Аҳолининг ижтимоий ҳимояси янада кучаяди

07.06.2021 10:06:59

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлаш учун барча зарур шарт-шароит яратилиб, ушбу масала давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўтган даврда бу борада амалга оширилган кенг кўламли ишлар кекса авлод вакиллари ўз ҳаётидан мамнун бўлиб умргузаронлик қилаётганларида яққол намоён бўлмоқда. 

Президентимиз томонидан 2021 йил 4 июнь куни имзоланган “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ушбу ҳужжат билан эндиликда белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдори ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилади. Шунингдек, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилади.

Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 000 сўмга, Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 030 сўмдан 400 000 сўмга етказилади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилиб, пенсия олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади. Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 350 сўмдан 565 000 сўмга оширилади.

Фармон билан ҳар бир пенсия ва нафақа миқдорлари суммаси аниқ белгилаб қўйилди. Бу орқали кўплаб ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар  қўшимча даромадга эга бўлади.

Бир сўз билан айтганда, соҳада амалга оширилаётган ишлар кекса ёшдаги одамлар, имконияти чекланган шахслар ва ёлғиз қарияларнинг турмуш шароитларини яхшилаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга, манзилли ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва уларга кўрсатиладиган ёрдам турларини кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Олтиной МАМИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+