Ботир Зокиров феномени

25.02.2021 17:02:37

Ўзбекистон маданият ва санъати тарихи силсиласида буюк олиму фузалолар, ижодкор, ҳунармандлар, мутрибу ҳофизларнинг исми шарифлари ҳалқимизнинг  хотирасида абадий муҳрланиб фахру-ифтиҳор сарчашмасига айланган. ХХ аср ўрталарида ўзбек санъатининг барча замонавий жанрларида янги ижодкорлар авлоди янги ғоя ва услубий ёндашулар билан кириб келди ва ушбу соҳалар (адабиёт, тасвирий санъат, кино, театр, мусиқа)да мафкуравий қолипларига сиғмас ўзига хос ривожланиш даврини бошлаб берди. Ушбу “инқилобчи”лар қаторида, шубҳасиз, ўзбек замонавий эстрада санъатининг асосчиларидан бири хонанда, бир вақтнинг ўзида муссавир, адиб ва актер Ботир Зокиров қиёси йўқ ижодкор зиёли сифатида майдонга келди.

Қисқа умр кўрган санъаткор Ботир Зокиров феномени нимадан иборат? Буюк санъаткорнинг вафотидан кейин кўп йиллар ўтсада, унинг муваффақиятини ҳеч ким такрорлай олмади. Унинг феномен сифатида юзага чиқиши учун сабаб бўлган омилларни санаб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Ботир Зокировнинг отаси Карим Зокиров Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида, онаси Шоҳиста Саидова Муқимий номидаги мусиқали театрда ижод қилган. Ҳар иккисининг  хонандалик санъатига дахлдор экани, янги роллар устида ишлаш, кундалик хиргойилар, масъулият билан қарши олинган премьералар Ботир Зокировга болалик чоғларидаёқ ўзининг таъсирини ўтказгани шубҳасиз.

ХХ асрнинг биринчи ярмида ўзбек мусиқа маданияти академик мусиқани ўзлаштириш ва унда ўзбек миллий қиёфасини яратиш, уни қарор топтириш билан боғлиқ фаол жараённи бошдан кечирди. Ушбу даврда куйлаш санъати, хусусан, ўзбек опералари ва мусиқали драмаларидаги куйловчи актёрлар мунтазам равишда миллий мусиқий образни яратишнинг техник ифода воситалари устида иш олиб борганлар. Академик мусиқада ўзбек анъанавий хонандалик санъатига хос бўлган бадиий ва техник усуллардан самарали фойдаланиш, ижодий изланиш жараёнлари жуда мураккаб, аммо қизиқарли кечган. Аниқроғи, мутлақо янги жанрларда асар яратишда нафақат мусиқий оҳангга хос бўлган бўёқларни кашф этиш, балки сўзнинг ифодавий кучини юзага чиқариш борасида ҳам юксак даражадаги маҳорат юзага келган. Сўз ва мусиқанинг бирлашувидаги ўзбекона миллий мазмундор ифодавийликка эришиш  пировард мақсад сифатида кўзланган.

Б.Зокиров болалик чоғиданоқ ушбу жараёнлар оғушида вояга етди, жоиз бўлса, оҳангларнинг илоҳий қудратини ўзига чуқур сингдирган хонанда сифатида шаклланди, тарбия топди. Айнан болалик чоғларидаги ижодий муҳит, атрофдаги санъаткорларнинг юксак идеалларга интилиши, фидойилик ва ихлос ҳисси Б.Зокировнинг кейинги тақдир йўлини белгилаб берди.

Ботир Зокиров шубҳасиз  улкан истеъдод соҳиби эди. Унинг истеъдоди, аввалам бор, ажойиб инсоний фазилат ва юксак бадиий дид билан уйғунлашган. Зеро, у куйлаган қўшиқлар ўзига хос гўзал, дилрабо ва мазмундор бўлиб, беихтиёр тингловчини ўзига жалб этади. Айтиш керакки, ушбу қўшиқларнинг мукаммал бўлиб дунёга келишида айнан хонанданинг ижодий тафаккури ва ижрочилик маҳорати ўзан омил бўлди. Негаки, қўшиққа жон бағишлаб, унинг таъсир кучини юзага чиқариш айнан ижрочи зиммасидаги вазифа ҳисобланади.

Б.Зокировнинг бетакрор хонандалик қиёфаси бой репертуар, юксак даражадаги ижрочилик маданияти, ифодавийлик, ҳиссий теранлик, бадиийлик, оҳангдорлик ва овоз тембрининг олийжаноб янграши билан белгиланади. Ундаги очиқлик, самимийлик, мукаммалликка интилиш, тингловчи олдидаги масъулият Б.Зокиров куйлаш услубининг муваффақиятини белгилаган асосий мезондир.

