Давлат бюджетининг тўққиз ойлик ижроси қандай баҳоланди?

21.11.2022 20:11:35

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб кўриб чиқилди.

Айниқса, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда ҳар бир бола ҳеч кимдан кам бўлмай таълим-тарбия олиши учун зарур шароитлар яратилган. Уларни ижтимоий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш, айниқса, қизиқишлари бўйича тўғри йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида унинг бугунги кундаги аҳамияти ва заруратига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу ҳужжатни такомиллаштириш бўйича асосли таклифлар илгари сурилди. Савол-жавоблардан сўнг, мазкур қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда кўриб чиқилган навбатдаги масала — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида ҳисобот бўлди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида мамлакатимизда фан соҳасига 1 390,7 млрд. сўм ёки фанни ривожлантириш учун кўзда тутилган маблағларнинг 89,6 фоизи ўзлаштирилган.

2022 йилдан бошлаб илмий лойиҳаларни молиялаштириш Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси орқали молиялаштиришга ўтказилди ва жамғарма томонидан 2022 йилнинг 9 ойлик якунига кўра 409,1 млрд. сўм маблағ илмий лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилди.

Ноёб илмий объектлар ва илмий муассасаларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар учун кўзда тутилган 495,1 млрд. сўм маблағнинг 82,7 фоизи ўзлаштирилган. Илмий-тадқиқот институтлари қайта ташкил топиши ҳамда бюджет ҳисобига молиялаштириш учун 2022 йилдан бошлаб ўтказилиши ва шу муносабат билан бўш турган иш ўринлари ўз вақтида тўлдирилмагани сабабли тўлиқ ўзлаштирилмаган.

Фракция аъзолари жорий йилнинг 9 ойида Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 18 930,8 млрд. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 803,7 млрд. сўмга ёхуд 18,3 фоизга кўп маблағлар ажратилганига алоҳида эътибор қаратди.

Ҳисобот даврида амалга оширилган салмоқли ишлар ижобий баҳоланиб, айрим бандларнинг бажарилиши кечикаётгани танқид остига олинди. Бу борада депутатлар ўз нуқтаи назарини, фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини беришди. 

Йиғилишда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил 9 ойлик ижроси юзасидан ҳисобот маъқулланди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+