Ер муносабатлари адолатли мезонлар асосида тартибга солинмоқда

10.06.2021 10:06:11

Маълумки, ҳозир Ўзбекистонда ердан самарали ва оқилона фойдаланишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда бу соҳани ислоҳ қилишга эътибор янада кучайди. Чунки мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти, халқимизнинг тўкис ва фаровон ҳаёти асл хазина бўлмиш ердан оқилона фойдаланишга бевосита боғлиқдир.

Ер хазина калити, дейишади. Унинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш мўл ҳосил ва барака дегани. Шунинг учун мамлакатимизда ердан оқилона фойдаланиш, ер ресурсларини муҳофаза қилиш, ҳар бир қарич ернинг ҳисоб-китобини юритиш, ерлардан фойдаланишда учраётган салбий ҳолатларни тезкорлик билан аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилган янги фармони  бу борада муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин.

Ҳаммамизга маълумки, ер ажратиш масаласида жуда чигал ва коррупциялашган жараёнга айланиб кетган эди. Эндиликда тадбиркорлик учун ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиётидан бутунлай воз кечилмоқда. Ерлар ҳамма учун бир хил ва ошкора, электрон аукцион орқали хусусий мулк қилиб сотилади ва ижарага берилади. Туман ва шаҳар ҳокимларининг ер ажратиш ва уларни қайтариб олиш билан боғлиқ барча ваколатлари бекор қилинмоқда.

Очиғини айтганда, жойларда назорат-таҳлили тадбирлари давомида ер майдонларни ажратиш ва ундан фойдаланишдаги тизимли камчиликлар, бу борада коррупция ҳолатлари, тизимдаги айрим раҳбарлар бу иллатдан қутула олмаётганига кўп гувоҳ бўламиз. Айрим фермерлар ижарага берилган ер майдонларини ноқонуний сотаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

Шу пайтга қадар ер майдонлари ажратишнинг очиқ ва шаффоф тизими ҳанузгача йўлга қўйилмаганлиги, бунинг натижасида қанчадан-қанча ерлар ўзбошимчалик ўзлаштириб олингани, ҳаттоки, экин майдонларини эгасиз қолиб, йўқотишларга олиб келингани таҳлиллардан яхши маълум. Ваҳоланки, ерга, озиқ-овқат маҳсулотларига талаб кескин ортиб бораётган ҳозирги даврда ҳар қарич майдондан оқилона фойдаланиш, ерни тилини тушунадиган ҳақиқий эгасига топшириш кечиктириб бўлмайдиган масаладир. Шу жиҳатидан айтадиган бўлсак, Президентимизнинг фармони бу борада айни муддао бўлди.

Фармонга кўра, эндиликда ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара хусуси асосида, давлат ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади. Шу кунгача амалда бўлган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиблари бекор қилинмоқда.

Шу билан бирга, 2021 йил 1 августдан  туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш борасидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари тугатилмоқда. Давлат ҳокимияти органларига ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш ҳам тақиқланади.

Эндиликда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига доир барча қарорларини қабул қилиш улар томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон – “E-qaror” тизими орқали, ушбу қарорларда ер участкасига доир географик маълумотлар ва хариталарни шакллантириш эса “Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими” орқали автоматик равишда амалга оширилади.

Демак, ер ажратишда ўрнатилаётган бундай тизим орқали коррупциянинг олди олинади, ер унга меҳрини бера оладиган эгасига берилади. Натижада ҳудудларимизда иқтисодий ҳаёт қайнаган масканлар кўпаяди, ердан самарали ва оқилона фойдаланиш имкониятлари янада ошади, деҳқончиликка иштиёманд, далада суяги қотган одамларимизнинг даромади ўсади. Ҳаммаси, бир тизимда жамланиб, иш ўринлари яратиш, фаровонликни мустаҳкамлаш мақсадларига яна бир қанот бўлади.

Юртимизга серқуёш ўлка, деган таъриф бекорга берилмаган. Она диёримиз тупроғининг ҳар қаричи олтинга тенг. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга ега, токи, ерга қор тушгунча ҳосил олиш имкони бор. Демак, ана шу беназир имкониятдан самарали фойдаланиш, табиат неъматини борида қадрлаш керак.

 

 

Дилрабо Халбаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+