Саховат тадбири: 100 нафар болажонларнинг суннат тўйи ўтказилди

29.03.2022 09:03:34

Болажонларнинг биргина табассуми қалбларни шодликка тўлдиради. Қийқириб кулишлари, завқ билан ўйнашларини кўриб, ҳар қандай инсон ҳам жим тура олмайди. Уларнинг қувончидан шодланади. Дунёларни бергиси келади.  Айниқса, маҳзун болаларга ҳушнудлик улаша олиш чинакам бахт ва савобли юмушдир.   

Марғилон шаҳридаги Ижодкорлар боғининг “Тантаналар” мажмуасида “Марғилон саховати” хайрия гуруҳи, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши, маҳаллий Кенгашлардаги партиянинг фаол депутатлари ҳамкорлигида 100 нафар боқувчисини йўқотган болажонларга суннат тўйи ўтказилди. Саховат тадбирига  Халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгашининг жонкуяр депутати, “Марғилон саховати” ҳайрия гуруҳининг таъсисчиси Аъзамжон Аҳмаджонов бош бўлди.

Болажонларнинг кайфиятларини янада кўтариш, уларга унитилмас лаҳзаларни ҳадя этиш мақсадида эртак қаҳрамонлари иштирокида турли ўйинлар ташкил этилди. Карнай-сурнай садолари остида болажонлар мириқиб ўйнадилар. Халқимиз эъзозидаги санъат усталари томонидан ижро этилган Ватан, она, бахтли болаликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар даврага янада файз киритди. Дастурхонлар безатилиб, ширинликлар улашилди. Тадбир ташкилотчилари томонидан эртамиз эгаларига аталган туҳфалар тақдим этилди.  Нафақат болажонлар, уларнинг ота-оналари ҳам эътибордан мамнун бўлишди. Давра тўлиб, рақсга тушдилар.

  • Эзгу ишни амалга ошириш учун чинакам  кўмакка  муҳтож оилаларни  аниқлашга ҳаракат қилдик, - дейди партиянинг Қува туман Кенгаши раиси Шоҳиста Мамажонова. -  Хонадонларига бориб, шароити билан танишдик. Ота-оналар билан мулоқот қилдик. Ҳақиқатан ҳам  фарзандига тўй қилиш имкони бўлмаганларни танлаб олдик. Марғилон, Фарғона шаҳар, Тошлоқ, Қўштепа туманларининг "Темир дафтар"га киритилган, боқувчисини йўқотган оилаларининг болалари жамланди. Тўйболаларнинг 31 нафари Қува тумани маҳаллаларида “хонадонбай» ўрганишлар натижасида аниқланган.

 

Саховат тадбирини ташкил этган депутатлар ҳам эзгу ишларидан руҳан завқландилар.  Юзларда ифода этган қувонч, онахонлар дуоси уларнинг келгусида шундай амалий тадбирларни давом эттириш ниятини янада кучайтирди.

 

“Адолат” СДП Фарғона вилоят

 Кенгаши Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+