Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи — давлат эътиборида

05.03.2021 14:03:34

Уй — инсоннинг руҳий, жисмоний ва маънавий оламини бойитадиган, оиласи ва яқинлари билан жамулжамликда тўпланадиган азиз маскани. Бу ерда одам турли хил ниқоблар ортига беркиниши шарт эмас.

Уйнинг қадрини унга эриша олмаётганлар жуда яхши билади. Зотан, уй-жой бу нафақат томи ёпиқ, шифти баланд ёки деразаси чиройли манзарага қараган иморат, балки майдони катта бўлмасада кишининг турфа хил ташвишлару ишларидан сўнг ором оладиган, куч тўплайдиган, қарор қабул қиладиган жойидир.

Шу боис ўз уй-жойига эга бўлиш истаги мустақил ҳаётга қадам қўйган ҳар биримизга, хусусан ёш оилалар, кўп болали катта оилалар ёки ёлғиз ўзи фарзандларини вояга етказаётган ҳамюртларимизга бегона эмас. Ахир, ким ҳам ўз уйида фарзандлари, яқинлари қуршовида бахтли, тўкис ҳаёт қуришни орзу қилмайди?

Жорий йилнинг 3 мартида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш борасидаги вазифалар бўйича видеоселектор йиғилиши ва унда билдирилган ўринли фикр ҳамда таклифлар ҳалол меҳнат қилиб, оиласини боқаётган, бироқ ҳар қанча уринсада уй-жой сотиб олишга даромадини етмаётган ҳамюртларимиз ёки тақдир тақозоси билан ёлғиз ўзи зурриётларини вояга етказишга мажбур бўлаётган аёлларимиз, бир сўз билан айтганда уй-жойга эҳтиёжи бор одамларимизни беҳад қувонтирди.

Видеоселектор йиғилишида Президентимиз одамлар бугунги кўчмас мулк нарх-навосидан рози эмаслигини айтиб ўтганида нақадар ҳақ эканлиги барчамизга аён. Ҳудудлардаги учрашувларда уй-жой олишга қурби етмаётган айрим сайловчиларимиз уй-жойга эҳтиёжи борлиги, қурилаётган янгидан-янги уйларнинг нархи ҳамёнбоп эмаслиги, маҳаллий ҳокимликларга қилинаётган мурожаатлар натижасиз қолаётганини ёзғириб қолишганининг кўп бора гувоҳи бўлганмиз.

Таъкидланганидек, бундан буён ҳар бир вилоят ҳокими уй-жой масаласида шахсан ўзи ичига кириб, аниқ ҳисоб-китобга эга бўлиши, муҳими уй-жойларнинг нархини адолатли шакллантириш масаласини ҳал этиши халқимиз, сайловчиларимизнинг кўнглини тоғдек кўтариши табиий.   

Жорий йилда аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида 11,5 триллион сўм, яъни ўтган йилга нисбатан 4 баравар кўп маблағ ажратилаётгани, бу йилдан бошлаб ипотека кредити бўйича молиявий ресурслардан етишмовчилик ва чекловлар бўлмаслиги, шунингдек ипотека кредитлари бир йиллик имтиёз давр билан 20 йилга ажратилиши, эҳтиёжманд аҳоли учун фоизнинг бир қисми субсидия сифатида тўлаб берилиши уй-жойга эга бўлишни ушалмас орзу сифатида қабул қилишга кўникиб қолган айрим одамларимизнинг дунёқарашини тубдан ўзгаришига сабаб бўлади, десак муболаға бўлмайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда тахминан 100 миллион нафар инсоннинг бошпанаси йўқ,
1,6 миллиард нафар одамлар номақбул шароитларда кун кечиради, 15 миллион нафар инсонлар эса мажбурий равишда кўчиб юришга маҳкум. Эътиборлиси, бу инсонларнинг барчаси ҳам қолоқ, камбағаллари кўп, ривожланмаган давлатлар фуқаролари эмас, аксинча ривожланган мамлакатларда ҳам уй-жойга эга бўлмай, ижарама-ижара яшаб, умргузаронлик қиладиганлар талайгина.

Қанчалик қийин бўлмасин, Ўзбекистонда халқимизнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини узоқ муддатга мўлжалланган имтиёзли кредит ажратиш орқали қоплаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани дунёнинг ҳеч бир мамлакатида қайд этилмаган янгилик, воқелик, десак муболаға бўлмайди. Уй-жойлар, бино ва иншоотларнинг сифатини маҳаллий қурилиш маҳсулотлари ҳисобига оширишга ҳисса қўшаётган қурилиш соҳасидаги корхоналар кундан-кунга кўпайиб бораётгани бунёдкор халқимизнинг саъй-ҳаракатларидандир. Хусусан,
2020 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, биргина Тошкент вилоятида қурилиш соҳасидаги корхона ва ташкилотлар сони 3,4 мингтани ташкил этган. Бу эса ундан аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 0,6 мингтага ошганини англатади.

Хулоса қилиб айтганда, арзон ва сифатли уй-жойларни имтиёзли шартларда  аҳолининг эҳтиёжманд қатламига тақдим этилиши, жорий йилнинг ўзида камида 6,5 мингта хонадон учун кредитга 1,5 триллион сўмлик ресурс ажратилишини самарали ва шаффоф тизим ёрдамида назорат қилишда, биз, депутатларнинг ҳам ҳиссаси қўшилиши керак. Хусусан, жойларда қайси туманда уй-жойга муҳтож аҳоли сонини аниқлаш, уларнинг уй-жойга эга бўлиш учун топширган аризаларини қайд этиб бориш ва ечимига оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда маҳаллий ҳокимият вакилларидан ушбу масалалар ечимига оид ҳисоботлар, эшитувларни ташкиллаштиришга эришишимиз лозим.

 

Дилрабо ХАЛБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+