Энг шарафли касб эгаларига эҳтиром

04.10.2021 09:10:58

Устоз ва мураббийларни улуғлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос бўлган азалий қадрият ҳисобланади. Сабаби ҳар қайси инсон ўқитувчи қўлида савод чиқаради, таълим олади. Зеро, олам гултожи инсон бўлса, улар орасида суюклиси устоз-муаллимдир.

Шу боис, ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялаш йўлида меҳнат қилаётган ўқитувчи ва мураббийларни ҳар қанча ардоқласак, ҳурмат қилсак оз. Улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомиз айтганидек: “Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.”

Ушбу мисралардан шуни англаш мумкинки, инсон камолоти йўлида ранж чекувчи устозлар олдида ҳар биримиз доимо қарздормиз. Илм олишимиз учун ўз ҳиссасини қўшган устозларга қанча ҳурмат ва эҳтиром кўрсатсак ҳам кам. Ўз билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳоратини маърифат йўлига бахшида этган инсонлар хизмати юксак эътирофга муносиб.

Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чексиз миннатдорлик туйғулари, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Ўта масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган, бу йўлда ўзини аямасдан меҳнат қилаётган фидойи ўқитувчилар ва мураббийларнинг заҳмати ҳар қанча мақтовга лойиқ.

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий хизматкори ҳам аслида устоз ва мураббийлардир. Уларнинг заҳматкаш меҳнатлари туфайли камол топаётган ёшлар аждодларига муносиб ворис бўлиб юртимизни янада ривожлантирмоқда.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашга ҳисса қўшаётган фидойи устозлар давлатимизнинг доимий эътиборида, халқимиз ардоғида. Ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинаётгани устоз-мураббийларга кўрсатилаётган юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.

Албатта, ўз билими ва истеъдодига суянган, ҳеч кимдан кам бўлмаган, бугун жамият ҳаётида дадил кириб бораётган навқирон авлодни тарбиялашдек маъсулиятни бўйнига олган устоз-мураббийлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Доимо сизга таъзимдамиз, азиз устозлар!

 

Маҳфурат ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+