Давлат дастурининг амалиётга жорий қилинмасдан “бажарилган” дея изоҳланган бандлари депутатлар эътирозига сабаб бўлди

28.10.2020 18:10:50

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеоконференция тарзида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, мамлакатдаги ислоҳотларни олиб бориш ва белгиланган вазифаларга эришишда Ҳукумат стратегияси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Давлат дастурида белгиланган 284 та банднинг 9 ойда амалга оширилиши лозим бўлган 173 та банднинг 99 таси тўлиқ бажарилган. 15 та банднинг муддати белгиланган тартибда узайтирилган. 53 та банднинг ижроси юзасидан тегишли тартибда 47 та ҳужжат лойиҳалари Ўзбекистон Президенти Администрациясига, 6 та лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган ва бугунги кунда улар кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, 64 та бандда “йил давомида” амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, уларнинг ижроси бўйича доимий ишлар амалга оширилмоқда.

Фракция депутатлари томонидан 2020 йил март-сентябрь ойларида Давлат дастурида ижро муддати келган 173 та бандларнинг ижросига эътибор қаратдилар. Муҳокамалар аввалида депутатлар томонидан давлат дастури доирасида 5 та банднинг муддатидан олдин бажарилганлиги ижобий баҳоланди.

Депутатлар томонидан ҳисоботни кўриб чиқишда, давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз муддатида ва пухта бажарилишини таъминлаш бўйича Ҳукумат томонидан мунтазам муҳокамалар ўтказиш тизими йўлга қўйилгани бу албатта давлат бошқаруви органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шу билан бирга ижроси таъминланмаган бандларга ҳам эътибор қаратилиб, аксарият вазифаларнинг бажаришда йўл қўйилган камчиликлар, ижро этиш ҳолатининг кечикканлиги ёки етарлича асосга эга бўлмай вазифалар муддати узайтирилигани жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатувчи асосий омил бўлаётганини таъкидлашди.

Фракция аъзоларининг эътирозига сабаб бўлган масалалардан бири дастурнинг 165-бандида келтирилган олий таълим тизимини янада такомиллаштириш бандининг бажарилмагани танқидга сабаб бўлди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим олиш истагидаги ёшларнинг қамрови йил сайин ортиб бормоқда. Шунга қарамай уларнинг эҳтиёжини қондиришнинг имкони йўқлиги туфайли уларнинг кўпчилиги хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга ҳужжат топширмоқда. Айниқса бу йилги пандемия даври бу соҳада ҳали олдимизда кўплаб ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар борлигини яққол намоён қилди.  Масъулларнинг давлат дастурининг ушбу банди ижросига етарлича эътибор қаратмагани депутатлар орасида катта эътирозларга сабаб бўлди.

Қодир Жўраев, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Давлат дастурининг бажарилишида ютуқлар билан бирга камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Жумладан, Давлат дастурининг 35-банди ҳукумат ҳисобида бажарилган бандлар рўйхатида келтирилган. Тўғри 35-бандда белгиланган Президент ҳузирида Жамоатчилик кенгашларини тузиш бўйича апрель ойида Президент Фармони қабул қилинди. Аммо ҳалигача Президент ҳузирида жамоатчилик кенгашлари тузилмади. Ҳозирги пандемия даврида ҳар бир амалга оширилаётган ислоҳотлар усидан самарали назорат ўрнатишда жамоатчиликнинг ўрни кун сайин ортиб бормоқда. Ҳисоботда биргина фармон қабул қилиниши инобатга олиниб мазкур банд бажарилганлиги маълум қилинган, аммо бу амалиёт тўлиқ ишга тушмасдан биз бу бандни тўлақонли бажарилган деб айта олмаймиз.

Ойдин Абдуллаева, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Дастурнинг 30-бандида Республика даражасида қарорлар қабул қилишда маҳаллий ҳокимларнинг иштирокини таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинган. Қарор билан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллий дастурларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишган тартибда жорий қилиш белгиланган. Аммо бугун жойларда кўраяпмизки, бир ҳоким чиқарган қарор иккинчиси томонидан бекор қилинмоқда. Мисол учун, Наманган сити масаласи. Бу каби ҳолатларни келиб чиқишига нима сабаб бўлмоқда? Агар маҳаллий ҳокимликлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги қарорларни қабул қилишда Вазирлар Маҳкамаси билан келишиш тизими жорий қилинган бўлса?

