Алоқа 10 кунда яхшиланади

10.05.2022 18:05:44

Инсон бахтли яшашга ҳақли. Мамлакатимизда инсон манфаатлари барча нарсадан устун қўйиляпти.Кундалик турмушдаги муаммо ва камчиликлар эса одамларнинг фаровон ҳаётига рахна солмаслиги керак. Ҳар қандай камчиликни ўз ўрнида бартараф этиш, енгиллик яратиш халқ олдида масъул бўлган мутасадди шахснинг бурчидир. Муҳтарам Президентимиз бошчилигида юртимизда халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиш тизимининг йўлга қўйилгани ҳам ватандошларимиз учун қулай ҳаётни, умргузаронлик қилишнинг юқори даражасини таъминлашга қаратилган.

Шунга монанд, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  депутатлари томонидан  аҳоли турмуш  даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида мутасаддилар томонидан олиб борилаётган ишлар, бу борада йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар атрофлича ўрганиляпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умировнинг Нишон тумани сайловчилари билан учрашувлари ҳам ғоят самарали кечди. Депутат тумандаги Нурчи маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан юзма- юз мулоқот уюштирди. Жайрон қишлоғи аҳолисини кўпдан буён мобил алоқадан етарли  фойдалана олмаслик  муаммоси   қийнаб келарди. Депутат бу жумбоқни “Ucell” уяли алоқа компанияси мутасаддилари билан гаплашиб тез кунда бартараф этишга келишди.

Шунингдек депутат аҳоли билан мулоқоти жараёнида кўпгина кишилар томорқа экинларини оқова сув билан суғоришда жиддий камчиликларга дуч келишаётганини маълум қилишди. Депутат бу муаммони туман ҳокими билан гаплашиб очиқ бюджет платформасидан маблағ ажратиш учун овоз тўплаш тендирига киритишга келишиб олди.

Депутат Махфират Хушвақтова Муборак тумани ҳокимлиги мажлислар залида маҳалла раислигига кўрсатилган номзодлар билан суҳбат ўтказди. Жойларда ўтадиган сайловлар ҳар томонлама муқобиллик ва ошкоралик асосида ўтишини таъминлаш лозимлиги юзасидан керакли тавсиялар берди.      Депутат Махфират Хушвақтова Муборак туманидаги ҳарбий қисмда бўлиб, Президентимизнинг 2019-йил 12-сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижроси қандай бажарилаётганлиги билан қизиқди. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари билан

 суҳбатлашди. Ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган аёлларнинг бандлигини таъминлаш, фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишда камчиликлар борлиги аниқланди. Депутат шу ернинг ўзида 2 нафар ҳарбий ҳизматчининг фарзандини болалар боғчаларига жойлаштиришга кўмаклашди.        

Махфират Хушвақтованинг Миришкор тумани сайловчилари билан учрашувлари ҳам унумли  бўлди. Фуқаролар томонидан қилинган мурожаатларнинг айримлари депутат томонидан ўз жойида  ҳал этилган бўлса, баъзилари назоратга олинди. “Янгимиришкор” МФЙда яшовчи фуқаро Сожида Сафарованинг депутатга ер масаласи бўйича қилган мурожаатига ҳам ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 Депутат Дилшод Ҳамзаев Қамаши туманидаги “Сабозор” МФЙ раиси Мусурмон Сатторов, ҳоким ёрдамчиси Зафар Саидовлар иштирокида   аҳоли билан мулоқот қилди.  Сифатли гул етиштираётган Бахтиёр Бозоров билан учрашди. Тадбиркорнинг маълум қилишича, у ўз ер участкасида етиштираётган гулларини Франция, Голландия, Испания давлатларига экспорт қилаётган экан.

Депутат тумандаги “Чим” МФЙда бўлганида, бу ерда  оз эмас 115 та оила гулчилик билан шуғулланаётгани маълум бўлди. Депутат Очил Раҳмонов хонадонида бўлиб, етиштирилаётган гулхайри, иссиқхонада парвариш қилинаётган лимон кўчатларини кўздан кечирди. Хонадон соҳиби биргина гулларнинг ҳар килосини 80 минг сўмдан сотаётгани  ва экспорт қилаётганини мамнуният билан таъкидлади.  Очил Раҳмонов иссиқхонани кенгайтириш учун кредит масаласида муаммо бўлаётганлигини депутатга билдирди. Депутат бу жумбоқни масъуллар билан  гаплашган ҳолда ҳал этди.

Депутат “Работ”МФЙда яшовчи Қўчқор бобо Кўчимов хонадонида бўлиб, бу ерда турли ширин таъмли узум етиштирилаётганлигининг гувоҳи бўлди.

-Ҳар йили биргина шу узумчиликнинг ўзидан 150 миллион сўмгача даромад қиламиз,- деди Қўчқор бобо Кўчимов.- Иссиқхонада етиштирган помидор ва сабзавот полиз экинларидан 40 миллион сўмгача фойда оламиз.

Дарвоқе, шу куни депутат Дилшод Ҳамзаев Ғузор туманидаги “Савбоғ” МФЙда умргузаронлик қилаётган уруш қатнашчиси 1924 йилда таваллуд топган Эрназар бобо Ҳасанов билан  ҳам учрашди ва у кишига алоҳида ҳурмат эҳтиром кўрсатди.  Президентимиз ва давлатимиз томонидан уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар ва берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида тушунтиришлар берди. Эрназар бобо Президентимизнинг олиб бораётган халқпарвар  сиёсатларидан чексиз мамнун эканлигини фахр билан эътироф этди.

 

Хумоюн Рўзиев,

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати ёрдамчиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+