2021 йилда Республикамиздаги 60 фоиз маҳаллаларда электр таъминоти яхшиланади

26.03.2021 15:03:38

Халқимизнинг бой ва қадимий тарихидан маълумки, аждодларимиз томонидан маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш энг бебаҳо қадрият ва анъаналардан ҳисобланади. Мазкур қадриятларимизни изчил давом эттирган ҳолда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётганлиги эса Республикамизнинг чекка ва олис ҳудудлари ҳам Янги Ўзбекистонга хос бунёдкорлик қиёфасига киришида муҳим омил бўлмоқда.

Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётимизга татбиқ этиб келинаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб турмуш шароитлари яратилмоқда. Натижада, қишлоқ аҳолисининг турмуш маданияти янада юксалиб, юртдошларимиз бугунидан мамнун бўлиб турмуш кечирмоқда.

Хусусан, 2018 йилда қабул қилинган “Обод қишлоқ” дастури тўғрисидаги президент Фармони ижросини таъминлаш натижасида, бугунги кунга қадар дастурлар доирасида 5 миллионга яқин юртдошларимиз яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланди. Аммо бу борада амалга оширилган ишлар натижаси билан тўлақонли Фармонда белгилаб берилган мақсад ва вазифаларга эриша олдик деб айта олмаймиз.

Бугунги кунда юртимизда шароити оғир бўлган 796 та қишлоқ ва шаҳарларда 188 та маҳаллалар мавжуд. Шунингдек, 4 мингдан зиёд маҳалланинг электр таъминоти қониқарсиз аҳволда ва бу каби ҳолатлар айниқса қиш мавсумида фуқароларимизга катта қийинчиликлар туғдирмоқда.

Жорий йилнинг 24 март куни Президентимиз бошчилигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар тизимли таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари ўз маърузасида қишлоқларга инфратузилма борсагина, ҳаёт сифати ўзгариши, тадбиркорлик ривожланиши, шу сабабли, бу йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари янги ёндашувлар асосида шакллантирилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Жорий йил аҳоли талабларидан келиб чиққан ҳолда 206 та туман ва шаҳар ҳокимлари, йўл, электр таъминоти, коммунал хизмат ва тадбиркорликка масъул раҳбарлар билан бирма-бир гаплашиб, 8 мингта маҳаллада муаммоларни бартараф этиш юзасидан ишларни амалга оширади. Бунда, ободончилик билан бир қаторда иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини камбағалликдан чиқариш масалаларига ҳам эътибор қаратилади.

Ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир 325 та қишлоқ ва 71 та маҳалла комплекс ривожлантирилади. Уларда ичимлик суви ва электр тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий объектлар қуриш ҳамда таъмирлаш учун 3 триллион 300 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, 2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга 2 триллион сўм, 500 та маҳаллага 4 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи тортиш учун 1 триллион сўм ажратилади. 5 минг 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформаторлар янгиланади. Бу юртимиздаги маҳаллаларнинг 60 фоизи демакдир. Ушбу чора-тадбирларга қарийб 2 триллион 100 миллиард сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан бирга, “қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 21 та туман, 60 та қишлоқда 485 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилади.

Эътиборли томони бу борадаги ишларни бошлаш ва назорат қилиш тўлақонли халқ вакиллари бўлган маҳаллий Кенгашлар ваколатига берилмоқда. Шу билан бирга ушбу вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши биз Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам катта масъулият юклайди.

Эндиликда партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ҳамкорлигида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига масъул бўлган вазирлик ва идоралар фаолияти доимий равишда назорат қилиб борилади. Зарур ҳолларда эса партия фракцияси орқали “Парламент эшитувлари” ташкил этилади.

 Зухра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари

қўмитаси раисининг ўринбосари,

 “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+