Конституция – бахтимиз пойдевори

09.12.2021 18:12:45

Ватан озодлигини ҳис этиб яшаш, мустақиллик деб аталган буюк неъматдан баҳраманд бўлиб, ўз орзу-мақсадлари, эл-юрт фаровонлиги учун эркин меҳнат қилиш, изланиш, ўрганиш, яратиш инсон учун энг олий саодатдир. Мамлакатимиз истиқлолга эришганидан буён халқимиз ана шундай эзгу ва олий мақсадларни рўёбга чиқариб, яратувчилик, бунёдкорлик меҳнати билан тараққиёт довонларини ошмоқда. Таъкидлаш жоизки, барча муваффақиятларимизнинг ҳаётбахш манбаи бўлган Конституциямиз ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати, тараққиётимизнинг мустаҳкам пойдевори, келажагимиз асоси эканини ёрқин намоён этиб келмоқда. Дарҳақиқат, Бош қонунимиз ҳалқимизнинг келажакка, ёруғ кунлар келишига бўлган ишончини мустаҳкамлади. Эзгу мақсадлар теварагида бир жон – бир тан қилиб бирлаштирди, синовлардан ўтишида руҳий ва маънавий мадад бўлди. Инсон ҳақида ғамҳўрлик, унинг қонуний мафаатларини ҳимоя этиш, хуқуқларини таъминлаш асосий тамойил ҳисобланади.

Тарихда шундай кунлар, воқеалар бўладики, улар авлодлар хотирасида муҳрланиб қолади. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кун биз учун ана шундай унутилмас сана ҳисобланади. Шу боис, ҳар йили мамлакатимизда 8 декабрь — Бош қомусимиз қабул қилинган кун умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Мана, 29 йилдирки, Конституция кунини улуғ байрам сифатида фахру ғурур билан нишонлаб келмоқдамиз. Катта ёшдаги авлод вакиллари яхши биладики, шўро даврида юртдошларимиз учун Конституция сўзи юзаки бир маъно англатиб, шу номдаги ҳужжат қачон қабул қилинганлиги кўпчиликни қизиқтирмасди ҳам. Унда шунчаки номига белгилаб қўйилган эркинликлар ҳаётда ўз ифодасини топмасди.

Истиқлол туфайли халқимизнинг хоҳиш-иродасини ўзида акс эттирган мустақил мамлакатимизнинг Асосий қонунини ҳар биримиз бахтимиз қомуси, деб улуғлаймиз. Бу бебаҳо ҳужжатда ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолатланган, Бош қомусимиз асосида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳар гал янгидан-янги имкониятлар эшигини очиб, манфаатларимиз рўёбга чиқиши, ташаббуслар қанот ёзишига, ўз салоҳиятимизни олам аро намоён этишга хизмат қилиб, мамлакатимиз тараққиётнинг янги-янги босқичларида дадил одимламоқда. 

Конституция – инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ифодаси сифатида демократик қадрият, анъана ва ижтимоий адолат қарор топишида, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши ҳамда миллий тотувликни таъминлашда бош омилдир. Юртимизда рўй бераётган улкан ўзгаришларда Конституциямизнинг ўрни беқиёс. Бош қомусимиз асосида инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси бугун халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда.Бош қомусимизда ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва бошқа қатор ҳуқуқлари кафолатланган.

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда, қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларда инсон шаъни, эътиқод эркинлиги ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш ғояси ўз ифодасини топган. Жумладан, Бош Қомусимиз - Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий мақсади ва тамойили ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари,  кафолатларини таъминлашга қаратилгани эътиборга моликдир.

Шуни эътироф этиш лозимки, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам  Конституциянинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини, мазмун-моҳиятини халқ, айниқса, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги, тафаккури ва маданиятига сингдириш, қонунга нисбатан юксак ҳурмат муҳитини яратиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳар бир фуқаро ўзининг конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқ, эркинлик ва бурчларини тўла идрок этиш орқали ўзлигини мукаммал англаб етишишига эришиш учун   ёш авлод вакиллари ўртасида турли лойиҳаларни, уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб, жойларда учрашув ва давра суҳбатлари ўтказмоқда.

Конституция фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, мамлакатни дунёга танитадиган сиёсий харита, мустақилликни таъминлаб берган давлатнинг паспорти сифатида тан олинар экан, у доим ўзлигимизни кўрсатиб турадиган олий қонундир. Бош қомусимиз халқнинг бой турмуш тажрибасига асосланган ҳолда республика аҳолисининг миллий ва маданий анъаналарига, барча ижтимоий гуруҳлар ва қатламларнинг манфаатларига мос келадиган ҳақиқий демократик принципларни қарор топтириш кафолатидир. Биз депутатлар ҳам  ушбу жараёнларда фаол иштирок этаверамиз.

 

Муҳиба Сайфиддинова,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+