Давлат дастурида ёшларни қўллаб-қувватлашга оид устувор вазифалар белгиланган

22.02.2021 14:02:58

Жорий йилнинг 3 февраль куни қабул қилинган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га оид Давлат дастурида Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқори иқтисодий ўсишга эришиш ҳисобидан халқимизнинг фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Хусусан, Давлат дастурининг тўртинчи — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўлимида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш билан боғлиқ бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган.

Дастурда белгилаб берилган ёшларга оид вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилади. Ижтимоий адолат тамойили таъминланиб, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилади.

Давлат дастурининг ижтимоий ҳимояни таъминлашга қаратилган 237-бандининг жорий йил 1 апрелгача ижро этилиши натижасида эса олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш ва талаба томонидан ушбу кредитни ўқиш даври тугагандан сўнг қайтариш амалиёти йўлга қўйилади. Шу билан бирга тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабалар ва уларнинг ота-оналарига қўшимча молиявий ёрдам бериш имкониятларини яратилади.

239-бандга биноан эса Республикамиздаги 30 та етакчи давлат олий таълим муассасаларига ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади. Бунинг натижасида олий таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳияти, унинг моддий-техник базаси имкониятлари кенгаяди. Ёшларимиз қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари йўлга қўйилади.

Эътиборли жиҳати Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бош вазир бошчилигида ҳукумат аъзолари билан бўлиб ўтган 2021 йилги давлат бюджети муҳокамалари жараёнида илмий-тадқиқотларни янада жонлантириш, ёш олимларнинг илмий ишланмаларини қўллаб-қувватлаш ва умуман, мамлакатимизнинг илмий салоҳиятни юксалтириш мақсадида олий таълим муассасаларида ва илмий тадқиқот институтларида докторантура учун квоталар сонини босқичма-босқич ошириб боришни таклифини берган эдим.

Мазкур таклиф ҳам Давлат дастурининг 239-240-бандларида ўз аксини топган. Яъни, нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш, улар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда иқтидорли ёшлар ва илмий изланувчилар учун олий таълим муассасалари аро фаолият юритадиган инновацион ўқув-илмий марказларни ташкид этиш юзасидан алоҳида вазифалар белгиланган.

Ушбу вазифаларнинг амалиётга жорий этилиши илмий-тадқиқотларнинг янада жонланишига, ёш олимлар ўз илмий ишланмаларини ўзлари истаган зарур асбоб-ускуналар ҳамда лаборатория жиҳозлари мавжуд бўлган марказларда синовдан ўтказиш имкониятини беради.

Давлат дастурининг ўзига хос жиҳатларидан бири ёшлар масаласида нафақат мамлакатимизда таълим олиш истагидаги ёшларнинг хоҳиш ва истаклари балки барча ёшларимизнинг мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилганлигидир. Эндиликда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари тажрибаси асосида барча шаҳар ва туманларда “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”ни ташкил этиш назарда тутилган.

Ушбу саноат зоналарининг ишга туширилиши натижасида ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида алоҳида жамғарма ташкил этилиши белгилаб қўйилагн.

Натижада жамғарма орқали ёшларнинг лойиҳалари қулай шартларда молиялаштирилади. Саноат ва тадбиркорлик зоналарида қурилган ишлаб чиқариш бинолари барча инфратузилма объектлари билан биргаликда ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади.

Шу билан бирга ёш оилаларнинг ватан ижра ватан бўлган ўз хонадонларига эга бўлишлари борасида ҳам алоҳида вазифалар белгиланган. Жумладан, дастурнинг 165-бандида Ёш оилаларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида 2021–2023 йилларда Ёшлар уйларини қуриш дастурини амалга ошириш назарда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, 2021 йилги Давлат дастурида амалга оширилиши белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши, халқимизнинг турмуш тарзи яхшиланиши, фуқароларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи ортишига ҳамда барча оилалар ўз фарзандларининг камоли рўёбини кўришига имконият яратиб беради. Бу борада кўзланган мақсад ва васифаларнинг ижроси эса биз халқ вакилларига улкан масъулият юклайди.

Зухра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+