Мақсадимиз халқни рози қилиш

14.03.2022 17:03:08

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида «Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласида»ги видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда йўлларда юз бераётган автоҳалокатлар таҳлил қилинди. Юз бераётган йўл транспорт ҳодисаларининг 25 фоизи йўл ҳолати ва инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги натижасида келиб чиқаётгани маълум қилинди. Аниқроғи, йўлакларнинг йўқлиги, йўлларнинг талаб даражасида эмаслиги, ноқонуний қурилмаларнинг мавжудлиги туфайли юртдошларимиз ҳаётларини хавф остига қўйиб ҳаракатланаётгани таъкидланди. Бу бўйича қилинаётган мурожаатлар жавобсиз қолаётгани айтилди.

Шайхонтоҳур туманидаги Жарариқ ва Ипакчилик маҳаллаларида аҳолидан келиб тушган мурожаатда пиёдалар юриш йўлакчаси бўйича мутасаддиларга бир неча маротаба мурожаат қилингани, аммо, мутасаддилар бу масалага эътибор қаратишмаётгани маълум бўлди.

Ушбу ҳудуддан сайланган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Ҳусниддин Эргашев муаммони ўрганди. Ўрганишлар натижасида айтилишича, ушбу жойда пиёдалар йўлакчаси йўқ ҳамда бу ҳолат мактаб ўқувчиларига катта хавф туғдиришига қарамай, улар катта йўлдан ҳаракатланишга мажбур бўлишмоқда.

Юртдошларимизнинг ҳаёти ва соғлигига таъсир қилувчи жиҳатлар ва омиллар туфайли, кўпинча ноқулай вазиятлар келиб чиқиши бор гап. Йўлларни яхшилаш, автомашиналарни тартибга солиш бўйича қилинаётган чора-тадбирлар замирида ҳам шу каби салбий оқибатларни бартараф этиш мақсади мужассамдир. Жарариқ маҳалласида яшовчи фуқароларнинг мурожаатларида ҳам шуни кўриш мумкин. Айрим кўчадаги йўлларнинг равонлиги яхши, аммо одамларнинг ўтиб-қайтиши учун йўлакларнинг йўқлиги ёмон. Кўчанинг шундоққина юзида иншоот қурилган, аммо йўлак йўқлиги учун одамлар машина йўли бўйлаб ҳаракатланиб кетишяпди. Бу албатта, уларнинг ҳаёти учун хавфли эканлигини инкор қилиб бўлмайди. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, пиёдалар йўлаги йўқлиги сабаб йўлнинг қолган қисмини ҳам бино панжаралари эгаллаб олган. Боз устига, атрофда боғча бор. Ота-оналар боғчага боласини олиб-қайтганда кўча юзи автоуловларга тўлиб кетади.

         Абдураҳим Ахмедов, маҳалла фуқароси:

     - Шу ердаги боғчага ҳар куни 2 та неварамни олиб келаман. Йўлдаги бу ҳолат туфайли жуда қийинчилик билан боғчага кириб чиқамиз. Автоуловимни ҳаракатлантиришда ҳам ноқулайлик келиб чиқади. Чунки автомашиналар оқими кўп. Пиёдалар йўлаги йўқлиги боғчага пиёда қатновчиларга ҳам автомашинада келувчиларга ҳам ноқулай. Мутасаддилар ушбу масалага эътибор қаратишса, кўчага йўлни кесиб ўтиш учун зебра чизиғи ўрнатишса мақсадга мувофиқ бўларди.

