“Адолат” СДП фракцияси “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш тарафдори

30.03.2021 15:03:52

Мен “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг мазкур қонун лойиҳасига муносабатини билдирмоқчиман. Куни кеча ўтказилган фракция йиғилишида биз “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокамадан ўтказдик. Ушбу қонун лойиҳасининг  қабул қилиниши долзарблигини инкор этмаган ҳолда, муҳокама жараёнида кўпчилик фракция аъзолари лойиҳа бўйича жиддий эътирозларни билдиришди.

Қонун лойиҳаси нормалари келгусида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг суднинг қарорисиз чекланиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида зид келиши мумкин. Конституциянинг мазкур моддасига кўра, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги кўрсатилган.

Қонун лойиҳасининг 12-моддасида белгиланган Президентнинг фавқулодда ҳолатни жорий этиш тўғрисидаги Фармони билан фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлган ҳолатларни бартараф этишга тўсқинлик қилувчи сиёсий партиялар ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасига (Жамоат бирлашмаларини тарқатиб юбориш, улар фаолиятини таъқиқлаб ёки чеклаб қўйиш фақат суд қарори асосидагина амалга оширилади) зид келади.

Қонун лойиҳасининг концепцияси баён қилинган тушунтириш хатида қонун ҳужжатларида белгиланганидек, лойиҳани ишлаб чиқиш зарурияти, асослари, бўлғуси қонуннинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари таҳмини, халқаро ҳуқуқнинг умумий эътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек хорижий мамлакатларда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тажрибаси каби таҳлилий маълумотлар келтирилмаган.

Қонун лойиҳасининг 12-моддасида  фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудларда давлат бошқаруви органлари (уларнинг таркибий бўлинмалари) ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш қоидаси белгиланмоқда. Лекин, қонун лойиҳасининг 18-моддасида Ҳудуд комендатурасининг ташкил этилиши ушбу ҳудудда фаолият юритаётган давлат бошқаруви органлари (уларнинг таркибий бўлинмалари) ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тўхтатиб қўймайди, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолатни жорий этиш тўғрисидаги Фармонида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, деб белгиланаяпти. Бу эса, қонун лойиҳасининг ўзида қарама-қарши қоидалар мавжудлигини билдиради.

Лойиҳага илова қилинган жадвалда Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасининг соҳадаги қонунларининг айрим моддалари кўрсатиб ўтилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси шароитида тегишли халқаро тажриба қўлланилишининг мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар кетма-кет тартибда кўрсатилган таҳлилий-қиёсий маълумотлар мавжуд эмас.

 “Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасида белгиланган талабларга асосан қонун лойиҳасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси шунингдек, ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши керак бўлган қонуности ҳужжатларининг рўйхати илова қилинмаган.

 Қонун лойиҳаси ишлаб чиқувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари портали орқали жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаган.

“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари ҳозирги кўринишдаги қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлашга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайди ва қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиш лозимлигини билдиради.

Нодира ДЖАНИБЕКОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+