Дунё нигоҳи Ўзбекистонда

16.09.2022 10:09:25

Бугун Ўзбекистон, Шарқ гавҳари ҳисобланмиш Самарқанд дунё ҳамжамияти диққат марказида. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги 22-саммитида Евроосиёдек улкан минтақанинг муҳим давлатлари раҳбарлари сўнгги уч йилда, оғир ва синовли пандемия давридан сўнг биринчи марта бир жойда тўпланди.

Кўҳна ва навқирон Самарқанд диёри ғоят катта сиёсий аҳамиятга молик воқеа сифатида эътироф этилаётган саммит доирасида 15 та давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 10 та халқаро ташкилот етакчиларини бир нуқтага жам этди. Мазкур юксак даражадаги, олий тоифали тадбирнинг диққатга сазовор жиҳатларидан яна бири шундаки, унда Хитой, Россия, Ҳиндистон, Эрон, Туркия каби жаҳон ва минтақа етакчи давлатларининг олий вакиллари иштирок этишмоқда.

Қолаверса Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпиннинг ШҲТ саммитида иштирок этиш билан бир пайтда Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келгани Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва салмоғи ортиб бораётганидан далолат беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» номли мақоласида таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг мазкур бирлашмадаги раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос «тарихий эврилиш» палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда.

Дунё аҳли уруш, террор, пандемия каби жиддий хавф-хатарлар, қолаверса, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида асоратлари аянчли бўлиши кутилаётган таҳликали одимлар қаршисида турар экан, Самарқанд саммити мазкур муаммоли масалаларга ечим бўла олувчи муҳим қарорлар қабул қилиниши кутилаётган оламшумул воқеа сифатида янада катта аҳамият касб этмоқда. Зеро, унда ташкилот ривожланишининг истиқболдаги омилларини белгилаб берадиган асосий қарорлар ва келишувлар қабул қилинади. ШҲТ геосиёсий мақсадлардан йироқ, ҳамкорлик ғояларини қўллаб-қувватловчи, шу билан бир қаторда ҳеч бир давлатга қарши саъй-ҳаракатларни амалга оширмайдиган ниҳоятда нуфузли ташкилотдир.

Бир неча йиллар мобайнида бу каби бир қанча йирик тадбирларга мезбонлик қилаётган Самарқанд шаҳрининг кўриниши, сайқали ҳам сезиларли равишда ўзгарди. Бир сўз билан айтганда ўзгача, янгича сайқал топди. Азал-азалдан давлатларни давлатлар билан, элларни-эллар билан боғловчи кўҳна ва азим шаҳар яна бир бор ШҲТ 22 саммити муносабати билан мезбонлик мақомида юксак эҳтиром ва эътибор қозонаётгани қалбимизни юксак фахр ва ғурурга тўлдирмоқда.

Мазкур саммит доирасида ташкилотнинг 21 йиллик тарихида илк бора унинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда. Бирлашма ислоҳ қилинади, унинг ишида янги саҳифа очилади. Ташкилот тараққиётининг кейинги босқичи бошланиши билан бир қаторда унга янги аъзолар қабул қилиниши кўзда тутилган.

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши юртимизда бўлиб ўтаётган ШҲТ нинг 22- саммити билан, энг аввало барча ватандошларимизни чин қалбдан муборакбод этган холда, мазкур нуфузли тадбир бутун дунё аҳлига янгича қувонч, фаровонлик ва бирдамлик улашган, жаҳон санасида улкан эврилишлар ясаган воқелик сифатида Ўзбекистон, шарқ гавҳари ҳисобланмиш кўҳна ва навқирон Самарқанд номи билан ҳамоҳанг ҳолда тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланишига ишонч билдиради!

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+