Албатта, ушбу ҳолат ўша ҳудудда жойлашган мактаб, боғча ва унга қатновчи одамларга ноқулайлик келтириб чиқаради. Шунингдек, кўп қаватли уйлар олдидаги ортиқча қурилишлар ва улар олдини ноқонуний ўраб олишлар ҳам эътибордан четда қолган. Шундай ҳолат Зангиота кўчасида ҳам мавжуд. Катта кўчада туташиб кетган симёғочлар ва одамларнинг юриши учун йўлак йўқлиги ушбу ҳудудга масъул ҳар бир инсонни ўйлантириши керак, аслида. Одамлар учун ноқулайлик туғдираётган бу ҳолатнинг шу ҳолича ташлаб қўйилаётганлиги қилинаётган мурожаатлар бесамар кетаётганидан далолатдир. Ипакчилик кўчасида ҳам мурожаатлар туфайли йўл жуда яхши ҳолатга келтирилган аммо, бу ерда ҳам йўлак муаммоси бор. Наҳот, йўл қурилаётганда одамларнинг юриши учун шароит ҳақида фикр юритилмаган, илмий ёндашилмаган. Энди улар ҳаётларини хавф остига қўйган ҳолда машиналар билан бирга катта йўл бўйлаб юришга мажбурдирлар.

Юртимиз бўйлаб одамларнинг соғлом бўлишини таъминлашга қаратилган саломатлик йўлаклари қурилмоқда. Ҳам пиёда ҳам велосипедда ҳаракатланиш учун шароитлар вужудга келмоқда. Аммо бу каби ҳолатлар ушбу жараённинг ҳамма жойда ҳам амалга оширилаётганлигига шубҳа уйғотиши аниқ. Қилинган мурожаатда яна бир жиҳатга эътибор қаратилган. Нуробод кўчасидан Ипакчилик кўчасига чиқишда тор сўқмоқ йўли бор. Ана шу йўлни асфальтлаш туфайли автомашиналар кўпайган ҳозирги даврда масалага яхши ечим бўла олиши таъкидланди.

Абдулла Азимов, маҳалла фуқароси:

Нуробод кўча билан Ипакчилик кўчасини боғловчи 150 метрлик масофа уланса ҳамма учун жуда қулай бўлади. Масофа оқими бўлинарди. Юқори Беруний кўчасидан келаётган автомашиналар ички кўчадан ҳам юриб ўтаверарди. Шунда аҳоли рози бўлади. Ушбу сўқмоқ йўл неча йилдан буён бўш ётибди. Шу йўл асфальт қилинса, Ипакчилик кўчасида автомашина оқими камаяди.

Ҳусниддин Эргашев, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

-  Ипакчилик кўчасида истиқомат қилувчи аҳолининг мурожаатини ўрганиш мақсадида жойига чиқдик. Нуробод кўчаси билан Ипакчилик кўчасида аҳоли жуда ҳам зич жойлашган. Марказий кўчага чиқиш ҳамда Тошкент вилоятидан келаётган автоуловларнинг оқими кўплиги сабабли айниқса, аҳолининг эрта тонгдан ишга, ўқишга шошаётган пайтида тирбандликларни келтириб чиқармоқда. Энг маъқул йўли илгаридан Ипакчилик институтининг хўжалигини юритиш учун фойдаланилган йўлни таъмирдан чиқариб, кенгроқ қилиб, асфальт йўл қилинса, бу тирбандликларнинг 90 фоизининг олди олинарди. Шунинг учун биз депутатлар, ушбу масалани ўрганиб, Шайхонтоҳур туман ҳокимлигига ўз мурожаатимизни юборамиз. Албатта, улардан ижобий натижа кутиб қоламиз.

Қилинаётган ҳар бир мурожаат шу ҳудудда истиқомат қилувчи одамларнинг турмуш тарзига таъсир кўрсатиши билан аҳамиятли бўлишини инобатга оладиган бўлсак, бу каби муаммоларнинг ҳал этилишида ҳар бир масъул шахс ўз масъулиятини тўла ҳис қилиши лозим. Ўйлаймизки, бу борадаги масалага эътибор қаратилади ва одамлар учун ноқулайлик туғдираётган ҳолатлар ўз ечимини топади.

 «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+