Энг муҳим вазифа - конструктив ташқи сиёсатни изчил давом этириш

20.03.2021 09:03:00

Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини ошириш, мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш ва хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш борасида бир қатор самарали мулоқот ва сиёсат амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, ўтган вақт давомида давлат раҳбарининг олий даражадаги 59 та ташрифи амалга оширилди, 700 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада 1600 дан ортиқ битим ва келишувларга эришилди.

Қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида минтақада мутлақо янги, дўстона сиёсий муҳит шаклланди. Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи, Туркия, Жанубий Корея раҳбарлари билан ўтказилган учрашув ва музокаралар Ўзбекистоннинг ушбу давлатлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштиришга эриштирди.

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев саъй-ҳаракатлари билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасида сиёсий мулоқот мустаҳкамланди. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувлари йўлга қўйилди. Натижада минтақадаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик даражаси янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси сезиларли равишда йиллик ўртача 50 фоиздан кўпроққа ўсиб, 2020 йил натижаларига кўра эса, глобал пандемия шароитига қарамай Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасининг умумий ҳажми 5 млрд. долларни ташкил этди.

Туркманистон билан стратегик шериклик ўрнатилди, икки давлат ўртасида Амударёдан ўтувчи автомобиль ва темир йўл кўприклари фойдаланишга топширилди, қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш соҳасида ўзаро алоқалар мустаҳкамланди.

Қозоғистон чегара ўтказиш пунктлари (М-39) фаолияти қайта тикланиб, "Тошкент-Олмаота” йўналиши бўйича темир йўл қатнови йўлга қўйилди. Дастлабки йилнинг ўзида 2 млрд. АҚШ долларидан ортиқ ҳажмдаги савдо ва сармоявий битимлар имзоланди. Қозоғистон билан давлат чегараси чизиқларини делимитация қилиш ишлари якунланди.

Жумладан, Қирғизистон билан муносабатларда кўплаб баҳсли масалалар ҳал этилди. Давлат чегараси тўғрисида шартнома, Чегара ҳудудида ишонч чоралари тўғрисида битим ва Стратегик шериклик тўғрисида декларация имзоланди. Ўзбек-Қирғиз давлат чегарасидаги қатор ўтказиш пунктлари қайтадан очилди. Қирғизистон билан чегаранинг 95 фоиз участкаси делимитация қилинди.

Ўтган ҳафтада Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнининг Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи эса бу борадаги ишлар самарасини янги босқичга олиб чиқди. Ташриф доирасида бўлиб ўтган очиқ ва дўстона руҳда ўтган учрашувларда давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини юқори баҳолади. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилишди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг Қўшма баёнот қабул қилиниб, икки мамлакат вазирликлари ва ҳудудлари раҳбарлари ўртасида кўп қиррали Ўзбекистон-Қирғизистон шериклигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланди.

Қарийб 50 та қўшма лойиҳани амалга оширишни назарда тутувчи Саноат кооперациясини кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, Ўзбекистон-Қирғизистон Инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битим, электр энергиясини ўзаро етказиб бериш, Қирғизистонда гидроэнергетика объектларини қуриш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидан.

Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен, Норин вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича “йўл хариталари” эса неча йиллардан бери чегара ҳудудда истиқомат қилиб келаётган минглаб ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий орзулари рўёби бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Шунингдек, ўтган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев Германия Федерал канцлери Ангела Меркель билан жаҳонда мураккаб эпидемиологик вазият оқибатида инқирозли ҳодисалар кучайиши шароитида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига қаратилган видеоанжуман шаклида музокара ўтказди.

Видеоанжуманда давлат раҳбарлари томонидан икки йил аввал Берлин шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларнинг биргаликда амалга оширилаётгани икки томонлама муносабатларнинг барқарор суръатлар билан ривожланишини таъминлаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Шунингдек, мулоқотда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Германия ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,5 баробар кўпайди, 50 га яқин янги қўшма корхона ташкил этилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Германиянинг «MAN», «Claas», «Knauf», «Papenburg» каби машҳур компаниялари фаол фаолият кўрсатиб келмоқда. «Volkswagen» ва «Viessmann» компаниялари илк бор юртимиз бозорига кириб келган бўлса, узоқ танаффусдан сўнг «Siemens» ва «Bosch» компаниялари ҳам қайтиб келди. Ўтган йилда Германия компаниялари томонидан мамлакатимиз иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 700 миллион доллардан ошди.

Шу билан бирга, мулоқот жараёнида қўшма лойиҳалар, ишбилармонларнинг алоқалари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, етакчи немис компаниялари ва банк институтларининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришга оид бир қатор келишувларга келишиб олинди.

Хулоса қилиб айтганда, глобал пандемия ва жаҳон бўйлаб тарқалган коронавирус инфекцияси натижасида юзага келган инқирозли хавф-хатарлар даврида ҳам Ўзбекистон аҳоли саломатлиги ва ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда қўшни Марказий Осиё ва дунё давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини давом эттиришга алоҳида этибор қаратиб, изчил, очиқ ва прагматик ташқи сиёсий фаолиятини давом эттириб келмоқда.

Хусусан, 2020 йил мобайнида мамлакатда хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган натижалар аҳолининг барча қатламлари ва жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий баҳоланиб эътироф этилди.

 

Зухра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари

қўмитаси раисининг ўринбосари,

 “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+