Ер муносабатларини тартибга солувчи шаффоф ва адолатли тизим йўлга қўйилади

09.06.2021 15:06:40

Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида 20 млн. гектардан ортиқ, шу жумладан 3,2 млн. гектар суғориладиган экин ер майдонларидан фойдаланиб, аҳолининг эҳтиёжи учун озиқ-овқат маҳсулотлари, иқтисодиёт тармоқлари учун зарур хом ашё етиштирилмоқда. Суғориладиган майдонларнинг унумдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолати ва сув таъминотини яхшилаш, ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида давлат дастурлари доирасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Аммо юқоридаги каби ислоҳотларнинг амалга оширилиши билан бир вақтда сайловчилар, тадбиркор ва деҳқонлар томонидан билдирилаётган эътирозларнинг аксарияти ер бериш тартиб, ердан фойдаланиш ҳуқуқларининг бузилганлик ҳолатлари билан боғлиқ мурожаатлар бўлиб қолмоқда. Айниқса, ер муносабатларида тенглик ва шаффофликнинг тўлақонли йўлга қўйилмаганлиги натижасида сўнгги вақтларда коррупцион ҳолатларнинг ҳам кўпчилиги айнан ер билан боғлиқ муносабатларда учрамоқда.

Бу эса ер соҳасидаги қонунчилик бўйича мавжуд аҳвол ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида янги, бугунги замон талабларига жавоб берадиган шаффофликни таъминловчи ҳуқуқий тизимни йўлга қўйишни талаб этмоқда. Куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида юқорида қайт этиб ўтилган ҳуқуқий муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Фармон билан ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши,

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгилаб берилмоқда.

Шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади. Ушбу ерлар давлат-хусусий ёки ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкин.

Янги тартиб бўйича кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Бу эса, шу кеча кундузда кўп квартирали уй-жойлар атрофида ўзбошимчалик билан қуриб олинган иншоотларнинг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг келажакда олди олинишига хизмат қилади.

Фармон билан шаҳар-туман ҳокимликлари томонидан тўғридан-тўғри ер ажратиш, фойдаланишга бериш, ер тоифаларини ўзгартириш каби қатор ваколатлар бекор қилинмоқда. Шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш, заҳирага олиш, бошқа шахсга ажратиш каби ҳолатлар ер бериш тартибини бузиш ҳисобланиши ва жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилди. Ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва жойларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилмоқда.

Ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўллашда вужудга келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, шу жумладан, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, ердан оқилона фойдаланиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда уларни жорий этиш ҳамда ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши аҳволини мунтазам ўрганиб бориш, соҳада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини шакллантириш Республика ва ҳудудий кенгашларнинг асосий вазифалари этиб белгилаб берилмоқда.

Эндиликда, кенгашлар фаолияти тўлақонли йўлга қўйилиши натижасида, фуқароларнинг йиллар давомида хорижда ишлаб топиб келган пулларига ноқонуний ерларда уй-жой қуриши, маълум бир тоифа фуқаролари бошқарувидаги ерларнинг ўзбошимчалик билан талон-тарож қилиниш ҳолатлари тўлиқ бартараф этилади.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳаётимизга жадал кириб келган онлайн электрон савдо, аукционлардан фойдаланиш тизимининг йўлга қўйилиши ҳамда замонавий қонунчилик нормаларининг “Ер кодекси”га киритилиши ер муносабатларини ҳар қандай кўринишини тартибга солишда шаффофликни ва адолатни таъминлашга хизмат қилади.

 

 

Музаффара АБДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+