Депутат пластик карточкадаги пулни нақдлаштиришда ушлаб қолинадиган 1 фоизлик тўлов масаласини кўтарди

27.11.2020 09:11:05

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисда депутатлар “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди. Мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасида Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат вакиллари ҳам иштирок этишди.

Муҳокамалар жараёнида “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Полвонов ҳукумат аъзолари этиборини фуқаролар ойлик маошлари ҳамда унга тенглаштирилган тўловларни банкоматлар орқали нақдлаштирганда 1 фоиз ҳисобида банк хизмати тўлови ушлаб қолинаётганлиги масаласига қаратган.

Депутат бугунги кунда аҳолининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари деярли тўлиқ пластик карточкаларга ўтказиб берилаётганлиги, норматив ҳуқуқий ҳужжатларда эса, пластик карточкалардаги пул маблағлари нақд пул шаклига тенглаштирилганлиги, лекин, тижорат банклари томонидан аҳолининг пластик карточкаларини банкоматлар орқали нақдлаштиришда 1 фоиз миқдорида комиссия тўлови ушлаб қолинаётганлиги таъкидланган. Агар аҳолининг 10 фоизи бир ойда ўртача 1 миллион сўмдан банкоматлар орқали пул маблағларини нақдлаштирса бу кўрсаткич ойига 30 млрд. сўм, йилига эса 350 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағлари банклар ҳисобига ушлаб қолиниши мисол тариқасида келтириб ўтилган. Ваҳоланки, Банклар тўғрисидаги қонунда пластик карталардаги ойлик маошларини нақдлаштириш жараёнида максимал даражада 1 фоизгача банк хизмати ушлаб қолиш белгиланган. Нега айнан бугунги кунда максимал даражадаги 1 фоиз ушлаб қолинмоқда?

Депутат томонидан берилган саволга дастлаб, Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурматов бу амалиёт тижорат банкларнинг аҳолига банкомат хизматларини кўрсатишдаги ҳаражатларини қоплаш учун жорий қилинганлиги ва билдирилган эътироз Марказий банк ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилиши таъкидланди.

Шунингдек, депутат томонидан кўтарилган масалага Бош вазир Абдулла Арипов ҳам ўз муносабатини билдирган. Бош вазир мазкур масала қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида кўриб чиқилишини ҳамда 1 фоизлик устама тўлақонли олиб ташланмаган тақдирда ҳам енгиллаштириш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилган.

 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+