Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф тартиби жорий этилади

02.08.2022 09:08:45

2022 йил йил 1 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб, Ўзбекистон Республикаси “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат жиноят ишларини юритишда кўрсатилиб, маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича давлат ҳисобидан бепул ёрдам кўрсатиш назарда тутилмаганлиги кам таъминланган фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган малакали юридик ёрдамдан тўлиқ фойдалана олмаслигига олиб келмоқда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этишнинг шаффоф механизми жорий этилмаган, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштирувчи ягона орган белгиланмаганлиги бюджет маблағларининг сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатилишига тўсқинлик қилмоқда.

Лойиҳани ишлаб чиқишдан асосий мақсад жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва халқаро шартномалар билан кафолатланган ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ҳамда ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барқарор ва ишончли давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш, юридик ёрдам олиш ва одил судловга эришишда тенг имкониятлардан фойдаланишни таъминлаш ҳисобланиши қайд этилди.

Қонун лойиҳаси 5 та боб, 34 та моддадан иборат бўлиб, лойиҳада:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари белгиланмоқда;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доираси кенгайтирилмоқда;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритиш ва унга адвокатларни киритишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари жорий этилмоқда;

ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали тасодифий танлаш тартиби жорий этилмоқда;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш учун масъул давлат органи сифатида Адлия вазирлиги белгиланмоқда ҳамда ушбу вазифа унинг тизимидаги юридик хизмат кўрсатиш марказларига юклатилмоқда.

Қонун лойиҳаси ташаббускорлари ҳамда депутатлар томонидан таъкидланганидек, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган кафолатларини кучайтиришга, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф тартибини жорий этиш ҳамда давлат томонидан ушбу мақсадда ажратиладиган маблағлар сарфланиши устидан самарали назоратни ўрнатишга ҳамда мамлакатнинг тегишли халқаро рейтинглар, шу жумладан Ҳуқуқ устуворлиги (Rule of law) индексидаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади.

Шунингдек, «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам муҳокама марказида бўлди.

Маърузада қайд этилганидек, ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш, шунингдек, олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган объектларни бузиб ташлаш кўплаб давлатларда долзарб муаммо ҳисобланади ва ушбу масалаларнинг лозим даражада ҳуқуқий тартибга солинмаслиги аксарият ҳолларда аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлади.

Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишнинг аниқ тартиб-таомиллари ва механизми қонунчиликда белгиланмаганлиги мамлакатнинг халқаро имижига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг «Гаров тўғрисида»ги Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига ўзгартиришлар киритилиши назарда тутилганлиги қайд этилди.

Лойиҳа билан «Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 47-моддаси биринчи қисмида “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга тушунчаларни мувофилаштириш мақсадида “давлат эҳтиёжлари” деган сўзлар “жамоат эҳтиёжлари” деган сўзлар билан алмаштирилиши таклиф этилмоқда.

Шунингдек, рус тилидаги матнидаги “выкуп” тушунчасига аниқлик киритилиб, давлат тилидаги матнида “сотиб олиш” сўзлари “қайта сотиб олиш” сўзлари билан, қолаверса “товон тўлаш” тушунчасини янада аниқлаштириштириш учун ушбу сўзга “компенсация” сўзи билан изоҳ берилмоқда.

Фуқаролик кодексининг 83, 166, 198, 199 ва 206-моддаларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириш мақсадида “қонун ҳужжатлари” деган сўзлар тегишли келишикдаги “қонун” сўзи билан алмаштирилмоқда.

Шу билан биргаликда, худди шу асосга кўра, Фуқаролик кодексининг 197-моддасидаги «мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонунчиликка асосан бекор бўлади» деган сўзлар «қонунда белгиланган асосларга кўра мулк ҳуқуқини бекор қилишга олиб келувчи қонунчилик ҳужжатига мувофиқ бекор бўлади» деган сўзлар билан алмаштирилмоқда.

Фракция йиғилишида халқимиз ҳаётини янада фарованлаштириш, юртимиздаги ислоҳатларни янада такомиллаштиришга оид бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди.

"Адолат" СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+