Ботир Зокиров феноменининг юзага келишига замин бўлган омиллардан яна бири у туғилиб яшаган даврдир. Айтиш керакки, бу даврда санъат, хусусан, мусиқа санъатига қўйиладиган талаблар айнан профессионал ижрочилик мезонларига асосланган. Ушбу мезонларга кўра, хонанда нафақат шеърий-мусиқий матони ифода этиш, балки, ушбу мезонларнинг янада мураккаб бўлган кейинги босқичларида ҳам ўзини кўрсата олиши керак. Жумладан, артистизм, бадиий образнинг ҳаққонийлиги, юксак даражадаги таъсирчанликка эришиш каби сифатлар хонандалик маҳоратини ташкил этувчи талаблар ҳисобланади. Б.Зокиров ўз ижросида мана шу сифатларга  тўлақонли эришибгина қолмай,  балки унга сайқал бериб янги жилоларни кашф этди. Шу боис ҳам, унинг қўшиқлари оромбахш, ҳеч бир хайқириқларсиз, юксак даражада ҳиссий теран янграйди.

Эҳтимол, Б.Зокиров ижрочилик санъатининг томошабинга нисбатан сеҳрли таъсир манбаи унинг куйлаш техникаси билан эмас, балки, хонанда қалбида туғён урган ҳис-кечинмаларнинг овозга йўналтирилган куч-қудрати билан боғлиқдир. Бунинг учун, сўзнинг мазму-моҳиятини англаш, образ атрофида фикрлай олиш, мулоҳаза оламида парвоз этиш қобилияти зарур. Шундай экан, унинг ижросидаги ҳар бир қўшиқ аълоҳида нодир бадиий мўъжизага, кенг маънода эса, умумиллий маънавий меросга айланиб улгурди. У ижро этган қўшиқлар кўпчилик хонандалар, аксарият ҳолларда, ёш хонандалар томонидан куйланиб келинмоқда. Аммо шу пайтгача ҳеч бир хонанда Б.Зокировнинг маҳоратидан ўзиб кетишга қодир бўла олмади.

Ботир Зокировнинг истеъдоди кенг қамровли эди. У ажойиб мусаввир сифатида  ҳам кенг жамоатчилик ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлган эди. Композитор Икром Акбаров басталаган “Раъно” номли қўшиқнинг клипида Ботир Зокиров мольбертга таяниб, гўзал қиз чеҳрасини чизаётган саҳнаси бор. Ушбу саҳна мени ҳамиша ҳаяжонга солади. Негаки, у ерда фавқулодда жонли ижодий жараённи кузатиш мумкин. Оддий кўмир билан чизилаётган оқ қоғозда Ботир Зокиров-мусаввир қўли остидан  ва Ботир Зокиров - ҳофиз хониши жўрлигида аста-секин гўзал ифода, кайфият ва характер пайдо бўлади.

У билан мулоқотда бўлган замондошлар Ботир аканинг ажойиб қаламкаш бўлгани ҳақида гапиришади. Соғлигини тиклаш билан боғлиқ хонандалик ижодидаги давомли танаффус йилларида Б.Зокиров бир қанча ҳикоя, очерк ва шеърлар ёзган, шунингдек,  "Кичик шаҳзода" (A. де Сент-Екзюпери), "Соя" (Е.Шварц) асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Композитор И.Акбаровнинг “Сўғдлик қоплон” номли операсининг либреттосини ҳам яратган. Демак, буюк санъаткор мусиқий-саҳнавий драматургия асосларини ҳам мукаммал эгаллашга муваффақ бўлган.

Б.Зокиров ҳаётда ниҳоятда самимий, ҳазилкаш, муомалага тез киришувчан инсон бўлган. Унинг ҳикоялари суҳбатдошларни ўзига мафтун этиб, атрофида кўп сонли одамларнинг тўпланиши одатий ҳол бўлган.

Эндиликда тингловчилар Б.Зокировни ўзлари учун қайта кашф этмоқдалар. У ҳуддики қимматбаҳо гавҳар сингари вақт ўтиши билан ўз қадр-қимматини йўқотмаган, аксинча, унинг қадри-моҳияти бир неча баробар ошган. Беназир хонанда Ботир Зокиров нафақат ўзбек эстрада санъатининг асосчиларидан бири  сифатида, балки,  фозил инсон сифатидаги намунаси ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Бунинг исботи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 декабрда имзоланган “Ўзбекистон ҳалқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигин кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарорида кенг қамровли ифодасини топган.

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва

спорт масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+