Деҳқон ғаллани биржада сотади

16.05.2022 10:05:55

Жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари кун сайин юқори суръатлар билан ўсмоқда. Бугунги кунда халқаро биржаларда 1 тонна буғдой 400 доллардан сотилмоқда ва йил бошига нисбатан 30 фоизга ошди. Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги кўплаб давлатлар, хусусан, Эрон, Туркия ҳамда салкам 172 млн. аҳоли яшайдиган Бангладешда ғалла нархи кескин кўтарилди.

Бугун Шимолий Африканинг барча мамлакатларида – Мисрдан тортиб Марокашгача – аҳоли қаҳатчилик бошланишидан қўрқиб ун ва ғалла ғамлашга зўр берган. Бундай вазиятда юртимизда нархларнинг ошиб кетишига йўл қўймаслик, халқимизнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш устувор вазифага айланмоқда. Хўш, бундай вазиятда қандай йўл тутмоқ зарур?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 11 май куни ўтказган ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишланган йиғилишда фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш маслалари муҳокама қилинди.

Президентимиз таъкидлаганларидек, нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бу – фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади. Бунинг учун ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарур. Бу орқали ўсиш бўлади, рақобат юзага келади. Соҳада хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли унинг улуши тобора ортиб бораётир.

Хусусан, сўнгги уч йилда ҳудудларда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади. Натижада ўтган йилда республика бўйича қарийб 3,5 миллион тонна ун ишлаб чиқарилган, шундан 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келган.

 

Афсуски, бу муаммолар йўқ, дегани эмас. Бугунги кунда “Ўздонмаҳсулот” компанияси таркибидаги 43 та дон корхоналари янги бозор шароитларида самарали ишлашга тайёр эмас. Чунки шу пайтгача компания таркибидаги дон корхоналари фермерлардан тайёр буғдойни қабул қилиб, уни қайта ишлаш билан шуғулланиб келган. Оқибатда, уларнинг ун ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси ўртача 60 фоиздан ошмайди.

Давлат дон корхоналарининг тегирмон харажатлари хусусий секторга нисбатан 20-25 фоизга юқори, рентабеллик эса 2 баравар кам. Ишлар самарасиз йўлга қўйилгани оқибатида “Ўздонмаҳсулот” корхоналарининг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдидаги қарзи 1,8 трлн сўмни ташкил этиб, шундан 1,1 трлн сўми умидсиз қарз ҳисобланади.

Видеоселектор йиғилишида муаммога узил-кесил нуқта қўйилиши маълум қилинди. Яъни, фермер-деҳқонлар анчадан буён кутган ислоҳотларнинг янги босқичи бошланади. Жорий йил 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтиладиган бўлди.

Шунингдек, фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган ғалласини биржа савдоларига ўзлари олиб чиқадиган тартиб белгиланади. Энди фермерларнинг ҳам бағрига шамол тегадиган бўлди. Бунда, энг аввало, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб ойма-ой биржага чиқарилади. Бунда июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади. Мисол учун, август ойида 1 тонна ғалланинг биржа нархи 3,5 миллион сўм бўлса, фермерга яна 500 минг сўм тўлаб берилади. Бу мақсадларга жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.

Бундан ташқари, фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради. 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатларини давлат ўз зиммасига олади ва бунга 100 миллиард сўм ажратилади.

Агар фермер ва кластерлар томонидан етиштирган ортиқча ғалласини сотиш истаги бўлса, давлат ва хусусий дон корхоналарига шартнома асосида келишилган нархларда сотади. Демак, фермер биржага чиқиб, ўзи ғалласини мустақил сотса, унинг даромади ошади, ўз меҳнати натижасидан рози бўлади. Келгусида давлат захирасига харид қилинадиган ғалла ҳам фақат биржадан сотиб олинади.

Бир сўз билан айтганда, фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади. Жорий йил жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилади. Янги тизимни тўлақонли, адолатли ва очиқ-ошкора ишлаб кетиши, ҳар бир сўм фермер ва кластерга ўз вақтида, тўлиқ етиб бориши, нарх-навони ўсиши ва тақчилликни олдини олиш бўйича “кунбай” назорат тизими жорий қилинади.

 

 

Дилрабо ХОЛБОЕВА,

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+