Андижоннинг олис маҳалла ва қишлоқлари ҳам обод масканга айланади

26.03.2021 16:03:30

Бугун мамлакатимизда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида олиб борилаётган ишлар натижасида Янги Ўзбекистоннинг олис маҳалла ва қишлоқлари ҳам замонавий қиёфага кирмоқда. 50 фоиз аҳолимиз истиқомат қилиб келаётган қишлоқлардаги юртошларимизнинг турмуш фаровонлиги янада юксалиб, қишлоқ ёшларининг эртанги кунга бўлган ишончи ортиб бормоқда.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар қишлоқ аҳолиси турмуш тарзини янада яхшилаш билан бир қаторда, қишлоқларда тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли учун янги иш ўринларини яратишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда.

2021 йилда ҳам “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида маҳаллаларда бир қатор тадбиркорлик ва бандлик дастурлари амалга оширилиб, 500 минг нафар ёшлар ва 200 минг аёллар иш билан таъминланади. “Темир дафтар”га киритилган 300 минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилади. Бунинг учун жорий йилда “Оилавий тадбиркорлик” дастурлари учун 9 триллион сўм ресурс йўналтирилади. Шунингдек, 1 триллион сўм маблағ эвазига 128 та маҳаллада кичик саноат зоналари ташкил этилади. Мазкур саноат зоналаридаги объектлар барча инфратузилмага эга бўлган шароитлари билан ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшларга фойдаланиш учун тақдим этилади.

Шу билан бирга “Обод қишлоқ” дастури доирасида 379 та мактаб, 171 та мактабгача таълим ва 161 та тиббиёт муассасаси, “Обод маҳалла” дастури доирасида 57 та мактаб, 37 та боғча ва 15 та тиббиёт масканида қуриш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Ажратилган 3 триллион сўм маблағ эвасига 2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг километрдан ортиқ ички йўллар, 500 та маҳалладаги 4 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи яхшиланади.

Эътиборли томони ҳар доим андижонлик сайловчилар билан ўтказилган юзма-юз мулоқотларда маҳалларлардаги ички йўллар, электр ва газ таъминоти, қишлоқлардаги тиббий хизмат сифати пастлиги ҳамда инфратузилманинг йўқлиги борасида кўплаб мурожаатлар билдирилар эди.

Жорий йилда Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 21 та туман, 60 та қишлоқда “қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилади. Бу ишлар учун Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки томонидан 485 миллиард сўмлик лойиҳалар молиялаштирилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига кирган аҳоли пунктларининг “тиббий харитаси”ни шакллантирилиб тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида зарур ишлар амалга оширилади.

Натижада Андижон вилоятининг ҳам кўплаб туман ва шаҳар ҳамда қишлоқларининг қиёфаси тубдан яхшиланиб, фуқароларимиз учун муносиб турмуш шароити яратилган фаровон ва обод манзилларга айланади.

Мавлуда АДХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+