Депутатлар аниқланган муаммоларнинг 279 тасини жойида ҳал этди

08.04.2021 18:04:03

2021 йил 8 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси томонидан жорий йилнинг 25-31 март кунлари депутатларнинг ўз сайлов округларида ўтказган учрашувлари сарҳисобига бағишланган “Сайловчилар билан учрашувлар якунлари: энергетика соҳасидаги муаммолар ва истиқболдаги режалар” мавзусида давра суҳбати видеоконференц алоқа шаклида ўтказилди.

Қайд этилганидек, депутатлар бу галги учрашувларда мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёвнинг Олий Мажлис ва ҳалқимизга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилишига алоҳида аҳамият қаратди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, кўтарилаётган масалалрни ҳал этишнинг бутунлай янгича, замонавий амалиёти йўлга қўйилди. Шу маънода учрашувлар давомида депутатлар халқ билан самимий мулоқотлар олиб бориб, фуқароларни қизиқтирган масалалар бўйича батафсил маълумотлар бердилар. Хусусан, Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари тўғрисида, қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти, депутатларнинг келгусидаги режалари ва амалга оширадиган ишлари ҳақида сайловчиларга кенг маълумот тақдим этилди.

Шунингдек, фракция аъзолари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳларининг йиғилишларида ҳам иштирок этдилар ва улар билан фуқаролар томонидан кўтарилаётган масалаларни жойида ижобий ҳал этиш, муаммоли масалаларни кейинчалик доимий комиссияга ва сессиясига киритиш, уларнинг ижросини таъминлашида амалий ёрдам кўрсатиш борасида ҳамкорликдаги режалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан сайловчилар билан жами 444 та учрашувлар ўтказилиб, уларда 9 080 нафар сайловчилар иштирок этишди.

Қизғин ўтган мазкур учрашувлар давомида сайловчилар томонидан 616 та муаммо ва муаммоли вазият, турли мавзуларда мурожаатлар кўтарилди. Ушбу масалаларнинг 279 таси, ёки 45,2 фоизи жойида ҳал этилди.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалий ишлар талайгина бўлишига қарамай, ҳудудларда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмушини яхшилаш, айниқса, чекка-чекка қишлоқларда табиий газ, электр энергияси таъминотидаги узилишларни бартараф этиш бўйича ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжудлиги фракция аъзоларининг диққат марказида бўлди.

Хусусан, фракция аъзолари сайловчилар мурожаатлари асосида электр энергияси, табиий газ таъминоти тизиминида олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш зарурлигини таъкидлаб ўтишди. Сўнгги йилларда тадбиркорлик субъектлари сонининг ошиши, ишлаб чиқариш ва кичик бизнеснинг ўсиши, аҳолининг кун сайин ватан ичра ўз ватанига эга бўлиши табиий равишда энергияга бўлган талабнинг ошишига сабаб бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, фракция аъзолари энергия манбаларини реконструкция ва модернизация қилишга эҳтиёжи мавжуд бўлган ҳудудларни аниқ белгилаб олиш, ижтимоий соҳа объектлари энергия таъминотини яхшилаш бўйича асосли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Мавжуд муаммоларни умумлаштирган ҳолда тегишли вазирлик ва идораларга уларнинг ечимига оид сўровларни юбориш алоҳида вазифа сифатида белгиланди.

Тадбирда фракция аъзолари учрашувлар давомида жойларда кўтарилган масалаларни масъул ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган ҳолда жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиш бўйича режалар ишлаб чиқди.

Шу билан бирга, депутатлар аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилаш, ҳудудлардаги инфратузилмаларни ривожлантиришга хизмат қилаётган Давлат дастурлари ижросини назорат қилишда сайловчилар билан учрашувлар муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди.

Кун тартибидаги масала юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+