Дунё нигоҳидаги Cамарқанд саммити

20.09.2022 17:09:30

Жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари бутунжаҳон ҳамжамиятининг эътибори Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлат раҳбарлари кенгашининг 22 – мажлисига қаратилди. Ўн тўртта давлат раҳбари иштирок этган саммитда ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари, минтақавий ва халқаро хавфсизлик муаммолари кўриб чиқилди.

ШҲТ Самарқанд саммити ташкилот келажаги ва унга аъзо ҳамда кузатувчи давлатларнинг тақдирига дахлдор қарорлар қабул қилинган тарихий воқеаларга бой бўлди. Экспертларнинг таъкидлашича Ўзбекистоннинг раислиги ташкилот фаолиятига ижобий таъсир кўрсатди.

ШҲТ йигирма йилдан ортиқ вақт давомида глобал, сиёсий ва иқтисодий нуқтаи назардан замонавий дунёнинг ажралмас қисмига айланган, ноёб халқаро тузилма ҳисобланади. Ташкилот мақоми ва фаолият қамрови кўп нарсадан далолат беради. ШҲТга аъзо мамлакатлар ҳудуди 34 млн км2 дан зиёд бўлиб, Евроосиё ҳудудининг 60% ташкил қилади. Аҳолиси сони 3,4 млрддан ошади. Бу инсониятнинг деярли ярми дегани. Ташкилотга аъзо давлатларнинг ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми жаҳон иқтисодиётининг 22% дан ортиғини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, ШҲТнинг муваффақият гарови минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонлама ҳамкорликни илгари суришдадир. ШҲТ асосий тамойиллари содиқлик, ўзаро ишонч ва манфаат, тенглик, биргаликда ривожланишга интилиш, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурмат ҳисобланади. Бу тамойилларнинг амалга ошиши жаҳон ҳамжамиятининг ташкилот фаолияти тажрибасига қизиқишини табора ошишига сабаб бўлмоқда. Янги таҳдид, муаммо ва имкониятларга эга бўлган бугунги дунёда ШҲТ нафақат миқдорий тўлдириш, янги, стратегик йўналишларга эътибор қаратиш орқали ҳам ривожланиш ва ўсиш учун ажойиб истиқболларни намоён этмоқда. Бу борадаги энг асосий масалалар, транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экология хафсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация, “яшил иқтисодиёт” каби йўналишлар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ШҲТга раисли қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олгач, асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратди. Бу жараёндаги интилишларда “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади” деган эзгу шиор устувор этиб белгиланди.

Самарқанд саммити Евроосиёдаги йирик халқаро форумлардан бири ҳисобланади. ШҲТ давлатлар раҳбарлари коронавирус пандемиясидан сўнг илк маротаба юзма-юз бу даврада учрашдилар. Улар учун мазкур саммит пандемия даврида тўпланган икки томонлама, минтақавий ва глобал масалаларни очиқ конструктив муҳокама қилиш учун яхши имконият бўлди. Шунингдек, ташкилот тузилма мақомида кўп қиррали ўзаро алоқаларни янги сифат даражасига кўтаришга хизмат қиладиган муҳим қарорлар, янги ҳуқуқий ва концептуал хужжатларни қабул қилиш учун кучли платформа бўлиб хизмат қилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни ШҲТ га аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар етакчилари, фахрий меҳмонлар, Бирлашган миллатлар ташкилоти, ШҲТ раҳбарлари сўзга чиқиб  қўллаб-қувватлаб уларнинг долзарблигини алоҳида таъкидладилар. Олий даражадаги бундай музокараларда қабул қилинаётган қарорлар ташкилот маконидаги давлатлар тараққиёти, уларда истиқомат қилаётган 3.4 млрддан зиёд халқларнинг манфаатларини ифода этади. Самарқанд саммити якунида салмоқли хужжатлар тўплами имзоланди. ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларацияси тадбирнинг бош якуний хужжати бўлди. Жами қирқ тўртта хужжат, битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. Бу ташкилот тарихида рекорд кўрсат ҳисобланади.

Самарқанд саммити тарихий саммит бўлиб, унинг доирасида имзоланган хужжатлар албатта аъзо давлатлар иқтисодиётининг ривожланишига, халқлар орасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга, уларнинг фаровон ва тинч –тотув турмуш кечиришига хизмат қилади.    

 

 

Мухаммаджон ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+