Бир ёқлама идоравий манфаатларга асосланиб ёзилган қонун лойиҳаси фракция аъзоларининг эътирозига сабаб бўлди

14.01.2021 14:01:49

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеконференц алоқа шаклидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда фракция аъзолари томонидан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳамда “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги каби қонун лойиҳалари биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Дастлаб фракция аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Депутатлар лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида, соҳадаги миллий қонунчиликни тизимлаштириш лозимлигини таъкидлашди. Шунингдек, қонун лойиҳасида илгари сурилаётган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг электрон шаклда берилиши муносабати билан уларнинг дубликатини бериш, шунингдек лицензия шартномасини тузиш институти (амалиёти)ни бекор қилиш ҳамда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш фақатгина электрон тарзда ихтисослаштирилган махсус электрон тизим –“Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилишини қўллаб-қувватлашди.

Аммо, фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳасида манфаатдорликка йўл қўйилагн бир қатор жиддий камчиликлар борлиги ҳам айтиб ўтилди.

Дилмурод Исмоилов, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасида юридик шахслар учун киритилган жарималар аниқ механизимлар билан очиб берилмаган. Шунингдек, ўз фаолиятини бошлагани ҳақида хабардор қилмаганлиги учун ҳам тайинлаш назарда тутилаётган жарима жуда юқори. Биз бундай нормалар билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ўрнига уларни қийнаб қўямиз. Кейин қонун лойиҳасида янги норма жорий этилмоқда. Яни, тадбиркор фаолияти ҳақида хабардор қилмаса унинг тадбиркорлигини суд орқали тугатиш. Бу норма ҳам қанчалик асосли аниқ таҳлиллари борми?

Шуҳрат Полвонов, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳаси бир ёқлама идоравий манфаатларга асосланиб ёзилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фақатгина қонун лойиҳасига алоқадор давлат идоралари билангина келишилган. Нега бошқа эртага фаолияти шу қонун билан тартибга солинадиган нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан келишувлар амалга оширилмаган? Хусусан қонун лойиҳасида иккинчи тартибга солувчи томон ўз вазифаларини бажармаса қандай жора кўрилиши ҳақида норма киритилмаган.

Баҳром Қўчқоров, Адлия вазири ўринбосари:

— Биз қонун лойиҳаси билан фақатгина қонуний ишловчи тадбиркорларни ҳимоя қилишни назарда тутганмиз, қонуний ишламаган тадбиркорларни ҳимоя қилмаймиз. Фракция аъзолари томонидан билдирилган таклифлар ўрганиб чиқилади.

Йиғилиш кун тартибида муҳокама қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Мазкур қонун лойиҳасининг амалиётга жорий этилиши натижасида йўл транспорт соҳасидаги қоидабузарлик учун жарималар белгилашда коррупцион ҳолатлар содир этилишининг олди олиниб, жарималар миқдори айбдорлик даражасидан келиб чиққан ҳолда тавсифланади. Шунингдек, автотранспорт воситаси тўхташ ёки тўхтаб туриш жойларида зарур инфраструктура мавжуд бўлмаган ва мажбурликдан содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан жарималар миқдори енгиллаштирилади. Бу каби ҳолатлар эса фуқароларда қабул қилинаётган қонунларга нисбатан ишонч ҳиссини ошишига хизмат қилади.

Ушбу қонуннида назарда тутилган имтиёзларда ҳам бир қатор ўз ўрнини топмаган таклифлар борлиги ҳам депутатлар эътиборидан четда қолмади.

Олтиной Мамирова,“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасида фуқароларимиз манфаатини кўзлаб бир қатор нормалар илгари сурилмоқда. Аммо, атайлаб қилинадиган жумладан, табиатга зарар етказиш каби қоидабузарликлар учун жарималар деярли беш бараваргача камайтирилмоқда. Аммо ҳайдовчилар ўзлари истамаган ҳолда тўхтаб туриш қоидаларини бузганлиги учун камайтирилаётган сумма сезиларли эмас. Бу масалани қонун лойиҳасини кейинги ўқишга тайёрлаш жараёнида яна бир бор кўриб чиқиш зарур.

Партия ва фракция позициясидан келиб чиққан ҳолада бўлиб ўтган йиғилишда депутатлар “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасига ҳам ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Жумладан, қонун лойиҳасининг бир бор Сенатдан қайтарилганлигини ҳисобга олган ҳаолда пухта ишлаш, ҳозирги қайта ишланган ҳолатида фақатгина сенат томонидан билдирилган эътирозларни ўзгартириш билангина чекланиб қолинганлиги айтиб ўтилди.

Ойдин Абдуллаева,“Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳаси бир йил олдин ишлаб чиқилганлиги учун ҳозирги қонунчиликдаги ўзгаришларга мослаштирилмасдан қайта киритилган. Бигина мисол, бугун биз “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилдик. Мазкур қонун лойиҳасининг кўплаб қисми айнан “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонун билан кесишади аммо қонун лойиҳасида уларни бир бирига солиштириб ўзартириш киритилмаган.

Қизғин бахс ва мунозаралар тарзида ўтган йиғилиш якунида кун тартибида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+