Бирламчи тиббиёт муассасалари

15.01.2021 18:01:05

Бирламчи тиббиёт муассасалари

МУАММОЛАРДАН ҚАЧОН ҚУТУЛАДИ?

Пандемия шароитида тиббиёт соҳасидаги ютуқ ва камчиликларимиз яққол кўринди. Қаердадир тажрибамиз ошди, яна қаердадир янгича амалиёт йўлга қўйилди. Жумладан, эпидемияга қарши янги шифохоналар қурилиши, электрон тиббиётга ўтишнинг тезлашиши, телемедицинага асос солиниши Ўзбекис­тон тиббиётидаги ижобий ютуқлардир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида тиббиёт соҳаси, хусусан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизмат сифатини ошириш масалалари тилга олинди. Бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш бўйича берилган таклиф ҳам жиддий мулоҳаза юритишга ундайди. 

Мурожаатномада тилга олинган масалалар аҳолига тиббий хизматни яхшилаш учун қилинадиган ишлар ҳали кўплигини англатади. Тиббиёт соҳасида инсонларнинг энг биринчи иши тушадиган, бевосита халқ ҳаётида муҳим бўлган жой, бу бирламчи бўғиндаги тиббиёт муассасаларидир.

Жумладан, Бағдод туманида рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича ўрганишларимиз жараёнида Фарғона вилояти бўйича Ёзёвон ва Бағдод туманлари рақамли технологияларни ривожлантиришда намуна сифатида танлаб олинганлиги маълум бўлди. Бу борадаги лойиҳалар доирасида “Электрон поликлиника” ахборот тизимини яратиш мақсад қилинган.

Биз “Ақлли тиббиёт” тизимини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар кўлами билан танишиш учун туман ҳокимлиги мутасаддилари билан боғланганимизда мутахассислар жорий йилнинг биринчи чорагида тумандаги барча ижтимоий соҳа объектлари оптик толали тезкор интернет билан таъминланишини маълум қилдилар.

Туманда тиббиёт ходимларига “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона” ҳақида, платформанинг ишлаши борасида тушунча бериш зарурияти мавжуд. Республика бўйича 26 та шаҳар-туман рақамлаштириш бўйича пилот сифатида танлаб олинган бўлиб, Бағдод тумани марказий поликлиникасида рақамлаштириш ишлари ҳали бошланғич босқичда, дейиш мумкин. Ҳозирча техник жиҳатдан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 237 та замонавий компьютер ва 267 та планшетга буюртма берилган.

Рақамли технологияларни жорий қилиш, албатта, яхши. Лекин унгача ҳам муҳим бўлган масалалар тиббиёт хизмати сифатини яхшилаш муаммолигича қолмоқда. Жойларда тиббиёт ходимлари ва сайловчилар билан ўтказилган суҳбатларимиз жараёнида ана шундай масалалар ўртага қўйилди. Масалан, яқинда Бағдод туманидаги 8-оилавий поликлиникада туман тиббиёт ходимлари билан ўтказган учрашув ва аҳоли билан суҳбатларимизда маълум бўлишича, соҳанинг йиғилиб қолган бир қатор муаммолари мавжуд бўлиб, улар, асосан қуйи­дагилардан иборат:

— тиббиёт муассасаларига психолог штатини бериш зарурлигини ҳаёт исботлади. Чунки тезда асабийлашиб, тушкунликка тушиб қоладиган одамлар бугун кўпчиликни ташкил этмоқда. Уларга ўз вақтида ва сифатли психологик ёрдам кўрсатиш зарур;

— физиотерапия хизматига қишлоқ ва маҳаллалар аҳолисида эҳтиёж борлигига қарамай, бирламчи бўғинда физиотерапевт штати йўқ бўлиб кетган;

— туманда эмлаш ишлари тўхтагани йўқ, бироқ эмловчи штати йўқ бўлиб кетган. Уни тиклаш ҳам ҳаётий зарурат;

— доя штати учун бор-йўғи 0,75 ставка бўлишига қарамасдан, у жойларда 22 минг аҳолига хизмат кўрсатишга мажбур бўлмоқда. Ваҳоланки, ҳозирда шунча сондаги аҳолига 2 ставка штат ажратиш зарурати бор. Доя штатида ишловчи ходимнинг неча нафар аҳолига хизмат кўрсатиши кераклиги норматив ҳужжатларда белгиланмаган, бу бўйича аниқ стандартларини белгилаш керак;

— муолажа ҳамшираси штати ҳам қисқартирилган бўлиб, аслида аҳолига 2 ставка штатда хизмат кўрсатиш эҳтиёжи бор;

— қишлоқ врачлик пунктларида стоматолог штати ҳам бекор қилинган бўлиб, унга иши тушган аҳолининг сарсонгарчилиги давом этмоқда;

— фойдаланилган тиббиёт буюмларини зарарсизлантириш зарур бўлса-да, бирламчи бўғинда автоклав мосламасига масъул шахс штати йўқ;

— шаҳар ва туманларда ишловчи тиббиёт ходимларига ойлик маош белгилашда фарқ юзага келган. Яъни туманда ишловчи шифокор бир хил вазифа бажарса-да, шаҳардаги шифокордан кам маош олади. Бу эса кадрлар қўнимсизлиги ва коррупцияга йўл очиб берувчи омил ҳисобланади. Масалан, оддий шифокор 1 ставка учун 1 700 000 — 1 800 000 сўм ойлик маош олади. Бу олий тоифали ҳамшира, патронажлар маошидан кўп фарқ қилмайди;

— “Тез ёрдам” бригадасига кичик тиббиёт ходими штати зарур. Баъзида беморлар билан юзага келадиган ҳолатларда уларга эҳтиёж борлиги сезилмоқда.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш керакки, тиббиёт ходимларига штат белгилаш, ойлик маош тўлаш масаласи бўйича мавжуд тартибларни янгилаш зарурати пайдо бўлган.

Биз тилга олган масалалар тиббиёт соҳасининг бир жиҳати, холос. Агар тиббиёт ходимига барча зарур шароитлар яратилса, халқимиз учун хизмат қилиш сифати ошади. Рақамли технологияларнинг жорий қилиниши, электрон платформанинг яратилиши эса, ўз навбатида, ҳам тиббиёт ходимларига, ҳам аҳолига қулайлик сифатида хизмат қилади. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш бежиз давлат дастури даражасига кўтарилгани йўқ.

Биринчи навбатда эътиборни халққа хизмат қилувчи бирламчи бўғин тиббиёт ходимларининг тўлақонли фаолияти учун етарли шароитни яратишга қаратишимиз зарур. Сайловчиларнинг мурожаатларида янграётган масалалар, яъни ҳудудларда, чекка қишлоқларда тиббий хизматнинг сифатсизлиги, тиббий хизмат учун узоқ ҳудудларга бориб сарсон бўлишаётганлигидан шикоятлар ечимини кутаётган муаммолар борлигини билдиради.

Сайдганиева Гулбахор Шарабидиновна  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+