Аҳоли саломатлиги йўлида бошланган ишлар изчил давом эттирилади

16.03.2021 17:03:26

Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди. Натижада бугунги кунга келиб Ўзбекистонда ўртача умр давомийлиги 73,8 ёшни, хусусан, эркаклар учун — 71,4 ёш, аёллар учун эса — 76,2 ёшни ташкил этмоқда.

Тиббий маданиятни ошириш ҳамда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш, рационал овқатланиш маданиятини тарғиб этиш, озиқ-овқат маҳсулотларини фойдали элементлар билан бойитиш, микронутриент танқислиги туфайли келиб чиқадиган касалликларнинг олдини олиш ишлари ҳам тизимли ташкил этиляпти.

Шу билан бирга, мамлакатимизда жаҳон тажрибасида илк бор ҳомиладор аёлларни таркибида фойдали микроэлементлари бўлган поливитаминлар билан бепул таъминлаш амалиёти жорий этилди. Бундай кенг қамровли ишлар натижасида мустақиллик йилларида оналар ўлими 3,2 баробар, болалар ўлими 3,4 баробар камайди. Камолга етаётган болаларнинг тўқсон икки фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Бу каби ўз вақтида тизимда амалга оширилган ислоҳотлар 2020 йил бутун дунё учун синовли бўлган пандемия даврида халқимиз саломатлигини асраб-авайлашда ўзининг ижобий натижаларини яққол намоён қилди. Тиббиёт муассасаларимизнинг замонавий асбоб ускуналар билан таъминланганлиги, фуқароларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзига амал қилиш маданиятининг шаклланганлиги пандемия даврининг кучли бўлган икки тўлқинидан ҳам талофатсиз ўтиб олиш имконини берди.

Биргина ҳудулардаги “Электрон поликлиника” тизими ҳам нечоғлик тўғри ва узоқни кўзлаб амалга оширилган ислоҳот эканлигини пандемия дарининг ўзи яна бир бор исботлади. Чунки пандемия барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳасидан ҳам рақамлаштириш жараёнини талаб қилмоқда.

Эндиликда тиббий карталарни рўйхатхонадан қидиришга ҳам ҳожат қолмади. Чунки “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимини ишга тушириш олдидан поликлиникалар хизмат кўрсатадиган маҳаллаларда яшовчилар тиббий карталаридаги маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги коорпоратив тармоғидаги электрон базага киритилди. Натижада беморлар мамлакатимизнинг қайси шаҳри ёки туманида бўлишларидан қатъий назар, ўша ҳудуддаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди.

Эътиборли томони, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар юқоридаги каби ижобий ўзгаришлар билангина чекланиб қолмасдан, тизимли тартибда давом эттирилмоқда. Хусусан, биргина 2020 йилнинг ўзида соҳани рақмлаштириш, замонавий тиббиёт ускуналарини харид қилиш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга қаратилган 40 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Тошкент шаҳри ва ҳудудларда барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилиб, зарур дори-дармон, ҳимоя ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминланди.

2021 йил — “Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, 2021 йил 1 июлдан бошлаб “ҳамширалик иши” билан мустақил шуғулланиш учун ўрта тиббиёт мутахассисларига ўзини ўзи банд қилиш асосида рухсат бериш тизими йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш, оғир касалликка чалинган болаларни даволаш мақсадида Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиб, бу мақсадларнинг амалга оширилишини молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилади.

2021 йил 1 июнга қадар эса ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш амалиёти сертификат бериш тизимига ўтказилиб, фуқароларга ўз танловига кўра давлат томонидан бериладиган маблағлар (сертификат) ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари сотиб олиш имконияти яратилади.

Ҳудудларда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина тизими оммалаштирилади. Республикада 5 ёшгача болалар, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими яратилиб, аҳолига давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ҳамда дори воситалари билан кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич амалиётга жорий этилади.

Хулоса қилиб айтганда, жорий йил якунига қадар олис ва чекка ҳудудларда бирламчи ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш сифати яхшиланиб, ихтисослаштирилган марказлар томонидан бирламчи бўғинда аҳоли ўртасида касалликнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш мақсадида муайян хасталиклар бўйича мақсадли скрининг текширувлари амалга оширилади. Ўз навбатида, буларнинг барчаси халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилишга хизмат қилади.  

 

 

Мавлуда АТҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+