Амалий ишлар – аниқ натижаларга асос

04.03.2021 17:03:05

Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган ҳозирги вақтда барча соҳа ва тармоқларда чуқур демократик ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ҳаракатлар стратегияси асосида жамиятимизда кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар ранг-баранглиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бугунги кунда партиямизнинг ғоя ва дастурларини амалга ошириши, сайловларда тенглик, очиқлик ва холислик тамойиллари асосида фаол иштирок этиб, парламент, маҳаллий вакиллик органларида ўз фракция ва партиявий гуруҳларимизни шакллантириш ҳамда мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш учун барча қонуний асослар яратилган.

Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП  ҳам ўз электорати манфаатларини ифодалай оладиган ва ҳимоя қила оладиган сиёсий куч сифатида фаолият олиб бормоқда. Ўзининг сайловолди дастурини ҳаётга тўлиқ татбиқ қилиш орқали мамлакатимиз тараққиёти, аҳоли фаровонлиги янада ошириш мақсадида изланишлар олиб бормоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши ўзининг фаолиятида партия электорати ва аҳолининг кенг қатлами билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилиб, уларни қийнаётган, жамият ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда, барча даражадаги депутатлик корпусларининг ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйди. Бунда айниқса “Фракция – марказ – вилоят – туман” концепцияси ўзининг ижобий самарасини берди.

Партиянинг “Муаммо билан юзма юз” лойиҳаси доирасида партия вилоят ташкилотининг 16 та шаҳар ва туман Кенгашларида ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан 2020 йил давомида 904  та маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли билан юзма-юз мулоқот ва ўрганиш ишлари олиб борилиб, 13392 та хонадон ва 2455 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар ўрганилди. Учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 5127 та мурожаат келиб тушиб, улар юзасидан 854 га яқин мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Натижада, кўплаб масалалар ўз ижобий ечимини топди. 300 дан ортиқ мурожаатлар мутасадди органларни жалб этиш орқали жойида ҳал этилди. Шунингдек, кўнгилли лекторлар рўйхати шакллантирилган бўлиб, улар маҳаллаларда аҳолига мамлакатимиз ва хорижда рўй берган энг муҳим воқеа-ҳодисалар ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кенг миқёсда тушунтириш ва аҳолининг сиёсий саводхонлигини ошириш мақсадида сиёсий ўқувлар ташкил этиб келмоқда.

Шунингдек,  мамлакатимиз келажагини ҳар томонлама уйғун ривожланган баркамол авлод қўлида деб биладиган партиямиз ёшлар масаласида амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган, ёшларга қаратилган партиявий лойиҳалар доирасида жами 471  та тадбирлар ўтказди. Бунда айниқса ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишга кўмаклашиш маслаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилнинг февраль ойи давомида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан  ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва юритиш учун кластер ҳудудида ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этиш, ёшларга маслаҳатлар  бериш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатиш, ёш тадбиркорларга бизнесни юритиш асосларини ўргатиш, уларнинг малакасини ошириш мақсадида амалиётга жорий этилган “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятида амалга оширилган ишлар жамоатчилик назорати асосида ўрганиб чиқилди.  

Вилоятимиз миқёсида жами 3284 нафар ёшларига ер ажратиб берилган бўлиб, уларга ердан мақсадли фойдаланиш, қўшимча имкониятлар яратиш борасида маслаҳатлар берилиб, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шуниси қувонарлики, ёшларга ер ажратишда ташаббус кўрсатиб келаётган партиямиз фаоллари ҳам бор. Хусусан, Нарпай туманидаги “Пахтакор” фермер хўжалиги раиси, вилоят Кенгаши депутати Содиқ Ҳақбердиев ҳам сайлов округи ҳудудидаги 7 нафар ёшларга 0.25 сотихдан ер ажратиб, уларга тупроқ билан тиллашиб, мўл ҳосил олиш, деҳқончилик сирларини ўргатиб келмоқда.

Шу билан бир қаторда, февраль, март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар доирасида вилоятимизда мавжуд  умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида  ёшларнинг онгига коррупциянинг жамият ривожланишига салбий    таъсирини содда ва тушунарли қилиб етказиш ҳамда   ҳуқуқий билимини ўстириш,  коррупцияга қарши   нафрат уйғотиш мақсадида “Биз коррупцияга қаршимиз!” шиори остида иншолар танлови ўтказиш режалаштирлаган бўлиб, айни кунларда 3-босқичли танловнинг туман босқичи бўлиб ўтмоқда. Ўтказилаётган танлов натижалари бўйича мактаб ва туман босқичлари ғолиблари аниқланиб тақдирланмоқда. Танлов якунида юқори ўринларни қўлга киритган ғолиблар ва уларнинг ўқитувчилари суратлари билан Республикада чоп этиладиган иншолар тўплами китобига киритилиши режалаштирилган.

