Мактаб дастурга кирмаган, газ масаласи эса ҳануз муаммолигича қолмоқда...

31.01.2022 11:01:17

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева  мутасаддилар билан биргаликда Бағдод туманининг «Олчин» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 18-умумтаълим мактабида сайёр қабул ўтказди. 

Қабул жараёнида 30 дан ортиқ мурожаатлар тингланди.  Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди, айрим масалалар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди,  баъзилари назоратга олинди.

Мурожаатларнинг аксарияти тиббий хизматга оид, яъни амбулатория,  тез ёрдам хизматини ҳудуднинг ўзида қайта тиклаш, ички йўллар, ичимлик суви қудуғини таъмирлаш, тезкор интернет учун оптик толали кабелларни тортиш,  эски подстанцияларни янгилаш, маҳаллага гузар учун шароит яратиш юзасидан бўлди.

Аҳолига "Open budget" электрон платформаси орқали маҳалланинг энг долзарб масалаларини танлаб олиш ва у орқали маблағ ажратилиши бўйича тушунча берилди. Фуқароларга "Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йиллардаги Тараққиёт стратегияси" ва янги қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳияти юзасидан тушунча берилди.

Г. Саидғаниева тумандаги «Истиқлол» МФЙнинг Кўчкак,  Қатағон қишлоқларида бўлди.  Аҳоли билан суҳбатда уларни қийнаётган масалалар ўрганилди.  Маҳалла аҳолиси бир неча йил олдин табиий газ таъминотидан узилиб,  мослаштирилган ҳудудга ўтказилган. Аҳоли ҳеч бўлмаса,  ижтимоий соҳа объектларини газ билан таъминлаш масаласини кўтарди. Бошқа қишлоқларга газ олиб борадиган қувур маҳалла ёнидан ўтган.  Бу масала бўйича туман газ идораси раҳбарлари билан илгари ҳам маслаҳатлашилган, яна ўрганиб чиқиш сўралди.

 Бағдод туманида газ масаласи оғриқли нуқталардан бири.  Аҳолининг асосий қисми мазкур тармоқдан узилган. Чекка қишлоқларда унинг нафаси тугул газ қувурларини топиш амримаҳол.  Шунинг  учун депутатнинг ҳар галги ўрганишларида бу масала қайта-қайта тилга олинаверади. Мурожаатлардан келиб чиқиб, ОМҚП депутати ҳам мутасаддилардан туманга табиий газ лимитини ошириш,  газ билан таъминловчи ГРПдан тўлиқ қувватда фойдаланиш чораларини кўриш талабларини қўяверади.  Гарчи мазкур ишлар анча муддатни талаб қилса ҳам, аҳоли ишончини сўндирмаслик, уларга қулайлик яратиш мақсадида босқичма-босқич ўзгаришларни тадбиқ этиш лозим.  Бўлмаса, фуқароларнинг ҳафсаласи пир бўлаверади, депутатларга ҳам, ҳокимият, мутасадди вакилларига ҳам ишончсизлик билан қарайди. 

Туманининг Чигит қишлоғидаги 32-умумтаълим мактабида натижадорлик баланд,  ўқитувчилар салоҳиятли,  ўқувчилар ҳар соҳада юқори ўринларни эгаллаган. Шароит эса... 100 ўринли мактабда 376  нафар бола ўқийди,  лекин шунча болага бор-йўғи 4-5 та синф хона мавжуд. Спорт зали, стадион, ошхона  каби ўқувчилар учун зарур  шароитларни фақат орзу қилиш мумкин. Ҳатто директорнинг хонаси йўқ. Тахминан 1,5 метрга 2,5-3 метр келадиган каталакдай, икки киши зўрға сиғадиган хонада директор, ўринбосари, психолог, жисмоний тарбия ўқитувчиси, ҳамшира, менежер жойлашган. Ўқитувчилар хонаси ҳам йўқ ҳисоби. Кўнгли кенг, сабр-тоқатли  ходимлар шунисига ҳам шукур қилади. Битта бино эса фойдаланишга яроқсизлиги учун бузилган аммо иш якунига етмаган. Мактаб капитал қайта қурилишга муҳтож. Бироқ шунга қарамай,  дастурга кирмаган. Энг ёмони ҳам шу???

 Депутат мазкур мактабни қуриш,  таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун масъуллар,  раҳбарлар билан гаплашди.  Ёшлар келажагига барча бирдек масъул эканлиги, мактаблардаги шароит эътибордан четда қолмаслиги, ҳар бир ҳудуд ўз муаммосини ўзи ҳал қилиши, аҳолиси учун жон куйдириши кераклигини билдирди. Лекин бу гаплар уларнинг виждонини уйғота олдими  ёки  елга учдими буни вақт кўрсатади.

“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+