “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи  аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири – таъмирталаб ички йўллар муаммосини ҳал этиб берди. Қувонарлиси шундаки, депутатимиз мазкур маҳалладаги 1,5 километр узунликдаги ички йўлларга тош ётқизиб, маҳалла аҳлига қулайлик яратиб берди. 

Умурзоқ Мавлонов, “Наврўз” МФЙ раиси:

  • Ушбу муаммо юзасидан бир қатор мутасадди ташкилот вакилларига мурожаат қилиб кўрган эдик. Натижа бўлмагач, ўзимиз ишонч билдирган депутатга мурожаат қилишга қарор қилдик. Ўз фаоллиги, жонкуярлиги билан сайловчилар ишончини қозонган депутат бу масалани ижобий ҳал қилишга астойидил киришди. Депутатимиз томонидан депутатлик сўрови чиқарилди. Депутат мазкур масалани қисқа муддат ичида тумандаги сектор ва мутасадди раҳбарларга нечоғлик долзарб эканлигини  тушунтира олди. Натижада муаммо ўз ечимини топди. Ниҳоят депутат ташаббуси билан мазкур маҳалламизнинг кўчасининг 1500 метр қисмига тўлиқ тош шағал қопламаси ётқизиб берилди. Бу эса ҳудудда яшовчи 1000 нафарга яқин аҳоли, ёшу қарини бирдек қувонтирди.

       Аҳоли томонидан келиб тушаётган ҳар бир мурожаат назоратга олинаётганлиги, уларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинаётгани жойларда фаолият олиб бораётган партия фаоллари ва депутатларимизнинг аҳоли ишончини қозонишига ҳамда  электорат вакиллари ва кенг жамоатчилик ўртасида партиянинг сиёсий обрўси янада ошишига ҳисса қўшиши табиий.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+