Будапештда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси очилади

06.10.2022 14:10:33

Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил бўлди. Ушбу ўтган вақт давомида нафақат стратегик шерик давлатлар сифатида икки томонлама муносабатлар, балки халқаро ташкилотлар доирасида ҳам кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 3-4 октябрь кунлари Венгирияга ташрифи доирасида ўзаро ишонч ва кенг доирадаги умумий манфаатларга асосланган стратегик шериклик даражасидаги муносабатларни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга ошириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувлар кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Венгрия Президенти Каталин Новак билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам халқларимизнинг азалий тарихий алоқалари, муштарак қадриятлари ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани, Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар тизимига қўшилгани ўзаро савдони салмоқли даражада кўпайтириш ва диверсификация қилиш учун янги имкониятлар очишини таъкидладилар.

Шунингдек, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқотни ва ўзаро кўмакни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Шу билан бирга, ташриф доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Будапешт шаҳрида Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Тадбирда Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири, Савдо-саноат палатаси, “OTP Bank” раислари ҳамда йигирмага яқин энг йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон етакчисининг хорижий ташрифлари давомида ишбилармонлар билан очиқ учрашувлар ўтказиш ўзгармас анъанага айланган навбатдаги мулоқот жараёнида ҳам мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий муваффақиятлари ҳақида венгриялик ишбилармон доира вакилларига маълумотлар бериб ўтилди.

Шунингдек, Будапештдаги “Кармелита” саройида Президент Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ўртасида дастлаб тор доирадаги ҳамда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда мулоқот ўтказилди.

Ушбу мулоқотлар давомида томонлар келажакда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан саноат кооперацияси орқали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратишди. Шу маънода, икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб туриши, ривожланиш стратегиялари диверсификация ва индустриаллашувга қаратилгани билан бир-бирига ўхшашлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги, транспорт, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, сувни тежаш ва саноат соҳаларидаги кооперацияга янги кучли суръат бағишлаш юзасидан келишувга эришилди. Шу мақсадда устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун тез фурсатда қўшма фонд тузилиши, бизнес-форум ва кўргазмалар мунтазам ўтказиб борилиши белгилаб олинди.

Томонлар ташриф олди Венгрияда ўтказилган бизнес-форумнинг муваффақиятли якунлангани, яъни қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция ва савдо битимлари имзолангани натижадор ҳамкорликнинг аниқ амалий натижаси бўлганини мамнуният билан қайд этдилар.

Хулоса қилиб айтганда, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик алоқаларнинг янада ривожланиши, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган фонднинг тузилиши ҳамда Будапештда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси фаолиятининг йўлга қўйилиши ташриф давомида эришилган келишувларни ўз вақтида амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этади.

 

 

 

 

Махфират ХУШВАҚТОВА,

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+