Аҳолининг уй-жой сотиб олиш имкониятлари кенгаяди

05.03.2021 14:03:14

Мамлакатимизда аҳоли кун сайин кўпайиб бормоқда. Натижада уй-жойга эҳтиёж ҳам тобора ортмоқда. Уй-жойга муҳтожлиги бор оилаларнинг, айниқса, хотин-қизларнинг турар жой билан таъминланиши оғриқли масалалардан биридир. Сайловчиларимиздан бўлаётган кўплаб мурожаатлар ҳам айни шу мавзуда.

Кунда-кунора ижтимоий тармоқларда бу масалада мурожаатларга кўзимиз тушади. Хизмат нуқтаи назаридан депутат бўлишимдан олдин ҳам уй-жой масалалари бўйича мурожаатлар билан ишлашга тўғри келган. Дарҳақиқат, ўртача ойлик маош олиб ишлайдиган оиланинг уйларнинг бошланғич тўловини тўлашга қурби келмайди.

Айниқса, турмушидан ажралган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш масаласи катта муаммодир. Уйдан чиқиб кетаётганида ёлғиз ўзи бўлган аёл эндиликда камида бир-икки боласи билан алоҳида уй-жойга муҳтождир.

Ногиронлиги бор шахслардан ҳам айни мавзуда мурожаатларни ўрганганимизда уларнинг ойлик маоши етарли бўлган кафил топиши ҳам муаммога айлангани ҳам бор гап.  

3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Йиғилишда оғриқли муаммолар айтилди ва уларнинг ечими бўйича кўплаб масалалар ўртага ташланди.

Фуқароларни уй-жой билан таъминлашда уларнинг нархларини адолатли шакллантириш энг кутилган масала эди. Муҳокамалардан сўнг берилган топшириқларга кўра уйларнинг нархини арзонлаштириш баробарида асли 20% бўлган бошланғич тўлов 15 % га туширилмоқда. Бу эса фуқароларнинг уй олиш имконияти кенгайишига сабаб бўлади. Муҳтож, даромади паст оилалар эса бошланғич тўловнинг 5 % ини тўлайдилар, 10 % и эса субсидия сифатида тўлаб бериладиган бўлди.

Мана шу ўринда кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 5 % и, бошқа ҳудудларда 10 % дан юқори қисмига субсидия берилиши ҳам айни муддаодир.

Бу маълумотлар, албатта, қувонарлидир, инсонийлик сиёсатининг намунасидир. Лекин шу билан бирга депутатлар жойларда ушбу механизмнинг амал қилишини назорат остига олишлари муҳим деб ҳисоблайман. Ҳақиқий уй-жойга муҳтожлиги борларни белгилашда, кредит ва субсидияларнинг ажратилишида ноҳақлик ва сарсонгарчиликларга йўл қўйилмаслиги давлат сиёсатининг тўғри амалга оширилиши гаровидир.

Шу ўринда айрим таклифлар ҳам йўқ эмас. Даромади паст ёки муҳтож оилаларнинг уй-жой билан таъминланиши ҳали муаммо охиригача ечилди, дегани эмас. Кредитнинг қолган қисмини тўлашлари учун шу муҳтож инсонларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам бирйўла ечилса, айни муддао бўлар эди. Чунки айрим ҳудудларда ишсиз, кредитни тўлай олмаганларнинг муаммога дуч келаётганига гувоҳмиз.

Умуман олганда, аҳолининг энг катта муаммоларидан бирини ечишга қўйилган қадамни ёқлаймиз ва унинг амалга оширилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳам ўзига яраша ҳиссаси бўлади деб ишонамиз.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+