Ер юзининг нурли нуқтаси

27.08.2022 19:08:26

Тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақаладиган Самарқанд ўрта асрларда илм-фан, маданият ва маънавият ривожланиб, буюк алломалар етишиб чиққан ҳамда жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган азим ва қўҳна шаҳарлиги билан дунёга машҳур. Турли даврларда шаҳарга ташриф буюрган меҳмонлар томонидан Самарқандга “Ер юзининг сайқали”, “Шарқ Рими”, “Шарқнинг жаннати”, “Мусулмон оламининг кимматбаҳо гавҳари”, “Ер юзининг порлоқ нуқтаси” сингари таъсирли, жозибали ва лўнда ифодаланган сўзлар билан номлашган. Бугунги кунда ҳам жаҳон цивилизациясининг қадимий ўчоқларидан бири бўлган, ер юзининг сайқали номини олган Самарқанд мустақил Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий ва илмий-маданий марказларидан бири ҳисобланади.

Ҳусусан, 23 август куни Самарқанднинг янги қиёфасини ўзида акс эттирган “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Қадимий Самарқанд ўлкасида барпо этилган замонавий, улуғвор меъморий мажмуа барча юртдошларимиз ҳамда юртимиз меҳмонлари учун яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллигига муносиб байрам совғаси бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган бу тарихий марказнинг барпо этилишида кўплаб билим ва тажрибага эга мутахассислар ҳамда чет эллик қурувчилар ҳам муносиб иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқаро туризм марказининг тантанали очилишида иштирок этиб, тарихий анъаналарни давом эттирган ҳолда Самарқанднинг қадимий шуҳратини тиклаш, янада кўркам ва обод қилиш, халқаро туризм марказига айлантириш мақсадида “Буюк ипак йўли” маркази барпо этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ҳақиқатда, бугун Самарқанд шаҳри ўзининг чиройи ва тарихий бой мероси билан дунё халқларининг эътиборини ўзига тортиб келмоқда. “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази таркибида “Боқий шаҳар” мажмуаси, Конгресс ҳолл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр, ўрин олган.

“Боқий шаҳар” меъморий ансамбли қадимий услубда барпо этилган бўлиб, мамлакатнинг барча ҳудудларига хос 40 та ҳунармандчилик устахоналари жойлашган. Унда ёғоч уймакорлиги, заргарлик, гилам тўқиш, ипак қоғоз ишлаб чиқариш жараёнлари келган меҳмонларнинг кўз ўнгида маҳорат дарсларини ташкил этиш йўлга қўйилган.

Жумладан, Риштон кулолчилиги, Бухоро зардўзлиги, Қорақалпоқ ўтови, Марғилон атласи каби ҳунармандчилик маҳсулотлари ва амалий санъат дурдоналарининг яратилишига сайёҳларнинг бевосита иштирок этиш имконияти мавжуд. Бу каби тарихий анъаналарни ўзида акс эттирган мажмуа барча ёшдаги саёҳларга бирдек манзур бўлади. Айниқса, усталар томонидан қўл меҳнати асосида яратилаётган буюмлар бу ерга келган ёш авлод вакиллари учун миллий ҳунармандчиликка бўлган қизиқишини ўйғотиши шубҳасиз.

“Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази тарихий анъаналар асосида барпо этилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Бу мажмуа тарихий давр билан бугунги Учинчи Ренессанс даври ўртасида муносиб кўприк бўлди.

Вилоятда туризм салоҳиятини ошириш ва ривожлантириш мақсадида 50 га яқин маданий мерос мажмуаларини реставрация қилиш, 600 дан зиёд замонавий меҳмонхона ва меҳмон уйларини барпо этиш ҳамда жамоат транспорти тизими тубдан ислоҳ этиб, электробуслар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Яқин кунларда Самарқанд шаҳрида бир нечта халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан: Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтади. Келгусида Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув Кенгашининг йиллик йиғилиши ва Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Халқаро тадбирларни ўтказишда ва ташкил этишда “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази катта аҳамият касб этади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки “Ал-жоме ас-Саҳиҳ” асари орқали ҳадисшуносликнинг пойдеворини яратган Имом ал-Бухорий мақбараси қайта қурилиб, ҳам зиёрат, ҳам ибодат учун барча шароитлар яратилмоқда. Давлатимиз раҳбари мажмуа ёнида Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этиш таклифини билдирди. Унда Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр муҳити ҳамда бой тарихи ахборот технологиялари орқали кўрсатиб берилади.

Бугун Самарқандга хориждан ва республикамиздан келувчи сайёҳларнинг дам олишлари учун барча имкониятлар етарли. Ташриф буюрган ҳар бир инсон қайси бир гўшасига назар солмасин, улкан яратувчилик ва бунёдкорлик ишларига кўзи тушади. Бугун нафақат халқимиз, балки дунё жамоатчилиги келиб маънавий озиқланса арзийдиган туристик муҳит яратилди.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

«Адолат» СДП фракцияси раҳбари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+