Ватанпарвар, юксак инсоний одоб-аҳлоққа эга кадрлар – мамлакатимиз тараққиёти гаровидир

08.11.2021 11:11:32

Бугун мамлакатимиз дунё миқёсида ўзининг аниқ ривожланиш йўлига эга давлат сифатида етакчилар қаторида бормоқда. Албатта, бу етакчилик асосида Ўзбекистон ўзининг олдига қатъий белгилаб олган аниқ мақсади, тараққиёт принциплари ҳамда уларни амалга оширишдаги самарали саъй-ҳаракатлари алоҳида ўрин тутади. Бунда мамлакат ривожланишининг асосий омилларидан бири бу барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва инсоний одоб-аҳлоққа эга ходимлар келишини таъминлашдир. Чунки, ҳар қандай давлат, ташкилот ёки корхона ўз келажагини аввало, салоҳиятли кадрлар билан белгилайди. Бошқарувда кадрларнинг малакаси ва хулқ-атворига кўра тўғри танланиши ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ютуқларини, шу билан биргаликда мавқеини оширишда асосий омил ҳисобланади.

Марралар қанчалик баланд олинмасин, ислоҳотлар нечоғли истиқболли бўлмасин, ватанпарвар, сидқидилдан меҳнат қиладиган, юксак ахлоқли, фидойи инсонларсиз уларни амалга ошириш имконсиз.

Қадимда ҳам ота-боболаримиз томонидан бошқарув соҳасига ўз халқи учун жон куйдирадиган, малакали кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратишган. Алишер Навоий ҳазратлари томонидан ҳам давлат хизматчиси, биринчи галда, ҳақ йўлни танлаган, барча ишларни инсоф ва адолат тарозиси билан ўлчайдиган маънан юксак инсон бўлиши лозимлиги таъкидланган. У етти ўлчаб бир кесишга, шошилиб хулоса чиқармасликка, ёлғончи гувоҳлардан эҳтиёт бўлишга чақиради. Ҳукумат ишларида ҳар қандай ишни маслаҳат билан амалга ошириш зарурлигини, ўз шахсий фикрига ортиқча баҳо бериб юбормасликни уқтиради. Қабул қилаётган ҳар бир қарорининг нуқсонли томонларини ўйлаб кўришга ва ҳар ишда меъёрни билишга, ортиқча мажлисбозликка берилиб кетмасликка даъват этади.

Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш, давлат хизматчилари ва раҳбар кадрларга қўйиладиган талаблар, раҳбар сифатида уларнинг шаклланиши, камол топиши, уларни тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб борилмоқда. Хусусан, 2019 йил 3 октаябрь куни “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5843 сонли Фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб айрим давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва ҳудудларда тажриба тариқасида, 2021 йил 1 январдан бошлаб эса республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат хизматига қабул очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилмоқда. Давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш ва хизматчиларнинг хизмат бўйича ўсиб бориши билан боғлиқ фаолиятда номзодларни адолатли баҳолаб бориш ва улар орасидан энг муносибларини танлашга қаратилган меритократия тамойили қўлланилмоқда. Шунингдек Фармон билан, президент ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, у давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.

Маълумки, ҳозирги кунда мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифалар белгилаб олиниб, ислоҳотлар ўтказилмоқда. Бу эса ватанпарвар, малакали кадрларнинг давлат ишларидаги фаоллигини кенгайтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда уларнинг иштирокини таъминлашни талаб этмоқда.

Юртбошимиз Ш.Мирзиёев ушбу масалада ўзининг ижодий ва самарали таклифларини бериб, шундай деган эди: “Бугун ҳаётнинг ўзи биздан профессионал, тезкор ва самарали давлат хизмати тизимини шакллантириш, янгича фикрлайдиган, ташаббускор, эл-юртга садоқатли кадрларга кенг йўл очиш бўйича самарали тизим ишлаб чиқишни талаб этмоқда”.

Ҳақиқатдан ҳам инсонларнинг дардига қулоқ тутиш ва муаммоларига ечим излаш, уларнинг кўнглига йўл топиш мушкил вазифадир. Юртимиз равнақи асосий мақсадимиз экан, ҳар бир инсон, қандай давлат ташкилотида хизмат қилиш ва қайси соҳада фаолият олиб боришидан қатъи назар, бу ҳақиқатни чуқур тушуниб етган ҳолда, мамлакатимиз тараққиёти учун масъулиятни ҳис этиши, ўз манфаатларини шу Ватан, шу халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда яшаши ва ишлаши лозимдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек “Янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва саралаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди”.

Сўнги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, рўй бераётган ўзгаришлар шиддати дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотиб, эришилаётган натижалар юксак даражада эътироф этилмоқда. Чунки юртимизда янгиланишлар оқими кириб бормаган соҳа қолмади. Шаҳару қишлоқлар қиёфасига қўшилиб, одамлар тафаккури, дунёқараши, ҳаёт тарзи ҳам ўзгармоқда. Энг муҳими, халқимиз бугун олиб борилаётган сиёсат мазмун-моҳиятини тушуниб етди. Дахлдорлик туйғуси кучайди. Шунинг учун ҳам ўзгаришларга, озми-кўпми ҳиссам қўшилсин, дея енг шимариб, ишга киришганлар кам эмас.

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+