Мансур Жуманиёзов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳудудлар билан ишлаш котибияти мудири ўринбосар;

— Сиз келтирган мисолга тўхталадиган бўлсак Наманган сити масаласи Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган. Қолган ҳолатлардаги қабул қилинаётган қарорлар ҳокимларнинг ўзларининг мустақил ваколати доирасида қабул қилинган қарорлар ҳисобланади. Бу каби қарорлари учун доимий равишда Вазирлар Маҳкамаси билан келишиб олиши шарт эмас.

Фракция йиғилишиди Дастурнинг 15-бандида белгиланган Халқ депутатлари Кенгашларининг фаолиятини кучайтириш ва назорат соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш масаласи ҳам ҳали тўлақонли ўз ечимини топмаганлиги танқидий муҳокама қилинди. Жумладан, бугун ушбу бандда белгилаб берилган вазифаларнинг тўлақонли амалиётга татбиқ этилмаганлиги сабаб жойларда ижро ҳокимиятлари фаолияти устидан келиб тушаётган эътирозлар, давлат ва маҳаллий бюджет маблағларининг талон-тарож қилиниш ҳолатлари учраб турмоқда.

Яна бир муҳум масала, 78-бандда назарда тутилган тадбиркорлар томонидан амалга оширилган инфратузилма яратиш харажатларини қисман давлат томонидан қоплаш тизимини жорий этиш масаласидир. Бугунги пандемия шароитида энг долзарб масала аҳолининг доимий бандлигини таъминлаш саналмоқда. Бунда, энг аввало, табиркорларнинг узлуксиз фаолият олиб боришини таъминлаш устувор вазифа бўлиб турган бир вақтда бу банднинг бажарилишининг ортга сурилиши ўз навбатида Давлат дастурининг қолган банлдлари ижросига ҳам салбий таъсир кўрсатиши таъкидлаб ўтилди.

Дилмурод Исмоилов, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Бугунги кунда сайловчиларнинг энг кўп муаммоси асосий турдаги озиқ-овқат нархарининг ҳудудлардаги бозорларда кўтарилиб кетганлигидан бўлмоқда. Давлат дастурида озиқ-оват маҳсулотлари нархларикўтарилишининг олдини олиш ва етарлича захирасини яратиш белгиланган. Аммо бугунги кунда нарх-наво ошиб кетиши ҳолати ва бу бўйича жойлардан бўлаётган эътирозлар кун сайин ортиб бормоқда. Бу каби ҳолатларнинг ўз вақтида олдини олиш борасида ҳукуматда айни кунларда аниқ бир режа ишлаб чиқилганми?

Аюбхон Камолов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Макроиқтисодий таҳлил ва камбағалликни қисқартириш котибияти мудири;

— Ҳозирги кунда Бош вазир ҳузирида бозорлардаги нарх-навони маниторинг қилиш бўйича махсус камиссия ташкил этилган. Тез орада барча ҳудудлардаги бозорларда ишлаб чиқарувчиларнинг ўзларининг тўғридан-тўғри савдога маҳсулот олиб чиқиб, арзон нархда сотиш тизими тўлақонли йўлга қўйилиб, нарх-наво барқарорлиги таъминланади.

Депутатлар, шунингдек, бугунги пандемия даврида олиб борилаётган, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни эътироф этган ҳолда карантин билан боғлиқ айрим масалаларга ҳам тўхталиб ўтишди. Айниқса, кам таъминланган аҳолини моддий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, фракция аъзолари Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, барча вазифалар бўйича белгиланган ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқишни жаддалаштириш лозимлигини қайд этишди.

Йиғилиш якунида Вазирлар Маҳкамасининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йилнинг 9 ойи давомида бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи фракция томонидан маъқулланди.

 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+