Экологик аудиторлар фаолияти қўллаб-қувватланади

19.03.2021 13:03:10

Сўнгги йилларда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, хўжалик юритувчи субъектларининг фаолиятини, шу жумладан, Давлат экология қўмитаси органлари томонидан амалга ошириладиган текширишларни камайтириш бўйича давлат сиёсатини такомиллаштириш соҳада амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Бунда эса соҳага нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам кенг жалб этилмоқда.

Жумладан, давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрь парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳам экология соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш жараёнларига нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини кенг жалб қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Куни кеча қабул қилинган “Экологик аудит тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан экологик аудиторларни ихтиёрий асосда бирлаштирадиган нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини йўлга қўйиш тизими яратилди.

Қонун орқали экологик аудит субъектининг хўжалик ва бошқа фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш, соҳадаги норматив ҳужжатлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик аудит субъекти фаолиятининг атроф-муҳит ҳолатига таъсирини баҳолашнинг барча даражадаги тартиб қоидалари белгилаб берилмоқда.

Эндиликда, экологик аудит орқали атроф-муҳитнинг ифлосланиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг юзага келиш хавфи ўз вақтида камайтирилиб, экологик аудит хулосаси тузилади. Экологик аудит субъекти томонидан амалга ошириладиган табиатни муҳофаза қилишга оид тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, Экологик аудиторлик ташкилотлари ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида мустақил бўлиб, экологик аудиторлик хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартнома фақат экологик аудиторлик ташкилотининг фуқаролик жавобгарлиги суғурта полиси мавжуд бўлган тақдирдагина тузилади. Экологик аудит ўтказиш якунлари бўйича экологик аудит хулосаси махфий ҳужжат ҳисобланиб, экологик аудит буюртмачисининг розилигисиз ошкор қилинишига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга, қонуннинг 12-моддаси орқали экологик аудит ташкилотининг мажбуриятлари ҳам белгилаб берилмоқда. Жумладан, экологик аудиторлик ташкилоти била туриб сохта тузилган экологик аудит хулосасини тузиши окибатида етказилган зарар учун экологик аудит буюртмачиси олдида жавобгар булади. Сифатсиз ўтказилган ёки лозим даражада ўтказилмаган экологик аудит натижасида экологик аудит буюртмачисига етказилган зарарларнинг, шу жумладан бой берилган фойданинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда коплаб берилади.

Хулоса қилиб айтганда мазкур қонунда белгилаб берилган нормалар экологик аудиторлар фаолиятини тўлақонли тартибга солиб, экологик аудиторларнинг касбий даражасини ривожлантиришга ва қўллаб-қувватлашга, уларнинг касбий манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

 

Мавлуда АДХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+