2022 йил 1 ноябрдан бошлаб экспорт қилувчи корхоналар молиявий қўллаб-қувватланади

10.10.2022 10:10:58

Сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Хусусан, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунига кўра, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг 46 мингдан зиёд лойиҳаларига 15 триллион сўмдан ортиқ миқдорда молиявий ёрдам кўрсатилган.

Шу билан бирга, 2021 йилдан бошлаб ҳар йили Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Жумладан, 2022 йил 22 август куни бўлиб ўтган очиқ мулоқот давомида ҳам тадбирокрлар томонидан бир қатор таклиф ва мурожаатлар билдирилган эди. Якунда эса, Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу билдирилган таклиф ва мурожаатлар ечими бўйича бешта асосий йўналиш белгилаб берилиб, уларнинг ҳар бири бўйича кўплаб имтиёз ва чора-тадбирлар берилиши маълум қилинган эди.

Ўтган ҳафтада имзоланган “Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони билан ушбу мулоқтда айтиб ўтилган бир қатор имтиёз ва енгилликларни тадбиркорлар фаолиятига татбиқ этиш механизмлари белгилаб берилди.

Хусусан, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмасдан тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланмаслик амалиёти йўлга қўйилади.

Ушбу имтиёз экспорт қилувчи ташкилотларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишидаги имтиёзлар товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан тушган умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланилади. Бу эса, бугун ўз тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришни истаган барчадаражадаги тадбиркорлар учун соғлом рақобат муҳитидаги тенг имконият демакдир.

Шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан экспортчи корхоналарни очиқ танлов орқали саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури  амалга ошириб борилади.

Бунда, Дастур доирасида экспортчи корхоналарни саралаб олишда қуйидаги мезонларга алоҳида эътибор қаратилади. Экспортчи корхоналар юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган ҳамда камида сўнгги икки йил давомида фаолият юритаётган бўлиши, охирги 12 ой мобайнида экспорт қилинган тайёр маҳсулот суммаси 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлиши, умумий тушум ҳажмида экспортдан тушум улуши 30 фоиздан юқори бўлиши ҳамда охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмида муддати ўтган дебитор қарздорликнинг улуши 5 фоиздан кам бўлиши ҳисобга олинади.

Шу билан бирга, вазирлик томонидан корхоналар рўйхати мазкур мезонларга мувофиқ шаффоф тарзда Экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш ягона порталида www.exportportali.uzда онлайн тартибда автоматик рейтинг асосида шакллантирилиб, ҳар 6 ойда янгилаб борилади.

Фармон билан дастурга киритилган экспортчи корхоналарга яна бир қатор ёрдам ва имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширганда ноль даражали қўшилган қиймат солиғи ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган қисми уларнинг мурожаатига асосан тезлаштирилган тартибда 7 кун ичида тўлиқ қайтариб берилади.

Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириши учун охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда:

- экспорт ҳажми 1 миллион доллардан 5 миллион долларгача бўлганда – 1 миллион долларгача;

- экспорт ҳажми 5 миллион доллардан 10 миллион долларгача бўлганда – 2 миллион долларгача;

- экспорт ҳажми 10 миллион доллардан 15 миллион долларгача бўлганда – 3 миллион долларгача;

- экспорт ҳажми 15 миллион доллардан 20 миллион долларгача бўлганда – 4 миллион долларгача;

- экспорт ҳажми 20 миллион доллардан ортиқ бўлганда – 5 миллион долларгача миқдорларда молиявий ресурслар ажратилиши;

- битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиши учун уларга 30 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда молиявий ёрдам тақдим этилади.

Шунингдек, ушбу тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотларни республикамизнинг барча ҳудудларидаги тадбиркорлар фаолиятига татбиқ этилишига эриши учун Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар республиканинг ҳар бир ҳудудидан энг салоҳиятли 100 та маҳаллий корхонанинг ташқи бозорларга чиқишига йўл очиб бериш мақсадида “тадбиркордан – экспортёргача” тамойили асосида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқилади.

Ўйлайманки бу каби имтиёзларнинг берилиши тадбирокрларимизга ўз бизниес фаолиятини кенгайтиришда ҳам иқтисодий жиҳатдан, ҳам янгидан-янги бозорларга маҳсулотини экспорт қилиш борасида улкан кўмак бўлиб хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида мамлакатизда тадбиркорлик йўналишларида янги иш ўринлари яратилиш ва иқтисодиётнинг жадал ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Олтиной Мамирова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

"Адолат" СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+