Давлат Дастури: вазифалар сўзда эмас, амалда бажарилиши зарур

10.02.2021 19:02:16

Аждодларимиздан “Гапни оз сўзла, ишни кўп кўзла” деган нақл бекорга бизгача мерос бўлиб қолмаган. Зеро, гап билан дарахт кўкармайди.

Айни шу масала Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 29 декабр куни йўлланган Мурожаатномада кўтарилиб, ислоҳотлар самарасини ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этиши учун ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш лозимлигига урғу бериб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, 2017-2021 йиллар оралиғида 2 мингга яқин фармон ва қарорлар қабул қилинган бўлсада, ҳудуд ва ташкилотларда уларнинг мазмун-моҳияти тушунилмай қолиб, ушбу ҳужжатларнинг бажарилиши қониқарсиз даражада бўлиб қолмоқда.

Бунинг натижасида берилган имкониятлар ва бошланган ташаббуслардан фойдаланмасдан, аҳоли ва тадбиркорлар учун зарур шарт-шароитлар яратилмай келинмоқда.

Шу боис, Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, жумладан давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида, Давлат Дастурининг 8 бандида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари
ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг янги тизимини йўлга қўйиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга жорий йилнинг 1 мартигача тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.

Унда ижрони лойиҳа босқичида режалаштиришижрони ташкил этиш ва кўмаклашишижрони баҳолашижрони назорат қилиш каби 4 босқичли самарали тизим ташкил этиш назарга тутилган.

Хусусан, ҳужжатларни амалиётда қўллашга кўмаклашиш мақсадида, ижрони лойиҳа босқичида режалаштиришда, адлия вазири ўринбосарлари марказий идораларга бириктирилиши назарда тутилиб, ўрта ва қуйи бўғин ходимлари учун ҳар бир соҳага оид қарор бўйича ўқиш ташкил этилади.

Ўз навбатида, давлат идоралари томонидан қарорлар ижроси юзасидан матбуот анжуманлари ташкил этилиб, салбий амалиётни танқидий муҳокама қилиш билан бирга, самарали ижро бўйича ижобий тажрибалар ҳам ёритилади. Бундай таҳлиллар давлат идораларида ижрога халақит бераётган ортиқча вазифа ва функцияларни қисқартирилишига асос бўлиши кўзда тутилган.

Бу чоралар 2021 йил якунига қадар амалдаги қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларини бекор қилинишига ва тарқоқ ҳужжатларни тизимлаштириш орқали тартибга келтирилишига ва тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг даражасини камайтириш учун ортиқча нормаларни қисқартирилишга кўмаклашиши режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, тизимли равишда ислоҳотлар моҳияти ва натижаларини халққа етказиб бориш мақсадида оммавий ахборот воситаларида орқали “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда” мавзусида кўрсатув ва чиқишлар ташкил этилиши белгилаб берилди.

Мурожаатномада “Ижро тизимидаги энг катта муаммо – дунёқараш ўзгармаётгани, билимисизлик ва масъулиятсизлик” – дея кўрсатиб ўтилди. Дарҳақиқат, мамлакатимиз келажаги белгиланган вазифаларни қандай бажаришимиз билан белгиланишини инобатга оладиган бўлсак, ҳужжатларнинг ижросига қаратилган амалдаги ёндашувимизни ўзгартиришимиз даркор. Шу мақсадда, самарали ижро тизимини яратишда ижрони ташкил этиш ва кўмаклашиш” иккинчи босқич сифатида белгиланди.

Бу босқичда мутасаддилар жойларга чиқиб, қарорлар ижроси юзасидан манзилли ва тематик ўрганишлар ўтказиб, барча масалалар юзасидан, хусусан, қонунчиликдаги камчиликлардан тортиб, инвестиция лойиҳалари аҳволигача, комплекс тадқиқот олиб бориши, муаммоларни аниқлаши ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши назарда тутилган.

Тегишли давлат органларидаги ижро сифати ва ҳолатини вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларида, республика даражасида эса – Вазирлар Маҳкамасида ҳар ойда танқидий муҳокама қилиб бориш амалиёти жорий этилмоқда.

Президент ҳужжатлари ва топшириқларини масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш
ва ҳокимиятлар бўлиниши тамойилига қатъий риоя қилинган ҳолда назорат қилиш бўйича Адлия вазирлиги ваколатларини кенгайтирилиб, зарур ваколат
ва ресурслар берилди.

Жумладан, вазирликка маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини тайёрлаш, қабул қилиш, ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизимини жорий этиш, ундан фойдаланиш, юритиш ва жараёнда жамоатчилик иштирокини таъминлаш бўйича вазифалар юкланди.

Бундан ташқари, қабул қилинаётган қарорларни ижрочи ва манфаатдор ташкилотларга етказиш ҳамда тегишли базалар билан интеграция қилиш, тегишли давлат органлари ходимларини мазкур тизимда ишлаш бўйича ўқитиш амалиётини йўлга қўйишда ҳам Адлия вазирлиги масъул этиб белгиланди.

Ҳужжатлар ижросини режалаштириш ва ташкил этишнинг самараси ижрони баҳолаш орқали аниқланади. Шу мақсадда, Адлия вазирлигига Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Ижтимоий фикр” маркази билан бирга аҳоли ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказиш, қарорлар ижроси ва бунга халқнинг муносабатини ўрганиш вазифаси қўйилди.

Қабул қилинаётган ҳужжатларнинг шаффофлигини таъминлаш ва уларга объектив баҳо берилишини таъминлаш мақсадида 2021 йил 1 июлга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарорларни фақатгина махсус “E-qaror” электрон тизими орқали тайёрлаб, қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилиши белгинланди.

Таъкидлаш жоизки, ҳужжатларнинг бажаралиши самарадорлигини ошириш, уларнинг ижросини назорат қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, ижрони назорат қилиш ижро тизимини такомиллаштиришнинг босқичларидан бири сифатида белгиланди. Амалдаги назорат тизими формал тусга эга бўлиб, ижрони ташкил этишдаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишга йўналтирилмаган. Шунинг учун жорий йилда бу борада янги иш тизими жорий этилади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратини кенг йўлга қўйиш мақсадида “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизимлари жорий этилиб, бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг фаол иштироки таъминланади. Жисмоний ва юридик шахсларга Президент ҳужжатлари ижроси юзасидан мурожаат қилиш имконини берадиган мобил илова ишга туширилади.

Шу билан бирга, Адлия вазирлиги қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ва мажбурий бўлган кўрсатмалар талабларини бажармаслик, “Ijro.gov.uz” тизимига зарур маълумотларни киритмаслик ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларини ўз муддатида бажармаслик ёки сифатсиз ижро этиш ҳолатлари бўйича мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш белгилаб қўйилди.

Давлат дастурида белгиланган ушбу вазифаларнинг ижроси мутассадди ташкилотларнинг кенг жамоатчилик олдида жавобгарлигини кучайтириш, амалга оширилаётган ҳар бир ҳаракатга барчамиз баҳо бера оладиган тизимни жорий қилиш орқали мамлакатимиз учун долзарб бўлган муаммоларни биргаликда ечишга хизмат қилади. Шундай экан, берилган ишончни сўзда эмас, амалда оқлашимиз зарур.

 

Дилшод ҲАМЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+