Архив иши такомиллашса, ортиқча оворагарчиликлар йўқолади

05.08.2020 12:08:36

Фуқароларимиз узоқ йиллик меҳнатларидан сўнг пенсияга чиқиш учун ҳужжатларни тўплай бошлайди. Шу паллада ишлаган айрим даврлари учун маълумот олиш мақсадида архив муассасаларига мурожаат қилади. Маълум бир сабабларга кўра унга тегишли хужжатлар архивдан топилмайди. Бу вазиятда фуқаро олдида шунча йиллик меҳнатининг куйиб кетишига рози бўлиши ёки судма-суд юришдан бирини танлаши лозим бўлади. Бу каби ҳолатларни камайтириш мақсадида соҳанинг қонунчилик базаси такомиллаштирилмоқда.

Жорий йилнинг 4 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеоконференция тарзидаги навбатдаги йиғилишида архив қонунчилигига киритилаётган ўзгаришларни ва бошқа бир қатор масалалар бўйича қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди.

“Архив иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасидан бошланган фракция йиғилиши қизғин бахс-мунозаралар билан ўтди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан соҳага доир муаммолар ва аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган бир қатор масалаларни ҳал этишга қаратилган янги нормалар киритилмоқда.

Фракция аъзолари мазкур соҳада ўзгаришлар қилиш учун сабаблар етарли эканлигини, ушбу соҳадаги муаммолар “Адолат” социал-демократик партиясининг жамоатчилик назорати тартибида “Ижтимоий соҳа ривожи — аҳоли фаровонлигининг гарови” лойиҳаси доирасида ўрганишларда яққол кўзга ташланганини таъкидлашди. Лойиҳа доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари ҳудудлардаги партия ташкилотларимиз ва маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда ўрганилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, 2012-2017 йилларда 68 594 та ташкилот тугатилган бўлиб, улардан фақатгина 22 347 тасининг (32,6 фоизи) ҳужжатлари архив муассасаларида мавжудлиги маълум бўлди. Қолган 46 247 та (67,4 фоизи) тугатилган корхона ва ташкилотларнинг ҳужжатлари архив муассасаларида мавжуд эмаслиги аниқланди. Бу эса меҳнат лаёқатини йўқотганда фуқароларимизнинг ижтимоий таъминот олишга доир конституциявий ҳуқуқини тўлиқ таъминлашда амалиётда ва қонунчилигимизда бўшлиқлар борлигини кўрсатиб берди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида партия Ўзархив агентлиги билан ҳамкорликда ҳукуматга тегишли таклифлар киритилган эди.

Муҳокамалар жараёнида ушбу таклифларнинг аксарияти қонун лойиҳасида ўз аксини топгани қайд этилди.

Жумладан, қонун лойиҳасида тугатилган ташкилотлар архив ҳужжатларини тегишли архивларга, шу жумладан нодавлат архивларини ҳам истисно қилмаган ҳолда топшириш билан ўзгартирилмоқда. Натижада нодавлат архивлар ҳам ривожланади ва давлат архивларининг сиғимдорлиги ортади.

Шунингдек, давлат архивлари биноларини архивлар тасарруфидан чиқариш нормаси қатъийлаштирилмоқда. Яъни давлат архивларининг биноларини уларнинг ўрнига белгиланган талабларга жавоб берадиган янги бино билан таъминланмасдан туриб ушбу архив биноларини бегоналаштиришга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Бундан ташқари давлат архивларига топширилаётган Миллий архив фонди ҳужжатларининг электрон базаларини яратиш  ва ушбу билан архив ҳужжатларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида ташкилотлар томонидан архив ҳужжатларини давлат архивларига электрон нусхалари билан бирга топшириш белгиланмоқда. Бу эса архивларнинг электрон базалари яратилишига ва архив  ҳужжатларидан фойдаланишда қулайликлар ортишига хизмат қилади.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли манфаатларига хизмат қилишини таъкидлашди. Шу билан бирга мазкур йўналишида қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам мавжудлигини қайд этган ҳолда ушбу масалалар бўйича таклифларни қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида берилишини маълум қилишди.

Йиғилишда шунингдек, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этишга хизмат қилувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан бир қатор масалалардаги турли хил бюрократик талаблар бекор қилинмоқда.

Жумладан, Меҳнат кодексининг 80-моддасига асосан ишга кираётган шахсдан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатидан турар жойдан маълумотнома чиқариб ташланмоқда. Натижада, фуқаролар томонидан меҳнат шартномаларини тузишда ортиқача бюрократик тўсиқлар олиб ташланади ва сансалорликларга чек қўйилади.

Шу билан бирга Уй-жой кодексидаги мулкдор, ижарага олувчи, уй-жой қуриш ёки уй-жой кооперативи аъзосининг аризасига илова қилиши лозим бўлган ҳужжатлар таснифидан турар жойда яшаётган шахслар кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома чиқариб ташланмоқда;

Бундан ташқари “Ўрмон тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилиш назарда тутувчи функция ва ваколатлари чиқариб ташланмоқда. Натижада, тадбиркорларнинг фаолиятига давлат ҳокимияти органлари томонидан аралашуви қисқартирилади.

Депутаталар “Адолат” СДП дастурида тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш белгилангани ва мазкур қонун лойиҳаси ҳам айни шу мақсадларни кўзлаганини қайд этишди. Шу билан бирга партия дастурида ушбу масаланинг иқтисодий жиҳатига ҳам эътибор берилгани таъкидланди. Яъни, тадбиркорликни ҳар бир фуқаронинг қобилияти ва имкониятини инобатга олган ҳолда ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва унинг ривожланишига ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали мамлакатнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Шу боисдан мазкур қонун лойиҳасининг ҳар бир банди мамлакатимиз фуқароларининг ортиқча овварагарчиликлардан сақлаган ҳолда мамлакат иқтисодий тараққиётига хисса қўшиши таъкидланди. Шу боисдан мазкур қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан маъқулланди.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклифлар илгари сурилди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+