Депутат аралашуви билан сайловчиларнинг муаммолари жойида ҳал этилди

22.12.2020 18:12:30

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб боришмоқда. Сўнгги йиллардаги амалга ошрилаётган сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсати натижасида эса бугунги сайловчилар кечаги сайловчилардек, депутатлар билан бўлиб ўтган учрашувларда қуриқ ваъдаларга эмас амалий ишлар ва ҳаракатларга баҳо беришмоқда.

Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов ҳам жорий йилнинг 17-21 декабрь кунлари Наманган вилоятидаги 43-Дўстлик сайлов округида бўлиб ўз сайловчиларини қийнаб келаётган бир қатор муаммолар юзасидан очиқ мулоқот ўтказди.

Мулоқотлар жараёнида Наманган шаҳридаги “Юксалиш” ва “Атанган гузар” маҳалла фуқаролари томонидан аҳолини кўпрок ташфишга солаётган муаммолардан бири бу суюлтирган газ баллонлар билан таьминланмаётгани ҳамда кўмирга жуда кўпчиликнинг эҳтиёжи борлиги масаласидаги мурожаат бўлди.

Мазкур масала депутат бошчилигида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда қисқа вақт ичида ҳал этилиб, шу куннинг ўзида 2 та маҳаллада яшовчи 100 та хонадонга суюлтирлган газ билан тўлдирилган газ баллонлари ҳамда 11 ярим тоннадан ортиқ сифатли кўмир етказиб берилди.

Шунингдек, фуқаролар томонидан “Юксалиш” маҳалласида сўнгги йилларда олиб борилган қурилиш ишлари борасида ҳам бир қатор эътирозлар билдирилди. Жумладан, ҳозир маҳалла ҳудудида кенг миқёсда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга эскирган уй-жойлар ҳам талайгина. Улар орасида авария ҳолатидагилар ҳам бор. Депутат билан учрашувда фуқаро Гутиера Маддиева шу масалани кўтарди. Маълум бўлишича, яқинда 7- ва 8-кўп қаватли уйлар таъмирдан чиқарилган. Бироқ ишлар сифатсиз бажарилгани учун дастлабки ёғингарчиликдан кейиноқ уларнинг томидан чакка ўтиб кетган. Ушбу масала ҳам депутат бошчилигида Давлатобод тумани ҳокимлиги мутасаддилари билан ўрганиб чиқилиб, қисқа фурсатларда зарурий чоралар кўрилиши белгилаб олинди.

Депутат Дилмурод Исмоилов томонидан вилоятда ёшларнинг таълим тарбия олишлари учун яратиб берилган шароитлар ҳамда ижтимоий соҳа обектларининг куз-қиш мавсумидаги фаолияти ҳам яқиндан ўрганилди. Парламент аъзоси 48-умумтаълим мактабида ёшларга таълим-тарбия бериш масаласи қандай йўлга қўйилганлиги билан танишди. Маълум бўлишича, мазкур таълим масканида 2400 дан зиёд ўғил-қиз таълим олмоқда. Аслида эса мактаб 1200 ўринга мўлжалланган. Шунинг учун машғулотларни икки навбатда ташкил этишга тўғри келмоқда. Бу эса албатта, бирмунча қийинчиликлар туғдирмоқда. Демак, янги ўқув бинолари қуриш масаласини кун тартибига қўйиш зарур.

Педагог ва ўқувчилар билан ўтказилган суҳбат жараёнида жисмоний тарбия ва спорт дарсларини ўтказиш учун ҳам шароитлар етарли эмаслиги маълум бўлди.

– Ушбу мактабдаги муаммоларга халқ таълими бўлими ўз вақтида эътибор қаратмаган, – дейди Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов. – Спорт инвентарлари масаласини мен ўзим ҳомийлар ёрдамида ҳал қилиб беришни зиммага олдим. Аммо кутубхонани кенгайтириш муаммоси ҳам бор. Уни ҳал этишга қурувчиларни жалб этиш лозим. Шунинг учун депутатлик сўрови тайёрлаш керак, деб ўйлайман. Унда китоб фондини янги адабиётлар билан тўлдириш масаласи ҳам қўйилади.

Депутат Д.Исмоиловнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+