“Мунғайиб қолган мактаб” ёки нега кўчага Жаннат эшиги номи берилди?

30.11.2021 17:11:17

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатни яшил маконга айлантиришга қаратилган ташаббуси барчани эзгу мақсад сари руҳлантирди. Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида кўчатлар экилаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Биз ҳам ана шу буюк мақсадга кичик ҳиссамизни қўшдик.  Бағдод туманидаги 32-сонли умумтаълим мактабининг кичиккина гулзорига мевали дарахтларни экдик.

          Шундан сўнг, туманнинг “Мирзаобод” МФЙ ҳудудида бўлдим. Бу ерда  8 та янги ҳовли савобталаб юртдошларимиз томонидан қуриб битказилиб, кам таъминланган инсонларга топширилди. Мазкур хонадонлар жойлашган кўчага Жаннат эшиги номи берилди.

– Уч фарзандим билан ёлғиз ўзим жуда қийналдим,  – дейди 8-хонадон соҳибаси бўлган Ферузахон Янгибоева. – Яхшилар бор экан, мушкулимиз осон бўлди. 

 Мазкур эзгу ишга туман имом-хатиби Соҳибжон Аҳмедов бош бўлди.  Савобталаб инсонларга мурожаат қилиб,  қийналган,  уйсизларга бошпана қуришни бошлайди. Ҳар бири 4 сотихдан,  уч хонали уйлар қурилиб,  жиҳозланиб,  егуликлар билан тўлдирилиб,  тирикчилик учун 30 тадан хонаки товуқлар олиб берилиб,  8 та оилага топширилди. Бу ишга нафақат туман аҳолиси, балки бошқа вилоятларда ва чет элларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳам ўз ҳиссасини қўшдилар.

Бундан кейин яна 4 та уй қурилиб, топширилди.  Йил охиригача яна 4 та ҳовли битади. Келгусида 80 та 6 подъезли уйлар бунёд этилиши режалаштирилган. Шу кунгача қуриб топширилган уйларда истиқомат қилувчиларга эҳсонлар тинмаяпти. Биз билан тумандаги тадбиркорлардан бири эҳсон билан бирга борди. Хонадон эгалари билан суҳбатлашиб,  яшаш жойи ўзгариб ишсиз қолганлар, боласининг ўқишини кўчиришга қийналганларнинг муаммосини эшитдик ва тегишли масъулларни жалб қилишга киришдик.

Бағдод тумани Чигит қишлоғидаги 32-умумтаълим мактабидаги ҳолат мени чуқур қайғуга солди. Олдинроқ борганимиз 16-мактаб билан солиштирганда,  педагоглар ва ўқувчиларнинг сони катта фарқ қилади.

Бу мактаб капитал таъмирлаш учун дастурга киритилиб,  негадир кейин чиқариб юборилган экан.  Ўзи учта бир қаватли кичик бинолари бор. Битта бинонинг девори ёрилгани учун бузилган, аммо иш якунига етмай, чала қолган. 380 нафар ўқувчи икки сменага зўрға сиғади, хоналар тор,  парта,  стуллар етишмайди.  Мажлислар зали йўқ,  спорт зали йўқ,  стадиони йўқ,  ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига хона йўқ,  ўқитувчилар хонаси йўқ,  ҳатто директорга хона йўқ.

Инвестиция дастурига мактабларни киритишда масъуллар қаёққа қарашган,  ҳайронман?!

 Янги тайинланган туман халқ таълими бўлими мудири билан шу мактабнинг дастурга киритилиш масаласини ўрганмоқчиман. Насиб бўлса,  таъмирланиб,  қўшимча янги бино қурилишига эриша олсам, улкан давондан ошган бўламан. 

 

 Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+