Айни кунларда, партиямиз фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари давлатимиз раҳбарининг иқтисодиёт билан баб-баравар маданиятни ҳам олиб бориш лозимлиги, маданий муҳитда катта бўлган одамнинг турмуш тарзи ҳам маданиятли бўлиши ҳақидаги фикрлари, мактаб шаҳодатномаларига чолғу асбоби бўйича баҳолашни ҳам киритиш таклифларини қўллаб-қувватлаган ҳолда таълим соҳасида қонун ҳужжатлари ижро этилишининг ҳолатини кўздан кечириш мақсадида вилоятнинг барча туманларидаги  умумтаълим мактабларида мусиқа фанини ўқитиш ҳолати юзасидан ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Мамлакатимизда сўнги йилларда аёллар масаласида жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларимиз учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, ёшларнинг ўз билим ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишини таъминловчи тизимлар яратилди. Хусусан, ҳозирги пандемия даврида бу борадаги ишлар самарасига ҳар қачонгиданда кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Аҳамиятлиси, бу борадаги ислоҳотларни Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам қўллаб-қувватлаб, камарбаста бўлиб келмоқда. Хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кучайтириш, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг барча босқичларида ҳар томонлама фаол иштирок этиши учун тенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Шу ўринда аёллар учун муносиб иш ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, мамлакатимиз ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, давлат бошқарувида аёллардан раҳбар кадрларни тайинлаш борасидаги ишларда гендер тенгликни таъминлаш масалаларига алоҳида аҳамият берилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, бугунги кунда партиямизнинг энг фаол аёли Алимова Гавҳар Зоировна Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор, вилоят Кенгаши депутати сифатида фаолият олиб бораётган бўлса, соғлиқни сақлаш тизимида, таълим ва иқтисодиёт соҳаларида, суд-ҳуқуқ тизимида етакчилик қилаётган аёлларимиз талайгина.

Тадбиркорлик фаолияти билан юқори чўққиларни забт этаётган, иқтисодиётимизни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган Гулбека Қўчқорова, Гулмира Бобоева, Зоҳида Элмуродова, Нилуфар Акрамова, Нодира Ражабова каби тадбиркор аёлларимизни эътироф этишимиз жоиз. Мамлакатимизнинг сиёсий жараёнларида жонбозлик кўрсатаётган хотин-қизларимиз сафида вилоятимизнинг Тайлоқ, Ургут, Нуробод, Пастдарғом, Самарқанд туманлари, Каттақўрғон ва Самарқанд шаҳар партия Кенгаши раисларининг фаолиятларини зикр этишимиз мумкин. Хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, жумладан, ишсиз хотин-қизларни партия томонидан “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида ишга жойлаштиришга кўмаклашиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар кўмагида олиб борилган ишлар натижасида 197 нафар хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлиги таъминлашга эришилди. 

Ўтган давр мобайнида кўмакка муҳтож оилаларга моддий ва маънавий кўмак бериш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, туман, шаҳар тиббиёт марказлари билан ҳамкорликда маҳалалларда партиянинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида  фуқароларга тиббий кўриклар ташкил этилди. “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида донорлик акцияси ўтказилиб, 100га яқин кўнгилли донорларимиз томонидан беморларга ёрдам берилди. Уйда таҳсил олаётган  120 га яқин ногирон, ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги бўлган болаларга ҳомийлар ёрдамида турли хилдаги дори-дармонлар, кийим-кечаклар, ногиронлик аравачалари берилди.  

Партиянинг вилоят туман ва шаҳар кенгашидаги депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан ўтган 2020 йил давомида маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари сессияларида мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари жами 154 маротаба, халқ депутатлари шаҳар, туманлар Кенгашлари сессияларида сафдошларимиз долзарб муаммолар юзасидан 43 та, доимий комиссиялар мажлисларида 151 та масала кўриб чиқилишига эришдилар.  Аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар жараёнида тушган муаммолар юзасидан тегишли ижро органларига 947 та депутатлик сўровлари чиқарилди. Шу орқали аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни ўрганиб, ижобий ечим топишда кўмаклашилди.

Жумладан, партиямиз лойиҳалари доирасида депутатлик гуруҳлари томонидан аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати, аҳоли турар жойлари ҳамда муассасаларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, ички йўллар масалалари, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, тиббий хизматнинг аҳволи, дори-дармонлар билан таъминланганлиги, дорихоналарда аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини мактабга сифатли тайёрлаш ишлари борасида самарали жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатишга эътибор қаратилди. 

Албатта, партиямиз олдида  турган муҳим вазифа – эришилган ютуқлар билан қаноатланиб қолмай, олдинга қараб интилиш, янги юксак марраларни эгаллашни давом эттириш, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳаётимиз даражаси ва сифатини изчил ошириб боришни таъминлаш, тенглар ичида тенг бўлиб, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашдир. Зеро, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларни таъминлаш, аҳолининг фаровонлигини ошириш энг олий қадрият ҳисобланади.

 

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+