Адолатли ғояларнинг ҳаётий инъикоси

30.12.2020 16:12:34

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқига Мурожаатномасида 2021 йилда амалга оширишимиз зарур бўлган муҳим ва устувор вазифалар белгилаб берилди. Ушбу Мурожаатномани бутун халқимиз диққат билан кузатди ва юртдошларимиз оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда аллақачон ўз муносабатларини билдириб ҳам улгурдилар.

Аввало, келгуси йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилишида мамлакатимиз келажагини яратишдек улкан вазифа турганлигини айтмоқчиман. Ёшларимизда жуда катта потенциал мавжуд, уни юзага чиқариш учун биринчи навбатда таълим-тарбия сифати ва ёшларни қўллаб-қувватлаш муҳим, чунки улар эртанги ҳаётимиз фаровонлигининг гаровидир.

Мурожаатномада илм-фанга,  таълим-тарбияга катта эътибор бериш,  соҳани сифатли даражада ривожлантириш учун инновацион ёндашув зарурлиги таъкидланди. Дарҳақиқат, маърифатга эришмасдан туриб, фан, таълим, тиббиёт каби соҳаларни комплекс ривожлантирмасдан туриб иқтисодий ўсиш, фаровон турмушга эришиб бўлмайди. Бу жиҳатдан “Адолат”  СДПнинг сайловолди дастурида ҳам изчил ғоялар илгари сурилган эди.  Бугунги кунгача ҳам давлат раҳбари томонидан партиямиз ғоялари эътиборга олиниб,  қатор қарорлар қабул қилинган. Докторантура учун қабул квоталарини ошириш, ҳудудларда, айниқса, қишлоқ жойларда йўловчи транспорти тизими фаолиятини  тубдан такомиллаштириш, фуқаролик, жиноят ишлари бўйича ва  иқтисодий судларни бирлаштириш, ОТМларга академик ва молиявий мустақиллик бериш каби партиямиз ғоялари, Давлат дастури учун фракциямиз томонидан берилган таклифлар  бугунги Мурожаатномада ҳам ўз аксини топди.

Мурожатномада, албатта, юракнинг тубидаги ўйларни юзага чиқарадиган жиҳатлар кўп бўлди. Лекин бир иқтибос келтираманки, яъни Мурожаатномада Президент тилидан янграган: “Муаллимларимиз болалаларга сифатли таълим бериш ва ўз устида ишлашдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслиги учун давлат барча шароитларни яратиб бериши зарур” деган сўзлар узоқ йиллар дилимдан ўтказиб келган фикрларим эди.

Одил судловга,  судлар мустақиллигига эришиш ҳам партиямизнинг устувор йўналишларидан бири эди. Мурожаатномада “Бир суд - бир инстанция” тамойили асосида судларнинг фаолият кўрсатиши, янги йилдан бошлаб 3 та суднинг битта суд сифатида иш бошлаши бир-бирини такрорлайдиган амалиётлар туфайли фуқароларнинг сарсон бўлишларининг, адолатсизлик ва коррупциянинг олдини олади.

Ҳудудларда ташкил этилаётган IT-parkлар нафақат соҳаларни рақамлаштиришда, балки электрон бизнесни ривожлантириш, рақамли иқтисодиётга ўтиш, дастурлаш технологияларини ривожлантиришда катта қадамдир. Бугун меҳнат кучи ва ресурсларсиз ҳам интеллект орқали пул топадиган давр келди, аёлларимиз, ёшларимиз ўз уйларида ўтириб ҳам маблағга эга бўлиши учун шароит яратиш деганидир бу. Шу мақсадда дастлабки ҳаракатлар сифатида бугун ҳар бир туманда IT-school ва IT-centerларнинг очилаётганлиги, мутахассислар тайёрлашга эътибор қаратилганлиги  мамлакатимиз катта йўл олдида турганлигини билдиради. Давлат раҳбарининг мамлакатни ривожлантиришда ҳар бир соҳага ахборот технологияларининг жорий этилишига алоҳида эътибори ҳаётий заруратни юзага чиқаришга берилган муҳим кўрсатмадир. Ғояларимизнинг ҳаётга татбиқ этиб борилиши эса бугунги ва эртанги кунга мустаҳкам ишонч беради.

 

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+