Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига қадам қўймоқда

01.02.2022 15:02:41

Бундан беш йил олдин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан 2017-2021-йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлашни назарда тутувчи тарихий ҳужжат қабул қилинган эди. Ўтган вақт давомида ушбу ҳужжатда назарда тутилган чора-тадбирларнинг ҳаётимизга изчиллик билан татбиқ этилиши натижасида давлат ва жамият бошқарувида халқчил тизим йўлга қўйилди.

Хусусан, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари қабул қилинди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Шунингдек, миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасида ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилди.

Бугун эса яна бир муҳим ҳужжат, мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётини белгилаб берувчи 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йил — “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини тасдиқлашни назарда тутувчи Президент Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармон лойиҳаси ҳам ўтган йиллар давомида тўпланган тажрибадан келиб чиққан ҳолда, 2021 йилнинг 30 декабридан 2022 йилнинг 15 январь кунига қадар кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Қувонарли томони жамоатчилик муҳокамаларида барча юрдошларимиз фаол иштирок этиб, Фармонда назарда тутилган ҳар бир мақсадлар бўйича 17 мингдан ортиқ ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Фармонда ҳам кўриш мумкинки, халқимиз билан ўтказилган бамаслахатлашувлар натижасида ҳужжатга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Хусусан, дастлаб 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида 7 та йўналиш ва 94 та мақсад ҳамда 2022 йилги Давлат дастури доирасида 407 та чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган бўлса, қабул қилинган ҳужжат орқали мақсадлар сони 100 тага етказилиб, ушбу мақсадларни 2022 йил — “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга қаратилган Давлат дастуридаги чора-табирлар сони 398 та этиб белгиланди. Хусусан, аҳоли томонидан билдирилган таклифларни ҳар томонлама кўриб чиқиш якунига кўра, лойиҳага қарийб 100 та концептуал ҳамда 200 дан ортиқ аниқлаштирувчи таҳририй ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Умуман олганда, Фармонда назарда тутилган 7 йўналиш ва 100 та мақсад орқали мамлакатмизни нафақат келгуси беш йилликда, шу билан бирга узоқ муддатли ривожланиш жараёнларида ҳар бир соҳада эришиладиган натижалар таҳлили яққол акс эттирилган.

Хусусан, Фармонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган ислоҳотларни изчил давом эттиришшга йўналтирилган инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш, миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш ҳамда мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган аниқ вазифалар белгиланган.

Жумладан, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида маҳаллалар ваколатларини кенгайтириш, уларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш, Халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш ва уларнинг ваколатларини кенгайтириш орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш, халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш, Фармон лойиҳаси каби муҳим Қарор, Фармон ва ҳужжатларниларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш каби кўплаб халқчил чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.

Келгуси беш йилда ҳам хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш, маҳкумлар ва жазони ўтаб бўлган шахсларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот ва халқаро эътироф этилган бошқа ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва жамиятга реинтеграциясига кўмаклашишнинг самарали механизмларини жорий этиш, ушбу йўналишда давлат ва жамият институтларининг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйишга оид ҳам вазифалар белгиланмоқда.

Шу билан бирга, барча ислоҳотларнинг қон томири бўлган миллий иқтисодиётни ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. Жумладан, тараққиёт стратегияининг учинчи, Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш йўналишида ҳам келгуси беш йилда иқтисодиётни ривожлантиришни назарда тутувчи 16 та мақсад белгиланган.

Ушбу мақсадларнинг амалга оширилиши натижасида, иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни – 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш учун замин яратилади.

Шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган саноатнинг етакчи тармоқлари ва иқтисодиётни янада либераллаштириш ҳамда трансформация жараёнлари якунланади. Энергия ресурслари ва табиий газ бозорлари эркинлаштирилиб, соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормалари киритилади.

Хулоса қилиб айтганда, белгилаб берилган мақсадларнинг амалга оширилиши мамлакатимиз тараққиёти ривожида бошланган изчил ислоҳотларни давом эттириб, аҳолимизнинг турмуш фаровонлиги янада яхшиланишига хизмат қилади.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

«Тараққиёт стратегияси» маркази

бўлим бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+